Ишаё 7:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Уззиёнинг набираси, Йўтомнинг ўғли Охоз [1] ҳукмронлиги даврида Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли Исроил шоҳи Пеках Қуддусга келиб, саф тортдилар. Аммо уни босиб ололмадилар.

2Довуд хонадонига [2]: “Орам лашкари Эфрайим [3] халқи билан иттифоқ тузибди”, деган хабар етиб келди. Шоҳ Охоз ҳамда халқ шунчалик ваҳимага тушдиларки, ҳаммалари шамолда тебранган дарахтдай титрадилар.

3Шунда Эгамиз Ишаёга деди: “Сен ўғлинг Шерёсуб [4] билан катта йўлга чиққин. У йўл кир ювувчининг даласи томон кетган. Юқори ҳовуз ариғининг охири бўлган ўша жойда Охозни кутиб олиб,

4унга шундай деб айтинглар: ‘Ўзингни бос, тинчлан, қўрқма! Орам шоҳи Ратан ва Рамалиё ўғли ғазабга минган, аммо уларни деб қўрқувдан титрамагин. Иккови ҳам ёниб битаётган ғўладай.

5Эфрайим ва Рамалиё ўғли билан бирга, Орам сенга қарши фитна қилиб, шундай деди:

6«Яҳудога бостириб борамиз. Халқини ваҳимага солиб, қўлга оламиз. Сўнг Тўвал ўғлини [5] Яҳудо шоҳи қилиб тайинлаймиз».

7Аммо Эгамиз Раббий айтмоқда:
Бу ҳеч қачон юз бермас.

7«Бу фитна амалга ошмас,

8Орамнинг боши Дамашқдир, Дамашқнинг боши Ратандир, Олтмиш беш йилдан сўнг Эфрайим Қирилиб битар, асло халқ бўлмас.

9Эфрайимнинг боши Самариядир, Самариянинг боши Рамалиё ўғлидир. Агарда сўзимга ишонмасангиз, Мустаҳкам тура олмайсиз».’”

10Эгамиз яна Охозга шундай деди:

11— Мен, Эганг Худодан ўзингга нишона сўра, ўша нишона ўликлар диёридан [6] чуқур ёки фалак тоқидан баланд бўлсин.

12Шунда Охоз: — Сўрамайман, Эгамни синамайман, — деди.

13Шунда Ишаё деди: — Эшитинг, эй Довуд хонадони! Одамларни бездирганингиз сизларга камлик қилгандай, Худойимни ҳам бездирасизларми?!

14Энди Раббийнинг Ўзи сизларга нишона беради: ана, қиз [7] ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил [8] қўяди.

15Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган ёшга етганда қатиқ ва асал ейди [9].

16Ҳа, ўша вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг ерлари ташландиқ бўлади.

17Эгам сизнинг ва халқингизнинг, ота–боболарингизнинг хонадони бошига шундай кунларни соладики, Эфрайим Яҳудодан ажралиб чиққандан бери [10] бундай кунлар уларнинг бошига тушмаган: эвоҳ, Оссурия шоҳи келмоқда!

18Ўша куни Эгам Миср дарёларининг юқори оқимидаги пашшаларга, Оссурия юртидаги ариларга ишора қилади.

19Шундан кейин уларнинг ҳаммаси келиб, чуқур сойликларга, қояларнинг ёриқларига жойлашадилар. Ҳамма чакалакзорларга, ҳамма яйловларга ўрнашиб оладилар.

20Ўша куни Раббий Оссурия шоҳини ишлатади. У Раббийнинг қўлида Фурот дарёсининг ортида кирага олинган устара каби бўлади. Ҳа, соқолингизни бутунлай қириб ташлайди, бошу оёғингизда бирорта тук қолмайди [11].

21Ўша куни бир одам икки қўй ва бир ғунажинни тирик сақлаб қолади.

22У одамда шунча кўп сут бўладики, у сузма қатиқ ейди. Юртда қолганларнинг ҳаммаси сузма қатиқ ва асал ейди.

23Минг кумуш тангага [12] арзийдиган, токларга тўла бир узумзор бор. Ўша куни мана шу узумзор ҳам чакалакзору тиканзорларга айланади.

24Шундан кейин одамлар у ерга камону ўқлари билан борадиган бўлади.

25Бир замонлар ишлов берилган, экин экилган барча тепаликларга энди сизлар бормайсизлар. Ахир, чакалакзору тиканзорлардан қўрқасизлар–да. У ерларда моллар ўтлайди, у ерларни қўй–эчкилар топтайди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>