Ишаё 41:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Эгам айтар: “Менинг олдимда сукут сақланг, Эй денгиз ортидаги юртлар! Халқларнинг кучи қайта тиклансин. Улар яқинроқ келиб, гапирсинлар. Ҳукм қилишга бирга йиғилайлик.

2Ким шарқдан ғолиб шоҳни [1] чақирди? Ким уни ўз хизматига чақирди? Ким унга элатларни бўйсундиради? Ким шоҳларни оёғи остида эзади? Қиличи билан уларни чопиб ташлайди, Ёйи билан уларни сомондай учиради.

3Уларни таъқиб қилади, Оёқ босмаган йўлдан юради, Ўша жойлардан эсон–омон ўтади.

4Буларни қиладиган ким, бажарадиган ким?! Бошидан авлодларни дунёга келтирган ким?! Мен эмасми?! Азалдан Мен сизнинг Эгангизман, Охиргача ҳам Эгангиз бўламан.

5Денгиз ортидаги юртлар Буни кўриб, қўрқади. Ер юзининг тўрт бурчидан титраб, Улар яқинлашиб келади.

6‘Қўрқмагин’, дея ҳамма Бир–бирига далда беради.

7Мана, ҳунарманд одам Тилла устасига далда беради. ‘Ҳа, яхши чиқди’, деб мисгар Темирчига далда беради. Йиқилиб тушмасин, деб бутни михлаб қўяди.

8Аммо сен–чи, эй қулим Исроил, Эй Ўзим танлаган Ёқуб насли, Дўстим Иброҳимнинг авлоди!

9Сени ернинг тўрт бурчидан олиб келдим, Ернинг олис бурчакларидан чақирдим. Айтдимки: ‘Сен Менинг қулимсан, Сени танладим, рад этмадим.’

10Қўрқма, Мен сен билан биргаман, Ваҳимага тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, Ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман.

11Ҳа, сенга қарши бўлганларнинг ҳаммаси Шармандаю шармисор бўлиб қолади, Душманларинг йўқ бўлади, нобуд бўлади.

12Уруш қиладиганларни излаб ҳам топа олмайсан, Сен билан жанг қилганлар тамомила тугаб битади.

13Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман, Сенга: ‘Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман’, деган Менман.”

14Эгамиз шундай айтмоқда: “Қўрқма, эй Исроил халқи, Ёқуб насли! Сен кичкина бир чувалчангдайсан. Аммо Ўзим сенга ёрдам бераман. Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси, Сенинг Қутқарувчингман.

15Сендан буғдой янчадиган хўптир [2] ясайман, Янги, ўткир, тишли хўптир қиламан, Сен тоғларни янчасан, эзасан, Тепаликларни [3] сомон қиласан.

16Сен уларни совуриб ташлайсан, Уларни шамол учириб кетади. Бўрон уларни тўзғитади, Сен эса Мен, Эганг, туфайли севинч топасан, Исроил халқининг муқаддас Худоси ила мақтанасан.

17Қашшоқлару муҳтожлар сув излар, Аммо сув йўқ. Оғизлари чанқоқдан қуриб кетган. Мен, Эгангиз, уларга жавоб бераман, Мен, Исроил халқининг Худоси, уларни тарк этмайман.

18Яланғоч тепаликлар устидан дарёлар ўтказаман, Водийлар ўртасида булоқлар очаман. Саҳроларни сув тўла ҳовузларга айлантираман, Қақраган ерда булоқлар очаман.

19Чўлда садр, акас, зайтун дарахтларини, Ҳамда мирта буталарини ўстираман, Саҳрода сарв, арча, қарағай дарахтларини ўстираман.

20Мана, ҳамма кўриб билсин, Буларни Мен, Эгасининг қўли қилганини тушунсин. Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси, Буларни яратганимни улар англаб етсин.”

21Ёқуб наслининг Шоҳи — Эгамиз, шундай дейди: “Даъволарингизни айтинг, Исботингизни келтиринг.

22Қани, бутларингизни олиб келинг, Келажакда нима бўлишини Бутларингиз айтиб берсин. Ўтмишда бўлганларни тушунтирсин–чи! Ўшалар ҳақида ўйлаб кўрайлик. Охири нима бўлишини билайлик. Ҳа, бўладиганларни бизга айтсин.

23Эй бутлар! Келажакни бизга билдиринг, Шунда худо эканлигингизни биламиз. Бирон яхшилик ёки ёмонлик қилиб кўринг–чи, Кўриб, биргаликда ваҳимага тушайлик.

24Ахир, сизлар ҳеч нима эмассиз, Ишларингиз эса ундан ҳам баттар. Сизни танлаганнинг ўзи жирканчдир.

25Мен шимолдан бир етакчи [4] чақирдим. Ана, у келади. Шарқдан келиб, Менинг номимга шуҳрат келтиради. Ҳукмдорларни у тупроқдай оёқ ости қилади, Кулолнинг лойидай қилиб тепкилайди.

26Ким буни олдиндан айтибдики, биз билибмиз?! Ким буни илгари билдирибдики, ‘У ҳақ эди’, деб айтсак?! Сизлар гапирганингизни ҳеч ким эшитмади, Ҳеч ким айтмади, хабар бермади.

27Қуддусга башорат қилинганлар, Қаранг, мана ўшалар! Ҳа, Сионга яна хушхабар элчисини Мен юбордим.

28Қарадим, лекин биронтаси йўқ, Орасида бирорта маслаҳатчи йўқ, Сўраганда жавоб берадигани йўқ.

29Қаранг, бутларининг ҳаммаси сохта, Қилган ишлари ҳеч нима эмас, Ҳамма бутлари шамолдай беҳуда.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>