7Уларни ўзларининг гуноҳлари учун, Ҳамда оталарининг гуноҳлари учун жазолайман, — демоқда Эгамиз. — Ахир, улар тоғларда тутатқилар тутатдилар, Тепаликларда Мени ҳақорат қилдилар. Шу боис қилмишларига яраша Уларга жазосини бераман.”
8Эгамиз шундай айтмоқда: “Агар бир бош узумда ҳали шарбати бор бўлса, Одамлар: ‘Уни ташлаб юборманг, Ҳали фойдаси тегади’, деб айтади. Мен ҳам Ўз қулларим ҳақи шундай қиламан, Ўз халқимнинг ҳаммасини йўқ қилмайман.
9Тоғларимни мулк қилиб олсин, деб Исроил [4] ва Яҳудо халқига авлод бераман. Танлаган халқим тоғларимга эгалик қилади, Менинг қулларим у ерда яшайди.
12Шундайларни Мен қиличнинг дамига рўпара қиламан. Ҳаммангиз тиз чўкасиз, бўғизланасиз. Ахир, Мен чақирганимда жавоб бермадингиз, Гапирганимда қулоқ солмадингиз. Менинг олдимда қабиҳликлар қилдингиз, Мен хоҳламаган нарсаларни танладингиз.”
13Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Менинг қулларим ейди, сизлар эса оч қоласиз, Қулларим ичади, сизлар ташналикдан азоб чекасиз, Қулларим шод–хуррам бўлади, Сизлар эса шармандаю шармисор бўласиз.
14Мана, қалблари шодликка тўлиб, Менинг қулларим қўшиқлар куйлайди. Сизлар эса юрагингиздаги қайғудан дод–вой қиласиз, Эзилган руҳингиз туфайли увиллаб йиғлайсиз.
15Танлаган халқим орасида номингиз лаънат сўзи бўлади, Мен, Эгангиз Раббий, сизларни ўлдираман, Ўзимнинг қулларимга эса бошқа ном бераман.
16Ким ўзига бу юртда барака тиласа, Менинг, яъни содиқ Худонинг номи билан дуо қилади. Юртда ким онт ичадиган бўлса, Менинг номим билан онт ичади. Олдинги қайғулар унутилади, Қайғу кўз олдимдан йўқотилади.
17Мана, қаранг! Янги осмон, янги ер яратяпман. Илгари бўлганлар энди эсланмайди, Улар ҳеч қачон ёдга олинмайди.
18Яратаётган ишларим туфайли То абад шодланинг, хурсанд бўлинг. Мен Қуддусни шодлик қилиб, Халқини қувонч қилиб яратяпман.
19Мен Қуддус туфайли севинаман, Халқим Менга қувонч келтиради. Энди Қуддусда ҳеч қачон Йиғи, фарёд товуши эшитилмайди.
20У ерда энди гўдаклар ўлмайди, Бирор қария ёшини яшамай ўтмайди. Биронтаси юз ёшга кириб оламдан ўтса, У ҳақда: ‘Эвоҳ, ёш кетди’, деб айтадилар. Юзга етмай ўлганни лаънати экан, деб биладилар [7].
21Халқим уйлар қуриб, ўзлари ўша ерда яшайди, Токзорлар ўтқазиб, ҳосилини ўзлари ейди.
22Энди улар қурган уйларда бошқалар яшамайди, Эккан дарахтларининг ҳосили бошқаларга насиб бўлмайди. Халқимнинг умри чинор умридай узоқ бўлади, Танлаган халқим ўз қўлларининг маҳсулидан узоқ вақт баҳраманд бўлади.
23Уларнинг меҳнати беҳуда кетмайди, Насллари бахтсизликка мубтало бўлмайди. Улар Мен, Эгасидан барака топган халқдир, Уларнинг авлодига ҳам Мен барака бераман.
24Менга ёлвормасларидан ҳам олдин Халқимга жавоб бераман. Гапираётган пайтининг ўзидаёқ Уларга қулоқ тутаман.
25Бўри билан қўзичоқ бирга ўтлаб юради, Шер ҳам ҳўкиз каби сомон ейди, Илон эса тупроқ ялайди. Муқаддас тоғимнинг бирон ерида Ҳеч бир ёвузлигу ёмонлик қилинмайди.” Эгамизнинг каломи шудир.