Ишаё 52:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Уйғон, уйғон, эй Қуддус, Куч–қудратга тўлгин. Ажойиб кийимларингни кийгин, Эй Сион, муқаддас шаҳар! Мана энди суннатсизлар, нопоклар Дарвозаларингдан ичкари кирмайди!

2Тупроқни қоқиб ташла, тур! Эй Қуддус, ўз жойингда ўтир! Бўйнингдаги занжирни узиб ташла, Эй асира қиз [1] Сион!

3Мана Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар бепул сотилган эдингиз, энди пулсиз қутқариласиз.”

4Ҳа, Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Олдин халқим Мисрга борди. У ерда мусофир бўлди. Кейин Оссурияликлар сабабсиз уларга зулм ўтказди.

5Бу нимаси? — демоқда Эгамиз. — Халқим беҳудага босиб олинди. Ҳукмдорлари фарёд қилмоқда, — демоқда Эгамиз. — Менинг номим доимо, кун бўйи ҳақорат қилинмоқда.

6Шу боис халқим номимни билиб олади. Ҳа, Мен гапираётганимни ўша куни улар билиб олади. Мана, Мен Ўшаман.”

7Тоғлар оша тинчликни эълон қилган Хабарчининг қадамлари нақадар гўзал! У хушхабар олиб келмоқда, У нажотни эълон қилмоқда, У Қуддусга [2]: “Худойинг ҳукмрондир”, демоқда.

8Қулоқ солинг! Соқчиларингиз овозини кўтармоқда, Биргаликда улар шодликдан куйламоқда! Ахир, Эгамиз Қуддусга қайтиб келганда Улар ўз кўзлари билан кўради.

9Эй Қуддус вайроналари! Биргаликда севинч ила ҳайқиринг. Эгамиз Ўз халқига тасалли берди, Қуддусни қутқариб, Ўзига олди!

10Ҳамма халқларнинг кўз ўнгида Эгамиз муқаддас қўлини кўрсатди. Худойимизнинг нажотини Ернинг тўрт бурчи кўради.

11Кетинг, кетинг, у ердан чиқинг! Ҳаром бўлганларга тегиб кетманг! Эй Эгамизнинг муқаддас ашёларини кўтарадиганлар [3], У ердан чиқинглар, покланинглар!

12Мана, сиз шошилмай йўлга чиқасиз, Қочишингизга асло ҳожат қолмайди. Ахир, Эгамиз олдингиздан бормоқда, Исроил халқининг Худоси ортингиздан Сизни қўриқламоқда.

13Эгам айтар: “Мана, Менинг қулим яшнайди, У кўтарилиб, юксалади, Ғоят баландга кўтарилади.

14Илгари унинг қиёфаси шундай бадбашара эдики, Инсон зотига ўхшаш жойи қолмаган эди. Шу боис кўплар унинг [4] олдида даҳшатга тушди,

15Энди эса у кўп халқларни ҳайратда қолдиради, Уни деб шоҳлар ҳам лол бўлиб қолади. Ахир, уларга айтилмаганларни кўрадилар, Эшитмаганларини улар англаб етадилар.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>