Ишаё 47:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Эгам айтар: “Пастга туш, тупроққа ўтир, Эй бокира қиз [1]Бобил! Ерга ўтир, энди тахтинг йўқ, Эй Бобилликлар! [2] Мана, энди сен тўғрингда: ‘Нақадар нозик, майиндир’, деб айтмаслар.

2Қани, тегирмон тошини ол, дон янчгин. Ёпинчиғингни еч, этагингни йиғиштир, Болдирингни оч, дарёлардан кечиб ўт [3].

3Яланғоч жойларинг очилади, Шармандалигинг кўриниб қолади. Мен қасос оламан, Ҳеч кимга шафқат қилмайман.”

4Қутқарувчимиз Исроил халқининг муқаддас Худосидир. Унинг номи Сарвари Оламдир.

5Эгам айтар: “Жим ўтир, қиз Бобил! [4] Зулматга жўна! Энди сени: ‘Юртларнинг маликаси’, деб айтмайдилар.

6Мен халқимдан ғазабландим, Ўз мулкимни ҳаром қилдим. Уларни сенинг қўлингга бердим. Сен эса уларга шафқат қилмадинг, Ҳатто кексаларнинг елкасига ҳам Ғоят оғир бўйинтуруқ солдинг.

7Шунда: ‘Мен то абад оламнинг маликаси бўламан’, деб айтдинг. Аммо буларнинг нима билан тугашини Ўйлаб кўрмадинг, ақлингга келтирмадинг.

8Энди бунга қулоқ сол! Эй ҳашаматни севувчи! Бехатар ўтириб, ўзингча айтасан: ‘Мендан бошқа малика йўқ, Тул қолмасман, фарзанд доғини кўрмасман.’

9Мана шу иккаласи ҳам Бир кунда бошингга тушади: Ҳа, кўп сеҳр–жодулар қилардинг, Афсунларингнинг кучи кўп эди. Шунда ҳам тамомила болаларингдан айриласан, Тул бўлиб қоласан.

10Ўз ёвузлигингга ишондинг, ‘Мени ҳеч ким кўрмайди’, дединг. Донолигинг, билиминг сени йўлдан адаштирди, Ўзингга: ‘Мана, мен! Мендан бошқаси йўқ’, дединг.

11Мана, бошингга кулфат тушади, Уни сеҳр–жоду билан даф қилолмайсан. Бошингга бахтсизлик ёғилади, Сен уни қайтара олмайсан. Ҳалокат сенга бирданига келади, Бу тушингга ҳам кирмаган.

12Қани, сеҳр–жодуингни ишга сол, Кўпроқ афсунгарлик қил, Ахир, ёшлигингдан бундай ишларга Сен одатлангансан. Балки бирон нарсага эришарсан, Балки биронтасини қўрқитарсан.

13Олган маслаҳатларинг кўплигидан Сен чарчаб қолдинг. Қани, энди ўша мунажжимларинг, таъбирчиларинг? Ҳар янги ой чиққанда тақдирингдан башорат қиладиганлар қани? Улар келсин–чи! Энди ўшалар сени қутқарсин.

14Ана, ҳаммалари сомонга ўхшаб қолди–ку! Олов уларни ямламай ютади! Жонларини оловдан қутқаролмайди. Исиниш учун кўмирлари бўлмайди. Олдида ўтирай, деса олови бўлмайди [5].

15Ёшлигингдан сен билан олди–берди қилган ҳар бир одам, Сен билан бирга ишлаганларнинг ҳаммаси шундай бўлиб қолади. Улар ўз йўлига қараб кетади! Сени қутқарадиган бирор кимса бўлмайди.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>