Ишаё 59:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Нима, Эгамизнинг қўли қисқами? Қутқаролмаса! Қулоғи оғирми? Эшитмай қолса!

2Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди, Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди, Ибодатларингизга қулоқ солмайди.

3Ана, қўлларингиз қонга булғанган, Бармоқларингиз гуноҳга ботган, Оғзингиздан ёлғон чиқаверади, Тилингиз ҳақсизликни гапиради.

4Ҳеч кимса адолат бўлсин, деб айтмайди, Ҳеч кимса ҳақиқат учун курашмайди. Беҳуда гаплардан умид қилиб, ёлғонлар айтади, Бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғади.

5Сизлар илоннинг тухумини босасиз, Ўргимчак уясини тўқийсиз, Сизларнинг тухумингизни еганлар ўлади. Агар битта тухумини босиб олсалар, Ундан заҳарли илон ўрмалаб чиқади.

6Тўқиган уянгиздан кийим чиқмайди, Сиз тўқиганлар билан ҳеч ким устини ёпа олмайди. Сизларнинг ишингиз ярамас ишлардир, Сизларнинг қўлларингиз зўравонликка тўла.

7Фосиқларнинг оёғи ёмонликка шошилади, Улар беҳуда қон тўкишга жуда уста. Уларнинг фикри–зикри гуноҳ билан банд, Қадамидан ҳалокату вайрона келади.

8Улар тинчлик йўлларини билмайди, Юрган йўлида адолат йўқ. Ўзларига эгри йўллар қилдилар, Бу йўлдан юрганлар тинчлик билмайди.

9Шу боис адолат биздан узоқ, Худо бизни қутқармайди. Нур излаймиз, аммо фақатгина зулмат бор, Ёруғлик излаймиз, аммо зулматда юрамиз.

10Кўрлардай деворни ушлаб юрамиз, Кўзи кўрмайдиганлардай пайпасланамиз. Куппа–кундузи тундагидай қоқиламиз, Тириклар орасида ўликлардаймиз.

11Ҳаммамиз айиқ каби бўкиряпмиз, Ҳаммамиз мусича каби нола қиляпмиз. Адолат кутяпмиз, аммо у йўқдир, Нажот кутяпмиз, аммо у биздан узоқда.

12Ҳа, Худо олдида кўп итоатсизлик қилдик, Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик бериб турибди. Итоатсизлигимиз кўз ўнгимизда, Айбларимизни ўзимиз биламиз.

13Итоатсизлик қилдик, Эгамизни алдадик, Худойимиздан юз ўгирдик, Зулм қўзғадик, хиёнат қилдик, Юракда ёлғон гаплар тўқиб гапирдик.

14Адолат чекинди, солиҳлик узоққа кетди. Ахир, ҳақиқат қувиб чиқарилди, Ҳаққонийлик орамизга кира олмайди.

15Ҳеч қаерда ҳақиқат йўқ, Ёмонликдан чекинган ҳалокатга йўлиқди.

15 Эгамиз буларни кўриб, Адолат йўқлигидан озор чекди.

16Мазлумларга ёрдам берадиган Ҳеч кимса йўқлигини кўрди, Ҳеч ким йўқлигидан У ҳайратда қолди. Шунда Эгамиз Ўз қўли билан қутқаришга киришди, Худонинг Ўзи уларга нажот берди.

17У адолатни совутдай кийиб олди, Нажот дубулғасини бошига кийди, Эгамиз қасосни либосдай кийиб олди, Рашкни чопон қилиб ўраб олди.

18Ҳар кимга қилганига яраша жавоб беради, Ўз душманларига ғазаб сочади, Ғанимларидан қасос олади, Денгиз ортидаги юртларга Қилганларига яраша тўлиқ қайтаради.

19Ғарбда Эгамизнинг номидан қўрқадилар, Шарқда Унинг шуҳратидан қўрқувга тушадилар. Мана, Эгамиз дарёдай келади. Ўзининг Руҳи даъват этаётган Кучли дарёдай келади.

20Эгамиз шундай айтмоқда: “Қутқарувчи Қуддусга [1] келади, Ёқуб наслининг гуноҳдан қайтганларига келади.”

21Эгамиз шундай дейди: “Сиз билан қиладиган аҳдим шудир: Сизга берган Руҳим, оғзингизга солган сўзларим сизларни тарк этмайди. Ҳозирдан бошлаб то абад сизларни, болаларингизни, набираларингизни ҳеч тарк этмайди.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>