Ишаё 49:1-26 UZV2013 - Bible AI

1Қулоқ солинг, эй денгиз ортидаги юртлар! Эътибор беринг, эй узоқдаги халқлар! Туғилмасимдан олдин Эгам мени чақирди, Она қорнидалигимдаёқ У исмимни айтиб чақирди.

2У тилимни ўткир қиличдай қилди, Қўлининг соясида У мени яширди. У мени учли ўқдай қилди, Ўқдонига мени яширди.

3У менга шундай деди: “Сен Менинг қулимсан, Эй Исроил, Мен сен туфайли шуҳрат топаман.”

4Мен шундай дедим: “Мен бекорга меҳнат қилдим, Кучимни беҳуда, бефойда сарф этдим.” Аммо Эгам мени ҳукм қилади–ку, Мукофотлаш Худойимнинг қўлидадир.

5Энди Эгам гапирди. Ёқуб наслини Унга қайтарсин, деб Исроилни Унинг олдига тўпласин, деб Онам қорнидаёқ мени Ўз қули қилиб яратди. Эгамнинг кўз олдида мен шуҳрат топаман, Худойим менинг куч–қудратим бўлди.

6У шундай деди: “Ҳа, Ёқуб қабилаларини қайта тиклайсан, Исроилдан қолганларини қайтарасан. Мен сени фақат шунинг учунгина қулим қилмадим. Сени бошқа халқларга ҳам нур қиламан, Токи Менинг нажотим ернинг четигача етиб борсин.”

7Халқлар [1] қаттиқ нафратланиб, рад қилганга, Ҳукмронларнинг қули бўлганга Исроилнинг Қутқарувчиси, муқаддас ХудосиЭгамиз шундай айтмоқда: “Сени кўриб, шоҳлар ўрнидан туради, Ҳукмдорлар тиз чўкиб таъзим қилади. Исроил халқининг муқаддас Худоси — Содиқ Эгангиз ҳақи–ҳурмати шундай қилади. Ахир, У сени танлаган–ку!”

8Эгамиз шундай айтмоқда: “Мурувват пайти келганда, Мен сенга жавоб бердим, Нажот куни келганда, Мен сенга ёрдам бердим. Ўзим сени ҳимоя қиламан, Халқим билан тузган аҳдимни Сен орқали амалга ошираман. Токи юрт қайта тиклансин, Ташландиқ мулклар тақсимлансин.

9Маҳбусларга: ‘Чиқинглар!’ демоқдаман. Зулматдагиларга: ‘Кўрининглар!’ демоқдаман. Йўл бўйида улар ўтлоқлар топади, Тап–тақир қирлар уларнинг яйлови бўлади.

10Улар на очликни, на ташналикни билади, На гармсел, на жазирама қуёшдан азоб чекади. Меҳр–шафқат кўрсатиб, уларни етаклайман, Уларни булоқларга бошлаб бораман.

11Ҳамма тепаликларимни йўлга айлантираман, Катта, шоҳ йўлларим кўтарилади.

12Мана, улар узоқлардан келади. Қаранг, улар шимолдан, ғарбдан, Синим юртидан [2] ҳам келади.”

13Шодликдан куйланг, эй самолар, Хурсанд бўл, эй замин! Қўшиққа жўр бўлинг, эй тоғлар! Эгамиз халқига тасалли берди, Эзилган халқига раҳм қилди!

14Аммо Қуддус [3] шундай деди: “Эгам мени тарк этди, Раббим мени унутиб қўйди.”

15Эгам айтар: “Ахир, аёл киши эмизикли боласини унутадими?! Ўзи туққан боласига раҳм қилмайдими?! Агар хотинлар боласини унутсалар ҳам, Мен сени асло унутмайман!

16Қара, сенинг номингни кафтимга ёзиб қўйдим, Деворларинг доимо кўз олдимдадир.

17Ҳадемай, фарзандларинг қайтиб келади, Сени вайрон қилиб, йўқотмоқчи бўлганлар Сендан чиқиб кетади.

18Бошингни кўтариб, атрофга қара, Ҳамма фарзандларинг тўпланиб, олдингга келишди.” Эгамиз шундай демоқда: “Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки, Ҳаммаси зебу зийнатдай сени безатиб туради, Келинчакдай уларни тақинчоқ қилиб тақасан.

19Ҳа, еринг кимсасиз, ҳувиллаб қолганди, Юртинг вайронага айланганди. Энди эса одам кўплигидан тор бўлиб қолади, Бузғунчилар сендан узоқда юради.

20Асирликда туғилган фарзандларинг Ҳали сенга шундай дейди: ‘Бу жой бизга торлик қиляпти, Жой беринг, биз ҳам яшайлик.’

21Шунда ўзингга ўзинг дейсан: ‘Уларни менга ким туғиб берди? Фарзандсиз эдим, туғмас бўлиб қолгандим. Сургунда эдим, хор бўлгандим. Уларни ким менга катта қилиб берди? Ёлғиз ўзим қолгандим–ку, Энди улар қаердан келиб қолди?’”

22Эгамиз Раббий шундай айтмоқда: “Мана, Мен халқларга қўл кўтариб, ишора бераман, Элатларга байроғимни кўтараман. Болаларингни улар қўлларида кўтариб келади, Қизларингни улар опичлаб келади.

23Шоҳлар сенга хизмат қилиб, боқади, Маликалар сенга энагалик қилади. Бошлари ерга теккудай бўлиб, Улар сенга таъзим қилади, Оёқларинг чангини ялаб–юлқайди. Ўшанда Мен Эганг эканлигимни биласан. Менга умид боғлаган шарманда бўлмайди.”

24Бирор кимса кучли жангчидан Ўлжани олиб қўя оладими?! Наҳотки золимнинг [4] қўлига асир тушган қутула олса?!

25Эгамиз эса шундай айтмоқда: “Мана, кучли жангчидан асирлар тортиб олинади, Золимга ўлжа бўлганлар қутқарилади! Сенга қарши чиққанларга Мен қарши чиқаман, Сенинг болаларингни Мен Ўзим қутқараман!

26Сенга зулм қилганларга ўз танасини едираман, Улар шароб ичгандай бўлиб, ўз қонидан маст бўлади. Шунда жамики одамзод Мен нажоткоринг — Эганг эканлигимни, Ёқуб наслининг қудратли Худоси — Қутқарувчинг эканлигимни билиб олади.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>