Ишаё 39:1-8 UZV2013 - Bible AI

1Ўша пайтларда Баладон ўғли, Бобил шоҳи Мардухбаладон [1] шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталаниб, кейин соғайганини эшитганди.

2Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, бутун қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.

3Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб: — Бу одамлар қаердан келибди? Сенга нималар деди? — деб сўради. — Узоқ бир юртдан, Бобилдан менинг ҳузуримга келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.

4— Улар саройингда нималарни кўрди? — деди Ишаё. — Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар. Хазиналардан мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади, — дея жавоб берди Ҳизқиё.

5Шунда Ишаё айтди: — Энди Сарвари Оламнинг сўзига қулоқ сол.

6Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.

7Сенинг пушти–камарингдан бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади. Улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”

8Ҳизқиё Ишаёга: Эгамиз сен орқали айтган сўзлар яхши экан, — деди–да, ичида: “Умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман”, деб ўйлади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>