Ишаё 53:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Бизнинг [1] хабаримизга ким ишонди? Эгамизнинг қудратли кучи кимга аён бўлди?

2Эгамизнинг қули Эгамиз олдида янги кўчатдай, Қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди. Бизни ўзига жалб қиладиган Гўзаллиги, улуғворлиги йўқ эди. Бизни ўзига ром этадиган Ҳеч бир жозибаси йўқ эди.

3Ундан нафратланганлар, уни рад этганлар. У қайғу нималигини, азоб–уқубатни биларди. Ундан одамлар юз ўгириб, нафратланган, Уни биз одам қаторида санамаганмиз.

4Ҳа, дардларимизни у ўзига олди, Оғриқларимизни у ўз зиммасига олди. Биз эса ўйладик: “Уни Худо урган, Аламдийда, жабрланган у!”

5У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди, Бизнинг айбларимиз туфайли эзилди. Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди, Унинг яралари бизга шифо берди.

6Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик, Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Ҳаммамизнинг айбларимизни Эгамиз унинг зиммасига юклади.

7У жабр кўрди, ўзи уқубат чекди, Аммо миқ этмади, оғзини очмади. Бўғизланишга олиб борилган қўзидай, Жун қирқувчи олдида жим турган қўйдай У миқ этмади, оғзини очмади.

8Ҳукм билан, куч билан [2] олиб кетилди. Унинг насли ҳақида ким ўйлайди? [3] Тириклар юртидан у улоқтирилди, Халқимизнинг [4] гуноҳи туфайли унга зарба тушди.

9Гарчи у ёвузлик қилмаган бўлса ҳам, Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган бўлса ҳам, Унга ёвузлар қатори қабр берилганди, Аммо ўлимда у бойлар ёнига қўйилди.

10Эгамиз уни эзишни, азоблашни маъқул кўрди. Агар у ўзини гуноҳ учун қурбонлик қилса, Ўз наслини кўриб, узоқ умр кўради. У орқали Эгамизнинг хоҳиши бажо бўлади.

11Чеккан азобларининг натижасини кўриб [5], У мамнун бўлади. Менинг солиҳ қулим ўз билими туфайли Кўпчиликни оқлаб, уларнинг айбини ўзига олади.

12Шу боис буюклар қаторида унга улуш бераман [6], У кучлилар билан ўлжаларни бўлишади. Ахир, у ўзини ўлимга тутиб берди, Гуноҳкорлар қаторида саналди. Кўпларнинг гуноҳини у ўзига олди, Гуноҳкорлар учун васийлик қилди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>