Ишаё 46:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Эгам айтар: “Бэл тиз чўкди, Наво [1] букилди. Уларнинг бутлари молу ҳайвонга юк бўлди. Олдин кўтариб юрганларингиз Энди толиққанга юк бўлди.

2Улар эгилди, бирга тиз чўкди, Улар энди юкни қутқара олмайди, Ўзлари эса асир бўлиб кетади.

3Эй Ёқуб хонадони! Менга қулоқ солинг! Эй Исроил хонадонининг омон қолганлари! Эй халқим! Туғилганингдан бери сени онадай кўтариб юрдим, Ҳа, дунёга келмасингдан олдин Мен таянчинг бўлдим.

4Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман, Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман. Мен сени яратганман, Ўзим сени кўтараман. Ўзим сени кўтариб, қутқараман.

5Мени кимга ўхшатасан?! Кимга тенглаштирасан?! Мени кимга таққослайсан?! Нима, Мен ўшалар билан тенг бўлиб қолдимми?!

6Мана, одамлар ҳамёндан тилла чиқарадилар. Кумушни тарозиларда тортадилар. Уста ёллаб, худо ясатадилар. Улар ўша худосига таъзим қиладилар. Ҳа, унга сажда қиладилар.

7Ўша худосини опичлаб олиб борадилар, Уни жойига ўрнатиб, турғизиб қўядилар. У жойидан қимирламай тураверади. Кимдир унга ёлворганда, жавоб бермайди, Машаққатидан халос қила олмайди.

8Буни ёдда тутинг, маҳкам бўлинг! Эй исёнкорлар, буни эсга олиб туринг!

9Азалдан бўлганларни ёдда тутинг! Ахир, Мен Худоман, бошқаси йўқ! Мен Худоман, Менга ўхшагани йўқ!

10Охирида нима бўлишини бошидаёқ айтаман. Юз бермаганларни олдиндан билдираман. ‘Ниятларим бажо бўлади, Барча истакларимни ижро этаман’, деб айтмоқдаман.

11Шарқдан йиртқич қушни чақиряпман. Ҳа, хоҳишимни бажарадиганни Узоқ юртдан чақиряпман [2]. Мен Ўз айтганимни бажо қиламан! Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!

12Менга қулоқ солинг, эй ўжарлар! Ғалаба узоқ, деб ўйлаганлар!

13Мана, ғалаба келтираман. У узоқда эмас, нажотим кечикмайди. Мен Қуддусга [3] нажот ато қиламан, Исроилга Ўз улуғворлигимни бераман.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>