1Шунда Эгамиз менга айтди: — Катта лавҳа олиб, унга: “Мохиршалолхошбозга [1] тегишли”, деб тушунарли қилиб ёз.
2Мен руҳоний Уриё билан Ябаракиё ўғли Закариёни Ўзимга ишончли гувоҳлар қилиб тайинлайман.
3Шундан кейин мен хотиним билан ётдим. У ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Шунда Эгамиз менга деди: — Унинг исмини Мохиршалолхошбоз, деб қўй.
4Бола ҳали “ота”, “она”, деб айтишни ўрганмасдан олдин, Оссурия шоҳи Дамашқнинг бойликларини ва Самариядан тортиб олган ўлжаларини олиб кетади.
5Эгамиз яна менга гапириб: —
6Бу халқ тинч оқадиган Шилўвах сувларидан [2] воз кечди, Ратан ва Рамалиё ўғли Пекахдан кўнгиллари шод бўлди, — деди.
7— Шунинг учун, Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг бутун шавкатли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади.
8Сел каби Яҳудони босади, унинг бўғзига етиб келади. Эй Иммануил! [3] Ёйилган қанотлари бутун ерингни тўлдиради!
9Эй халқлар, йиғилаверинг, ҳалокатга йўлиқасиз! Эй жамики узоқ юртдагилар, эшитинг! Белингизни боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз! Белингизни боғлайверинг, аммо ҳалокатга йўлиқасиз!
10Пухта режа қилаверинг, аммо пучга чиқади, Сўз бераверинг, аммо амалга ошмайди, Чунки Худо биз биландир! [4]
11Эгам қудрати билан мени Ўзига тортиб, менга кўрсатма берди: — Бу халқнинг йўлидан борманглар.
12Бу халқ, исён, деб айтадиган ҳамма нарсани сизлар, исён, деб билманглар. Уларни қўрқувга соладиган нарсалардан сизлар қўрқманглар, ваҳимага тушманглар.
13Сизлар Мен, Сарвари Оламнимуқаддас деб иззат қилинглар. Фақат Мендан қўрқинг, фақатгина Мен сизни ваҳимага солай.
14Ўшанда Менинг Ўзим паноҳ бўламан. Аммо Исроилнинг иккала хонадони учун Мен қоқилтирадиган тош, тўсқинлик қиладиган қоя, Қуддус аҳолиси учун тузоқ ва тўр бўламан.
15Улардан кўплари қоқилади, йиқилиб, бурда–бурда бўлади. Улар тузоққа тушиб, асир бўлади.
16Далилимни ўраб боғла, шогирдларим орасида таълимотимни муҳрла.
17[17-18] Сарвари Олам Сион тоғида маскан қилган. У Ёқуб халқидан юзини яширяпти, аммо мен Уни кутаман, умидим Ундадир. Мана, қаранг, Эгам берган фарзандларим билан бирга мен шу ердаман! Исроилда биз белги ва нишонамиз [5].
19Халқлар сизларга: “Оталар руҳига, фолбинларга, азайимхонларга ва афсунгарларга боринглар”, деб айтсалар, сизлар ўз Худойингизга бормайсизми?! Ахир, тириклар ўликлардан насиҳат излаб борадими?!