1Эгамиз шундай айтмоқда: “Осмон Менинг тахтимдир, Ер оёғим тагидаги курсидир. Менга қандай уй қуриб бера оласиз?! Қайси жой Менга маскан бўла олади?!
2Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман, Ҳа, буларнинг ҳаммаси шундай пайдо бўлган, — демоқда Эгамиз. — Камтар, мўмин бўлган одамга, Каломим олдида титрайдиганга Мен эътибор билан қарайман.
3Аммо, буқани қурбонлик қиладиган одам, Одам ўлдирган қотил кабидир. Қўзини қурбонлик қиладиган одам Итнинг бўйнини синдирган одам кабидир. Дон назри қиладиган одам Чўчқа қонини назр қиладиган одам кабидир. Тутатқи тутатган одам Бутга топинадиган одам кабидир [1]. Ўшалар ўз йўлларини танладилар, Қилган жирканч ишларидан жонлари лаззат олар.
4Мен ҳам уларни қаттиқ жазолашни танлайман. Улар нимадан қўрқса, ўшани бошларига соламан. Ахир, чақирганимда, ҳеч ким жавоб бермади, Гапирганимда, ҳеч ким қулоқ солмади. Улар Менинг олдимда қабиҳлик қилдилар, Мени мамнун қилмайдиганларни танладилар.”
5Эй Эгамизнинг каломини эшитиб, титрайдиганлар, Унинг сўзларига қулоқ тутинглар: “Қардошларингиз сиздан нафратланади, Менинг номимни деб улар сизни ҳайдаган. Сизларни мазах қилиб, шундай деган эди: ‘Қани, Эгангиз улуғворлигини кўрсатиб, Сизларни қутқарсин. Хурсанд бўлганингизни кўрайлик–чи!’ Энди ўшалар шарманда бўлади.”
6Шаҳардан кучли шовқин–сурон келмоқда! Маъбаддан бир овоз эшитилмоқда! Бу Эгамизнинг овозидир! У Ўзининг душманларига Қилмишларига яраша қайтаради.
8Ким бундай воқеани эшитган?! Ким бундай ҳодисани кўрган?! Хўш, юрт бир кунда пайдо бўладими?! Бир онда бутун бир халқ дунёга келадими?! Қаранг, тўлғоғи тутар–тутмас Қиз Қуддус [2] ўғиллар туғди.
9“Туғадиган пайтгача олиб келаману Туғишга куч бермайманми?! — демоқда Эгамиз. — Туғишга куч бераману Бачадонни ёпиб қўяманми?!” — деб айтмоқда Худойингиз.
10Эй Қуддусни севадиганлар, Қуддус билан бирга севининг, Ҳаммангиз у билан бирга шодланинг. Эй Қуддус учун аза тутганлар, У билан бирга хурсанд бўлинг!
11Сиз унинг кўкрагидан эмгандай бўлиб, Тўйиб, тасалли топасиз. Қониб–қониб ичиб, Унинг мўл–кўл баракасидан завқ оласиз.
12Ҳа, Эгамиз шундай айтмоқда: “Қараб туринг, Қуддусга тинчликни дарё каби, Элатларнинг бойлигини тошқин ирмоқ каби оқизаман. У сизларни эмизикли боладай қўлларида кўтариб юради, Сизларни тиззаларига ўтирғизиб, парвариш қилади.
13Боласини овутган бир она каби Мен ҳам сизларни овутаман. Сизлар Қуддусда тасалли топасиз.”
14Буларни кўриб, қалбингиз шодликка тўлади, Танангиз янги майса каби ҳаёт билан тўлиқ бўлади. Эгамиз Ўз қулларига қудратини, Душманларига эса ғазабини кўрсатади.
15Мана, қаранг! Эгамиз олов билан келмоқда, Унинг жанг аравалари қуюндай келмоқда. У аёвсиз қасос олади, Ғазаби олов каби ёнади.
16Ҳа, Эгамиз олову қилич билан Жамики жонзотларга қарши курашади. Унинг қўлидан кўплари ҳалок бўлади.
17Эгамиз шундай айтмоқда: “Ўзларини поклаб, бутларга бағишлаганлар, саждагоҳ боғларга [3] бориб, йўлбошчиларига эргашганлар йўқ бўлади. Чўчқа ва бошқа ҳаром, макруҳ ҳайвонларнинг гўштини ейдиганлар, уларнинг ҳаммаси биргаликда ҳалок бўлади.
19Мен уларнинг орасида нишона кўрсатаман. Омон қолганларини қуйидаги халқлар орасига юбораман: Таршиш [6], Ливия [7] халқларига, камончилари билан машҳур бўлган Лидия [8] халқига, Тувал [9] ва Грек [10] халқларига, денгиз ортидаги Мен ҳақимда эшитмаган, Менинг улуғворлигимни кўрмаган халқларга. Улар Менинг буюклигимни ўзга халқларга билдирадилар.”
20Эгамиз шундай дейди: “Ўшанда улар барча халқлар орасидан қолган ҳамма биродарларингизни олиб келишади. Исроил халқи тоза идишда Мен, Эгангизга назр олиб келади. Биродарларингизни ҳам худди шундай қилиб, олиб келишади. Уларни отларда, жанг араваларида, от араваларда, хачирларда, туяларда муқаддас тоғим [11] — Қуддусга назр сифатида олиб келишади.”
21Эгамиз шундай дейди: “Уларнинг орасидан баъзиларини руҳоний, баъзиларини эса леви қилиб тайинлайман.”
22Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен яратадиган янги ер ва янги осмон кўз олдимда қанча турадиган бўлса, авлодларингиз ҳам, номингиз ҳам шунча туради.
23Ҳар янги ой байрамида, ҳар Шаббат кунида жамики инсонлар ҳузуримга келиб, Менга сажда қиладилар, — демоқда Эгамиз.
24— Улар ташқарига чиққанларида Менга қарши чиққанларнинг жасадларини кўрадилар. Ўша жасадларни ейдиган қуртлар ўлмайди, уларни ёндирадиган олов ҳеч қачон ўчмайди. Ҳаммаси барча инсон зотига жирканч бўлади.”