Ишаё 63:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Эдомдан келаётган ким? Қизил либос кийиб, Бозрах шаҳридан [1] келаётган ким? Кўзни қамаштирувчи кийимлар кийиб, Катта куч билан қадам босган ким? “Бу Мен, Эгангизман! Қутқариш кучига эгаман. Ғалабани эълон қилишга келмоқдаман.”

2Нечун кийимларинг қип–қизил? Нима учун чуқурда узум эзган одамга [2] ўхшайсан?

3“Чуқурда бир ўзим эздим, Ёнимда халқлардан биронтаси йўқ эди. Ғазаб билан уларни эздим, Қаҳр билан уларни оёқ ости қилдим. Уларнинг қони кийимларимга сачради, Бутун усти бошимни ифлос қилди.

4Ҳа, Мен қасос кунини тайинлаб қўйган эдим, Халқимни қутқарадиган кун етиб келди.

5Қарадим, ёрдам берадиган бирор одам йўқ эди, Қўллаб–қувватлайдиган ҳеч кимса йўқлигидан ҳайратда қолдим. Шунда Ўзимнинг қўлим ёрдамга келди, Ўз ғазабим Менга мадад бўлди.

6Ғазаб билан халқларни тепкиладим, Жаҳл билан уларни эзиб ташладим. Уларнинг қонини ерга тўкдим.”

7Эгамизнинг содиқ севгиси ҳақида айтаман, Қилган ишлари учун Эгамизга ҳамдлар айтаман. Ўзининг меҳр–шафқати, буюк севгиси билан Исроил хонадонига қилган буюк эзгуликлари ҳақида айтаман.

8Эгамиз шундай деди: “Ҳа, улар Менинг халқимдир, Бевафолик қилмайдиган фарзандлардир.” Шундай қилиб, Худо уларнинг нажоткори бўлди.

9Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди, Эгамизнинг фариштаси уларни қутқарди. Севгиси, шафқати туфайли Унинг Ўзи уларни қутқарди. Эгамиз уларни кўтариб, азалдан опичлаб юрарди.

10Аммо улар исён қилдилар, Эгамизнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар. Шунинг учун Эгамиз уларнинг душмани бўлди. Эгамизнинг Ўзи уларга қарши курашди.

11Шунда халқ ўтган кунларни, Мусонинг даврини эслаб, шундай деди: “Чўпонлари билан бирга ота–боболаримизни денгиздан ўтказган қани? Ўз Муқаддас Руҳини уларнинг орасига юборган қани?

12Ажойиб қудратли қўли билан Мусонинг ўнг қўлидан тутган қани? Ўзининг номини шарафлай, деб Уларнинг олдидаги сувни иккига бўлган қани?”

13Эгамиз уларни денгиз тубидан олиб ўтди. Текис жойда юрган отдай Улар ҳеч қоқилмасдан ўтди.

14Водийга ёйилган подага ўхшатиб, Эгамизнинг Руҳи уларга ором берди. Ўзининг буюк номи улуғлансин, дея Эгамиз Ўз халқига йўл кўрсатди.

15Эй Эгамиз, осмондан қара, Муқаддас, улуғворликка тўла Масканингдан боқ! Қани энди ғайратинг, қудратинг? Сен меҳрибонлигингни, шафқатингни Биздан дариғ тутдинг.

16Ахир, Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Иброҳим бизни билмайди, Ёқуб [3] бизни танимайди. Сен бизнинг отамизсан! Азалдан номинг “Қутқарувчимиз”дир.

17Эй Эгамиз, нега бизни йўлингдан адаштирасан? Нега бизга Сендан қўрқмайдиган тош юрак бергансан? Биз Сенинг қулларингмиз. Бизнинг ҳақи–ҳурматимиз, Ўзингнинг азиз халқинг ҳақи–ҳурмати Бизга юз бургин!

18Сенинг муқаддас масканингга Биз, азиз халқинг, фақат оз вақт эгалик қилдик. Энди эса душманларимиз У ерни оёқ ости қилиб ташлади [4].

19Биз аллақачон Сенга тегишли бўлмаган, Сен устидан ҳукмрон бўлмаган халқларга ўхшаб қолдик.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>