4Қулим Ёқуб ҳақи, Ўзим танлаган Исроил ҳақи, Сенинг исмингни айтиб чақирдим. Сенга ном ато қилдим, Аммо сен Мени билмайсан.
5Мен Эгангман, бошқаси йўқ, Мендан бошқа худолар йўқ! Сенга мадад бераман, Аммо Мени билмайсан.
6Мендан бошқа бири йўқлигини Шарқу ғарбда ҳамма билсин, дедим. Мен Эгангман, бошқаси йўқ!
7Мен ёруғлик яратаман, зулмат бино қиламан, Фаровонлик юбораман, кулфат ёғдираман. Мен Эгангман! Буларнинг ҳаммасини Мен қиламан!
8Эй самолар, юқоридан солиҳлик ёғдиринг, Ҳа, солиҳлик булутлардан қуйилсин. Ер очилиб, нажот келиб чиқсин, Солиҳлик билан бирга яшнасин. Мен Эгангизман! Мен уни яратганман.”
10Эй отасига: “Нимага туғдиряпсиз?” деган болалар! Онасига: “Нимага туғяпсиз?” деган фарзандлар! Сизларнинг ҳолингизга вой!
11Исроил халқининг муқаддас Худоси, Унинг Яратувчиси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Хўш, энди Ўз фарзандларимнинг Тақдири ҳақида Мени сўроққа тутасизми?! Ўз қўлларим ижоди тўғрисида Менга кўрсатмалар берасизми?!
12Заминни барпо қилган, Ер юзида инсонни яратган Менман. Мен Ўз қўлим билан осмонни ёйдим, Барча самовий жисмларга Мен буйруқ бердим.
13Мен Ўзим Курушни қўзғатиб, Унга ғалаба бераман. Унинг барча йўлларини текислайман. У Менинг шаҳримни қуради. Пораю мукофот олмасдан Менинг асирларимни қўйиб юборади.” Сарвари Олам шундай деди.
14Эгамиз айтмоқда: “Мисрнинг бойликлари, Ҳабашистоннинг [3] тижорат фойдалари сеники бўлади! Саво юртининг [4] баланд бўйли одамлари сенга келади. Улар сенга эргашади. Занжирбанд бўлиб, сенга таъзим қилади. Ёлвориб: ‘Ҳа, Худо сизнинг орангизда! Бошқа ҳеч бир худо йўқ!’ дейди.”
15Эй Исроил халқининг Худоси — Қутқарувчи! Ҳақиқатан ҳам, Сен Ўзини яширадиган Худосан.
16Бут ясайдиганлар биргаликда уятга қолди. Ҳаммаси шармандаю шармисор бўлди.
17Исроилни эса Эгамиз қутқарди, То абад нажот берди! Сизлар шарманда бўлмайсиз, То абад уятга қолмайсиз!
18Эгамиз Самоларни яратган У Худодир! У ерни барпо қилган, мустаҳкамлаган. Ерни бўш қилиб эмас, Яшашга лойиқ қилиб яратган. У шундай деб айтмоқда: “Мен Эгангизман, бошқаси йўқ.
19Мен сизларга яширин жойда, Зулматли юртда гапирмадим. Мен Ёқуб наслига: ‘Бўш жойлардан Мени қидиринг!’ деб айтмадим. Мен Эгангизман. Ҳақиқатни айтаман, Тўғрисини эълон қиламан.
20Эй халқларнинг омон қолганлари, Йиғилинглар, яқинлашиб, бирга келинглар! Ёғоч бутларини олиб юрадиганлар, Қутқармайдиган худога ибодат қиладиганлар Ҳеч нарсани англаб етмайдилар.
21Гапиринг, исбот келтиринг. Ўзаро маслаҳатлашинг. Бу тўғрида ким қадимдан хабар берди? Азалдан ким айтиб берган эди? Мен Эгангиз эмасми?! Мендан бошқа худолар йўқ! Мен одил Худоман, Қутқарувчиман! Мендан бошқаси йўқ.
22Менга юз буринг, нажот топасиз, Эй заминнинг барча четлари! Ҳа, Мен Худоман, бошқаси йўқ.
23Ўзим ҳақим онт ичдим [5], Оғзимдан тўғри сўз чиқди, беҳуда кетмас. Чунки Менинг олдимда ҳар бир тизза чўкка тушади, Ҳар бир тил Менга садоқат қасамини ичади.
24Мен ҳақимда: ‘Фақатгина Эгамизда адолат, қудрат бор’, деб айтадилар. Мендан ғазабланганларнинг ҳаммаси Менга келадилар, улар уялиб қоладилар.
25Аммо бутун Исроил насли Мен, Эгаси туфайли нажот топади. Улар мақтовга сазовор бўлади.”