2Ҳа, сизлар ўзингизни муқаддас шаҳар [1] номи ила атадингиз, Исроил халқининг Худосига таяндингиз, Ахир, Унинг номи Сарвари Оламдир.
3Эгамиз сизларга шундай деди: “Бўлиб ўтганларни олдиндан Мен айтдим, Оғзимдан чиқиши билан буларни билдирдим, Бирданига ҳаракат қилдим ва улар содир бўлди.
4Ахир, қайсарлигингни Мен биламан–ку! Бўйнинг темирдай, пешананг бронзадай қаттиқдир!
5‘Буларни менинг санамим қилди, Қуйма, ўйма бутларим амр қилди’, деб Айтмагин, дея Мен олдиндан айтдим, Бажо бўлмасдан олдин, бўлиб ўтганларни билдирдим.
6Буларнинг ҳаммасини эшитдинг, Наҳотки энди эътироф этмасанг?! Ҳозирдан бошлаб янгиларини, Ўзинг билмаган яширин нарсаларни Сенга эшиттирдим.
7Булар ҳозир яратилди, қадимда эмас, Бу тўғрида сен илгари эшитмагансан. Йўқ! Сен: ‘Мен буларни биламан–ку!’ — деб айта олмайсан.
8Ҳа, эшитмагансан, билмайсан ҳам, Ҳатто азалдан ҳам қулоқларинг очилмаганди. Мен биламан–ку хиёнаткор эканлигингни, Туғилганингданоқ сен исёнкор деб аталгансан.
9Ўзимнинг исмим ҳақи ғазабимни босяпман, Шарафим ҳақи Ўзимни тутяпман, Бўлмаса, сени йўқ қилган бўлардим.
10Мана, Мен сени покладим, Аммо кумушдай қилиб эмас. Сени кулфат ўчоғида синадим.
11Ўз ҳақим, ҳа, Ўз ҳақим учун шундай қиламан! Ахир, нимага Мен бадном бўлишим керак?! Шуҳратимни бировга бериб қўймайман.
12Менга қулоқ тут, эй Ёқуб хонадони! Ўзим чақирган Исроил халқи, эшит! Мен Ўшаман! Боши ҳам, охири ҳам Мен Ўзимман.
13Ҳа, Менинг қўлим заминнинг пойдеворини [2] қўйган, Самоларни ёйган Менинг қўлимдир. Мен уларни чақирганимда Улар биргаликда туради.
14Ҳаммангиз тўпланиб, эшитинг! Бутларнинг қайсиси буларни билдирди?! Курушни [3] Мен, Эгангиз, яхши кўраман. У Бобилда Менинг ниятимни бажо келтиради. Менинг қўлим Бобилликларга [4] қарши бўлади.
15Мен айтдим! Ҳа, Мен Ўзим айтдим! Уни Мен чақирганман! Уни Мен олиб келдим, У ғалабага эришади.
16Менга яқинлашинг! Бунга қулоқ солинг! Азалдан ҳеч нарсани яширмай айтдим, Бошиданоқ Мен ўша ердаман.”