Ишаё 9:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Бироқ кулфатли жойда энди азоб бўлмайди. Бошида Забулун ва Нафтали юрти [1] шарманда бўлган эди. Аммо келажакда ўша денгиз бўйи, Иорданнинг нариги томонидаги ғайрияҳудийлар Жалиласи улуғланади.

2Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди, Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.

3Бу халқни Сен кўпайтиргансан, Уларга кўп шодлик ато қилгансан. Ҳосил пайтидаги мамнунлик каби, Ўлжаларин бўлишиб олган пайтдаги каби, Улар ҳузурингда қувончга тўлган.

4Бу халқнинг оғир бўйинтуруғини, Елкасидаги таёғини Сен синдириб ташлагансан. Золимларнинг калтагини Мидиён халқи каби [2] Мағлуб қилгансан.

5Жангда кийилган этиклар, Қонга беланган ҳамма кийим Оловга ташланиб, ёқилажак.

6Мана биз учун бола туғилди, Ўғил бизга берилди. Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир, Номи Ажойиб маслаҳатчи [3], Қудратли Худо, Абадий ота, Тинчлик шаҳзодасидир.

7Довуднинг тахтида Унинг ҳукмронлиги ортиб бораверади. Тинчлик то абад ҳукм суради. Ҳозирдан бошлаб, то абад Адолат ва солиҳлик ила Шоҳлигини мустаҳкамлаб, барқарор қилади. Сарвари Олам жон куйдириб, Буни бажо айлайди.

8Ёқуб наслига қарши Раббий бир сўз юборди, Унинг сўзи Исроил халқига етиб келди.

9Эфрайимда [4], Самарияда яшайдиганлар, Жамики халқ бундан хабардор бўлди. Улар димоғдорлик, киборлик ила айтмоқда:

10“Ғиштин иморатлар вайрон бўлса, Йўнилган тошлар билан қурамиз. Шикамора–анжир дарахтлари кесилган бўлса, Уларнинг ўрнига садр дарахтлари [5] экамиз.”

11Ана, Орам шоҳи Ратанга қарши Эгам унинг душманларини қўзғатди, Ғанимларини даъват қилди.

12Шарқдан Орамлар, ғарбдан Филистлар Оғизларин катта очиб, Исроилни ютиб юборди.

12 Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.

13Бу халқ Сарвари Оламга юз бурмади, Жазо берганга қайтмади.

14Шунда Эгам бир кунда Исроилдан бошини ва қуйруғини, Хурмосини ва фойдасиз қамишини кесиб олди.

15Оқсоқоллар, амалдорлар бошдир, Сохта пайғамбарлар қуйруқдир.

16Улар бу халқни йўлдан адаштирган, Уларга эргашганлар боши берк кўчага кириб қолган.

17Ҳаммаси шаккок, қабиҳлик қилар, Барча оғизлардан аҳмоқона сўз чиқар. Раббий ёшлардан мамнун бўлмади, Етим, беваларга шафқат кўрсатмади.

17 Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.

18Фосиқлик оловга ўхшаб ёнар, Еб битирар бутазору тиканзорларни. Ўрмондаги чангалзорларни ёндириб, Баландларга тутунини ўрлатади.

19Сарвари Оламнинг қаҳридан Юрт ёниб битар, Халқ оловга ёнилғи бўлар, Одам ўз яқинига шафқат қилмас.

20Ўнг тарафга ҳамла қилар, Аммо оч қолаверарлар. Ҳа, чап тарафда, ютаман, дер, Аммо тўймаслар. Ўз қўлининг гўштини ейди инсонлар.

21Манаше қабиласи ейди Эфрайим қабиласини, Эфрайим эса Манашени, Иккови бирлашиб Яҳудога [6] ҳужум қилади.

21 Аммо шундай бўлса ҳам, Эгам тушмас ғазабидан, Унинг қўли ҳамон Исроилга қарши кўтарилган.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>