Йўэл 2:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Сионда бурғу чалинглар! Эгамизнинг муқаддас тоғида бонг уринглар! Титрасин Яҳудонинг жамики аҳли, Ахир, келяпти Эгамизнинг куни. У кунга оз вақт қолди.

2Зимзиё зулмат куни бўлур у кун, Катта кучли лашкар юртни босар, Ёришган тонгдай тоғлар узра ёйилар. Бунақаси азалдан ҳеч содир бўлган эмас, Бундан кейин ҳам ҳеч қачон содир бўлмас.

2Булут қоплаган тим қоронғи бўлур у кун!

3Аланга ютиб борар улар олдидан, Олов гувиллаб ёнар улар ортидан, Бирон жонзот қочиб қутулмас улардан. Илгари эди замин Адан боғидай, Энди бўлиб қолди қақроқ саҳродай.

4Уларнинг кўриниши отларга ўхшар, Жанг отлари каби ҳужум қилишар.

5Тоғ чўққиларига сакраб чиқишар, Жанг аравасидай гумбурлаб чопар, Ёнаётган хас–чўп каби чирсиллар, Жангга тайёр бўлиб саф тортган Кучли лашкарга ўхшар улар.

6Уларнинг олдида халқлар даҳшатга тушар, Ҳамманинг юзи бўздай оқариб кетар.

7Жангчилардай ҳужум қилар бу лашкар, Сипоҳлардай девордан ошиб тушар. Сафдан четга чиқмай олға босишар.

8Бир–бирларин туртмаслар, Ҳаммаси ўз йўлида кетар. Ғовларни ҳам ёриб ўтишар, Ҳеч нарса уларни тўхтата олмас.

9Бостириб боришар улар шаҳарга, Ёпирилишар шаҳар деворларига. Уйларга тирмашиб чиқишар, Ўғридай деразалардан ичкарига киришар.

10Уларнинг олдида замин титрар, Осмону фалак қалтираб турар. Қуёш ҳам, ой ҳам қораяр, Юлдузлар нури сўнар.

11Эгамиз лашкарнинг бошида турар, Лашкарига Ўз садосин берар. Нақадар беҳисоб Унинг қўшини, Унинг амрига бўйсунадиганлар қудратли. Эгамизнинг куни чиндан даҳшатли! Бу ваҳимали кунга бардош бергай ким?!

12Эгамизнинг каломи шудир: “Ҳозир ҳам кеч эмас, Рўза тутиб, йиғлаб, қайғуриб, Бутун қалбингиз билан Менга қайтинглар.

13Кийимингизни эмас, бағрингизни йиртинглар.”

13 Эгангиз Худога қайтинглар, У иноятли, Раҳмдил, жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир, Ғазабидан тушиб кечирадиган Худодир.

14Ким билсин, У шаштидан қайтар, Балки хирмонингизга барака берар. Шунда Эгангиз Худога сизлар Дон билан шароб назрин тақдим қиласизлар.

15Бурғу чалинг Сионда! Рўза кунларин белгиланглар, Ўша кунларга йиғин эълон қилинглар.

16Йиғинг жамики халқни, Пок қилинг жамоани. Чақиртиринг қарияларни, Олиб келинг болалару эмизикли гўдакларни. Ҳатто янги келин–куёвлар ҳам Чимилдиқдан чиқиб келишсин.

17Маъбаднинг айвони билан қурбонгоҳ орасида Йиғлашсин Эгамизнинг хизматкор руҳонийлари, Ёлворишсин шундай дея Худога: “Эй Эгамиз, шафқат қилгин халқингга, Мулкинг бўлган Исроил эллар аро кулги бўлмасин. ‘Уларнинг Худоси қани?!’ дея халқлар бизни мазах қилмасин!”

18Эгамиз Ўз юртига жон куйдирди шул замон, Ўз халқига раҳм қилди У ўшал он.

19Жавоб берди У халқига шундай дебон: “Тўқ бўласиз, сизларга бераман шароб, мой ва дон. Халқлар орасида мазах бўлишингизга энди йўл қўймайман.

20Даф қиламан шимолдан келган лашкарларни, Ҳайдаб соламан қақроқ, ҳувиллаган саҳрога уларни. Ўлик денгизга улоқтираман илғор қисмларини, Ўрта ер денгизига сураман орқа қисмларини. Жасадларидан қўланса ҳид анқийди.” Бажо қилди Эгамиз буюк ишларини!

21Эй замин, қўрқма! Хурсанд бўл, шодлан. Бажо қилди Эгамиз буюк ишларини!

22Қўрқманглар энди, эй, ёввойи ҳайвонлар, Чунки ям–яшилдир даштдаги яйловлар, Мева бераётир энди дарахтлар, Анжир ва узумнинг ҳосили мўлдир.

23Эй Сион халқи, хурсанд бўлинглар, Эгангиз Худонинг ишларидан севининглар. Сизларга У ён босиб, ёмғирни мўл ёғдирди. Олдингидай, куз, баҳорда ёмғирни қуйдирди.

24Энди хирмонлар донга тўлиб кетади, Хумлар шаробу мой билан тўлиб–тошади.

25Эгамиз шундай дейди: “Зарар кўрдингиз қирғин келтирувчи, Емирувчи чигирткалар дастидан, Экинзорларингизни кемириб ташлаган Сакрайдиган чигиртка галаси дастидан, Кўрган зарарингизни Мен қоплайман. Бу кучли лашкарни сизга қарши Мен юборганман.

26Энди сизлар хоҳлаганингизча ейсиз, Сизлар учун ажойиботлар кўрсатган Мен, Эгангиз Худога ҳамду сано айтасиз. Эй халқим, ҳеч қачон шарманда бўлмайсан энди!

27Эй Исроил, Мен орангда эканимни билиб оласан шунда, Мен Эгангиз Худоман, йўқдир Мендан бошқаси. Эй халқим, ҳеч қачон шарманда бўлмайсан энди!

28Сўнгра Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига, Ваҳийлар келади йигитларингизга. Башорат қилурлар сизнинг ўғил–қизларингиз. Кароматли тушлар кўрурлар қарияларингиз.

29Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда, Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига.

30[30-31] Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин, Мен еру осмонда аломатларни кўрсатаман. Ер юзида қонни, оловни ва тутун устунларини пайдо қиламан. Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.”

32Шунда Худо даъват этган одамлар омон қолади. Ҳа, Эгамизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади. Эгамиз айтганидай, Сион тоғига ва Қуддусга қочиб борганлар нажот топишади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>