Ишаё 36:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Ҳизқиё шоҳлигининг ўн тўртинчи йилида [1]Оссурия шоҳи Санхарив [2]Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди.

2Лахиш шаҳридан [3] Оссурия шоҳи ўз мулозимини катта лашкар билан Қуддусдаги шоҳ Ҳизқиёга юборди. У Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўлда эди.

3Шунда Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, мулозимнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар.

4Мулозим уларга шундай деди:
“Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: ‘Нимангга ишоняпсан ўзи?

5Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку! Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан?

6Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку! Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади.

7Балки сизлар: «Биз Эгамиз Худога ишонамиз», деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу [4]қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқи ва Қуддусликларга: «Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар», деб айтган–ку! [5]

8Келинглар! Энди жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Мана, сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи!

9Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига [6] умид боғлаб ўтирибсиз.

10Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: ‘Ўша юртга бориб, у ерни вайрон қилинглар’, деб амр берган–ку!”

11Элияқим, Шавна ва Йўх мулозимга: — Бу қулларингга орамийча [7] гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар.

12Мулозим эса шундай жавоб берди:

12— Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин, деб мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган.

13Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ шоҳ — Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг!

14Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: ‘Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни қутқара олмайди.

15«Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига берилмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин.’

16Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана Оссурия шоҳи айтмоқда: ‘Мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга келинглар. Шунда ҳар ким ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан еяверади, ўз сардобасидан сув ичаверади.

17Келганимдан кейин эса мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга бой юртдир.

18Яна Ҳизқиё: «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамасин. Қани, қайси халқнинг худоси ўз юртини Мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?!

19Хомат билан Арпад шаҳрининг худолари қани?! Сефарвайимнинг [8] худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни [9] менинг қўлимдан қутқара олмадилар–ку!

20Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!’”

21Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди.

22Бош вазир бўлган Хилқиё ўғли Элияқим, котиб Шавна ва мушовир бўлган Осиф ўғли Йўх эса қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар. Улар мулозиминг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>