Ишаё 42:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Эгам айтар: “Мана Менинг қулим, Ўзим уни қўллаб–қувватлайман. Мен Ўзим уни танлаганман. Ундан жуда мамнунман. Мен унга Ўз Руҳимни бердим, У элатларга адолат келтиради.

2У бақир–чақир қилмайди, қаттиқ гапирмайди, Кўчаларда овозини баланд кўтармайди.

3Эзилган қамишни синдирмайди, Тутаётган пиликни ўчирмайди, Содиқ бўлиб, адолат келтиради.

4Ер юзида адолат ўрнатмагунча У ҳолдан тоймайди, Унинг жасорати сўнмайди. Денгиз ортидаги юртлар Унинг йўл–йўриқларини кутади.”

5Осмонни яратиб, уни ёйган [1], Ерни яратиб, уни тўлдирган, Ер юзидаги инсонларга жон берган, Ер юзида яшайдиганларга ҳаёт берган Худо, бизнинг Эгамиз шундай айтмоқда:

6“Мен, Эганг, нажот олиб келиш учун сени чақирдим. Мен сенинг қўлингни кучайтираман, Ўзим сени ҳимоя қиламан. Халқим билан тузган аҳдимни Сен орқали амалга ошираман, Жамики элатларга сен орқали нур сочаман.

7Сен кўрларнинг кўзларини очасан, Маҳбусларни зиндондан озод қиласан, Зулматда ўтирганларни қутқарасан.

8Мен Эгангизман! Менинг номим шудир! Мен шуҳратимни бировга бермайман, Ўзимга муносиб бўлган ҳамду санони Бутлар билан баҳам кўрмайман.

9Мен сизларга келажакдаги воқеаларни Юз бермасдан олдин айтяпман. Олдин аён қилганларимга қаранг. Ана, ўшалар бажо бўлди–ку!”

10Эгамизга янги бир қўшиқ айтинг! Ер юзининг ҳар бир четидан Эгамизни тараннум этинг! Эй кемаларда сузиб келадиганлар, Денгиздаги барча жонзотлар, Эгамизга қўшиқ айтинг! Эй денгиз ортидаги юртлару Бу юртларни тўлдирганлар, Эгамизга қўшиқ айтинг!

11Саҳролар, у ердаги шаҳарлар хитоб қилсин, Кедар [2] қишлоқларининг аҳли шод бўлсин! Села [3] аҳли шодликдан куйласин, Тоғ чўққиларидан ҳайқирсин!

12Улар Эгамизни улуғласин, Денгиз ортидаги юртларда ҳам Унга ҳамду санолар айтсин!

13Эгамиз баҳодир йигитдай олға босади, У ғайратли жангчидай келади, хитоб қилади. Ҳайқириб, душманларидан устунлигини кўрсатади.

14Эгам айтар: “Узоқ вақт сукут сақладим, Жим турдим, Ўзимни тутдим. Энди эса туғаётган аёлдай Оғир нафас оламан, фарёд қиламан.

15Тоғу тепаликларни вайрон қиламан, Жамики ўт–ўланни қуритаман, Ирмоқларни қуруқ ерга [4] айлантираман, Ҳатто ботқоқликларни қуритаман.

16Кўзи ожизларни билмаган йўлларидан юрдираман, Уларни нотаниш сўқмоқлардан олиб бораман. Кўзларидаги зулматни ёруғликка айлантираман, Ўнқир–чўнқир йўлларни текислайман. Мана шу айтганларимни қиламан, Уларни тарк этмайман.

17Бутларга ишонганлар уятга қолади. Ҳа, бутларни ‘худоларимиз’ дейдиганлар Шармандаю шармисор бўлади.

18Эшитинг, эй карлар, Қаранг, кўриб қўйинг, эй кўрлар!

19Менинг қулимдай кўр бўлган борми?! Мен юборган хабарчидай кар бўлган борми?! Мен танлаганларимдай кўр бўлган борми?! Мен, Эгангизнинг қулидай кўр бўлган борми?!

20Эй халқим! Кўп нарсаларни кўрасиз–у, эътибор бермайсиз, Қулоқларингиз очиғу эшитмайсиз.”

21Ўз адолати ҳақи, Эгамиз Ўз қонунларини Улуғ ва шарафли қилмоқни истади [5].

22Аммо бу халқ талон–тарож қилинган [6], Ҳаммаси зиндонда тутқун, қамоққа ташланган. Улар қўлга тушди, қутқарадиган йўқ. Улар ўлжа бўлди, “Қайтариб бер”, дейдиган йўқ.

23Қайси бирингиз буларни эшитасиз, Эътибор бериб, ўтмишга қулоқ соласиз?!

24Ёқуб наслини ўлжа қилиб қўйган ким? Исроил халқини талончиларга берган–чи? Эгамиз эмасми?! Ахир, биз Унга қарши гуноҳ қилдик–ку! Унинг йўлидан юришни истамадик, Унинг йўл–йўриқларига қулоқ солмадик.

25Шу боис Эгамиз қақшатқич ғазабини, Шафқатсиз урушни бошингизга келтирди. Аланга сизни ўраб олса ҳам тушунмадингиз, Сизларни куйдирса ҳам, англаб етмадингиз.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>