Ишаё 5:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Қўшиқ айтай суюклигимга, Айтай муҳаббат қўшиғимни Унинг узумзори ҳақида. Суйганимнинг узумзори бор эди Тупроғи унумли тепаликда.

2Ерни ағдариб, тошлардан тозалади, Ўтқазди энг сара узум токини, Қоровул минорасини ўртага қурди. Яна узум сиқишга ҳозирлик кўрди, Узумларнинг пишишини у кутди, Аммо ҳосил итузум бўлди.

3Энди, эй Қуддус аҳли, Яҳудо халқи, Ҳакам бўлинг Мен билан узумзорим ўртасида.

4Яна нима қилишим керак эди узумзор учун? Унга қилмаганим яна не қолди?! Узумларнинг пишишини кутганимда, Нега ҳосил итузум бўлди?!

5Энди Мен сизларга айтаман Нима қилишимни узумзоримни. Четан деворини олиб ташлайман, Ҳамма бор нарсаси еб битирилсин. Унинг деворини бузиб ташлайман, Узумзорим пайҳон қилинсин.

6Мен уни харобазор қиламан, Энди токларим буталмайди, Ери ҳеч юмшатилмайди. Тиканлар, чангалзор билан қоплансин, Булутларга ҳам амр бераман, Узумзоримга ёмғир ёғдирмасин.

7Сарвари Оламнинг узумзори — Исроил хонадони, Эгамнинг хуш кўрган кўчати — Яҳудо одамлари. Улардан тўғрилик кутганди, қотиллик кўрди, Улардан адолат кутганди, фарёд эшитди.

8Эй кўплаб уй сотиб оладиганлар! Ҳолингизга вой! Эй даласига яна дала қўшиб оладиганлар! Ҳолингизга вой, Ҳа, бошқаларга жой қолдирмайсиз, Энди бу юртда ёлғиз ўзингиз қолиб кетасиз.

9Сарвари Оламнинг сўзи аён бўлди менга: “Кўплаб уйлар, шубҳасиз, хароб бўлади, Катта, чиройли уйлар кимсасиз қолади.

10Йигирма таноб [1] узумзор икки кўза [2] шароб беради, Ўн сават [3] уруғ аранг бир сават [4] ҳосил беради.”

11Ҳолингизга вой, эй эрта тонгда туриб, Ўткир ичимлик ортидан қувадиганлар! Ҳолингизга вой, эй тунда алламаҳалгача Шароб ичиб қизийдиганлар!

12Зиёфатларингизда лира, арфа, Чилдирма, най чалинар, шароб ичилар! Бироқ Эгамнинг ишларини англамайсизлар, Унинг қўллари ижодини кўрмайсизлар!

13Шу боис, халқим Мени билмагани туфайли сургунга кетди. Амалдорлари очликдан ўлиб кетди, Кўплари ташналикдан ўртаниб ёнди.

14Ҳа, беҳад очилиб кетди Ўликлар диёрининг [5] иштаҳаси, Чексиз очилиб кетди унинг оғзи, Тушиб кетди у ерга Қуддуснинг обрўси, Ўликлар диёрига кетди кўп одами, Шовқин–сурони, юксалгани ҳам.

15Шундай қилиб, инсон паст кетди, Одамзод тиз чўктирилди, Киборлиларнинг кўзлари ерга қаради.

16Бироқ Сарвари Олам адолати ила юксалади. Мана, муқаддас Худо солиҳлиги ила Муқаддаслигини кўрсатди.

17Қўзилар ўтлайди энди ўзларининг Яйловида ўтлагандай, Сарсон бўлиб юрган бўрдоқилар еб тўяди вайроналарда [6].

18Ҳолингизга вой! Эй ёлғонни арқон қилиб Айбларини тортиб келадиганлар! Эй араванинг арқони билан Гуноҳларини судраб келадиганлар!

19Сизлар айтасиз: “Қани, тез бўлсин, Қиладиганини дарров қилсин, Токи биз буни кўрайлик. Исроил халқининг муқаддас Худосининг мақсади Зудлик билан амалга ошсин, Токи биз буни билиб олайлик.”

20Ҳолингизга вой, эй ёмонни яхши, Яхшини ёмон деб айтадиганлар, Зулматни нур билан, Нурни эса зулмат билан алмаштирадиганлар! Эй аччиқни ширин, Ширинни аччиқ дейдиганлар!

21Ҳолингизга вой, эй ўзини доно деб билганлар, Ўзларини идрокли деб ҳисоблаганлар!

22Ҳолингизга вой, эй шароб ичишда Қаҳрамон бўлганлар, Ичкиликни аралаш–қуралаш ичишда Баҳодирлик кўрсатганлар.

23Пора эвазига айбдорни ҳақ деб топганлар, Солиҳларнинг тўғрилигини инкор қилади улар!

24Шу боис аланганинг тили сомонни ютгандай, Уларнинг илдизи чириб кетади, Қуруқ хашак оловда куйиб битгандай, Уларнинг ғунчаси чангдай учиб кетади. Сарвари Оламнинг таълимотини улар рад қилди, Исроил халқининг муқаддас Худосининг сўзидан нафратланди.

25Ҳа, Эгамнинг ғазаби Ўз халқига қарши алангаланди, У халққа қарши қўл кўтариб, уларни урди. Шунда тоғлар ларзага келди, Кўчаларда жасадлари ахлат бўлди. Шунда ҳам Эгам ғазабидан тушмади, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилганча турарди.

26Узоқдаги халқларга [7] У белги беради, Ернинг четидаги халқларга ишора юборади. Ана, улар келаётир бу ерга тез, шиддат ила!

27Улар на чарчайди, на йиқилади, На мудрайди, ё на ухлайди, На камари бўшалади, На чориғининг иплари узилади.

28Уларнинг ўқлари ўткирланган, Ҳамма ёйлари тортиб боғланган, Отларининг туёқлари чақмоқтошга ўхшар, Араваларининг ғилдираклари қуюн кабидир.

29Улар шерга ўхшаб бўкиради, Шервачча каби ўкиради, Ўкириб, ўлжасини ушлайди, олиб кетади, Ҳеч ким уни қутқариб ололмайди.

30Ўша куни гувиллаган денгизга ўхшаб Юрт узра ўкириш эшитилади. Ўша юртга назар солади. Ана зулмат, мана кулфат, Булутлар туфайли нур хира бўлди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>