1Эгам айтар: “Эй бола кўрмаган бепушт аёл! Шодликдан ҳайқир! Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл! Севинчдан ҳайқир! Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади.
2Чодиринг жойини кенгайтиргин, Чодиринг пардаларини кенг чўздиргин! Ҳеч нарсани аяма! Арқонларингни узун ташлагин, Қозиқларингни маҳкам қоққин!
3Ахир, мулкинг ўнгу сўлга кенгайиб кетади. Авлодинг халқларни мулк қилиб олади, Улар ташландиқ шаҳарларни тўлдиради.
4Қўрқма, уятга қолмайсан, Уялма, шарманда бўлмайсан! Ахир, сен ёшлигингдаги шармандаликни унутасан, Бевалигингдаги шармандаликни бошқа эсламайсан.
5Зотан, Мен, Яратувчинг, сенинг эринг бўламан. Менинг номим Сарвари Оламдир! Мен, Исроил халқининг муқаддас Худоси, Қутқарувчингман, Мен бутун ер юзининг Худоси, деб аталаман.
6Эй Исроил! Сен ташлаб кетилган, Руҳи азобланган аёлдайсан. Рад этилган, ёш хотиндайсан. Аммо Мен, Эганг, сени чақириб оламан, — демоқда Худойинг. —
7Қисқа вақтга Мен сени тарк этгандим, Буюк шафқат ила сени қайтариб оламан.
8Қаттиқ ғазабда сендан бир лаҳзага юз ўгиргандим, Энди туганмас меҳр билан сенга раҳм қиламан, — демоқда Қутқарувчинг — Эгамиз. —
9Ҳа, Мен учун бу Нуҳ даври кабидир. Энди ер юзини Нуҳ тўфони каби, Ҳеч қачон сув босмайди, деб онт ичганман. Худди шундай қилиб, яна онт ичаман: ‘Ҳеч қачон сендан ғазабланмайман, Сенга жаҳл қилмайман!’
13Ҳамма болаларингга Мен, Эганг, таълим бераман, Фарзандларингнинг тинчлиги буюк бўлади.
14Мен сени душманларингдан халос қилганимда Сен бехатар бўласан. Зулм сендан узоқда бўлади, Ҳалокатдан қўрқмайсан, Чунки у сенга яқинлашмайди.
15Агар кимдир сенга ҳужум қилса, Билгинки, уни Мен қилмаган бўламан. Сенга ҳужум қилган ҳар ким мағлуб бўлади.
16Темирчига қара! У тошкўмир чўғини пуфлайди, Иши учун асбобларини ясайди. Уни Мен яратганман. Вайрон қилсин, деб Босқинчини ҳам Мен яратдим.
17Сенга қарши ясалган Ҳеч қандай қурол ғалаба қилмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг Даъволарини сен йўққа чиқарасан. Ана шулар Менинг қулларимнинг улушидир, Уларни Мен оқлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.