9Шубҳасиз, денгиз ортидаги юртлар Эгамизга мунтазир бўлади. Исроил халқининг муқаддас Худоси — Эгангиз Худонинг шарафига Таршиш [4] кемалари бошчилигида Болаларингни узоқдан олиб келишади, Олтину кумушлари билан бирга олиб келишади. Зотан, Эгамиз сени улуғворлик билан қоплаган.
10Эгамиз Қуддусга шундай дейди: “Бегоналар деворларингни тузатади, Шоҳлари сенга хизмат қилади. Ғазабланганимда сенга жазо берган бўлсам ҳам, Энди марҳамат қилиб, сенга шафқат қиламан.
11Дарвозаларинг доимо очиқ бўлади, Улар кечаю кундуз ёпилмайди. Шунда халқлар сенга бойликларини олиб келади, Уларни ўз шоҳлари бошлаб келади.
12Сенга хизмат қилмаган элату шоҳлик йўқ бўлади, Ҳа, у халқлар бутунлай вайронага айланади.
13Лубноннинг фахрланган дарахтлари сенга келади. Сарв, чинор, садр ёғочлари Муқаддас масканимни безатиш учун келтирилади. Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман.
14Сенга зулм қилганларнинг ўғиллари келиб, Сенга таъзим қиладилар. Сендан нафратланганларнинг ҳаммаси Оёқларингга йиқилади. Улар сени: ‘Эгамизнинг шаҳри, Исроил халқининг муқаддас Худосининг шаҳри — Сион’, деб аташади.
15Илгари сен ташлаб кетилган, Ҳамма нафрат этган, Бирор кимса ўтмайдиган жой эдинг. Энди Мен сени абадий улуғвор қиламан, Жамики наслларнинг шодлиги қиламан.
16Элатлар, шоҳлар сени она каби эмизадилар, Ўшанда Мен, Эганг, сенинг нажоткоринг эканлигимни билиб оласан, Ёқуб наслининг қудратли Худоси — Қутқарувчинг Мен эканлигимни англайсан.
17Сенга бронза ўрнига олтин, Темир ўрнига кумуш, Ёғоч ўрнига бронза, Тош ўрнига темир келтираман. Тинчлик сенинг ҳакаминг, Солиҳлик ҳукмдоринг бўлади.
18Юртингда энди зўравонлик товуши эшитилмайди, Чегаранг ичида вайронагарчилик, ҳалокат бўлмайди. Деворларингга, Нажот, дея ном қўясан, Дарвозаларингга, Шараф, дея ном берасан.
19Энди кундузи нурингни қуёш бермайди, Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди. Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан, Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.
20Қуёшинг ҳеч қачон ботмайди, Ойинг энди бошқа яширинмайди. Ҳа, Мен сенинг то абад нуринг бўламан, Қайғули кунларинг тамом бўлади.
21Халқингнинг ҳаммаси солиҳ бўлади, Улар юртни то абад мулк қилиб олади. Ўзим ўтқазган ниҳолдир улар, Менга шуҳрат келтирсин, деб яратган Қўлларимнинг ижоди улар.
22Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади, Энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади. Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо қилдираман.”