Колосаликларга 1:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлус ҳамда биродарим Тимўтийдан

2Колоса шаҳридаги Худонинг азизлари, Масиҳга тегишли бўлган содиқ биродарларимизга салом! Отамиз Худо сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин!

3Сизлар учун ибодат қилганимизда биз ҳар доим Худога, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отасига шукр айтамиз.

4Чунки Исо Масиҳга бўлган имонингиз ва Худонинг барча азизларига кўрсатаётган севгингиз ҳақида биз эшитдик.

5[5-6] Худо сизлар учун жаннатда шодлик тайёрлаб қўйганига умид боғладингиз. Имонингиз ва севгингиз мана шу умидингизга асосланган. Хушхабар, яъни ҳақиқат сўзи сизларга етиб келганда бу умид ҳақида эшитдингиз. Бу Хушхабар бутун дунё бўйлаб самара келтириб, ёйилмоқда. Хушхабарни эшитиб, Худо иноятининг ҳақиқий маъносини тушуниб етган кунингиздан бери сизларнинг орангизда ҳам Хушхабар самара бермоқда.

7Сизлар бу Хушхабарни бизнинг азиз ҳамкоримиз Эпафрасдан эшитдингиз. У сизлар учун садоқат билан Масиҳга хизмат қиляпти.

8Муқаддас Руҳ сизларга ато қилган меҳр–муҳаббат ҳақида у бизга айтиб берди.

9Шу сабабдан сизлар ҳақингизда эшитган кунимиздан бери сизлар учун ибодат қилишни канда қилмаяпмиз. Худонинг Руҳи берадиган донолик ва ақл–идрок орқали Унинг иродасини тўлиқ англаб етинг, деб ибодат қиляпмиз.

10Шунда сизлар Раббимиз Исога муносиб ҳаёт кечириб, ҳар жиҳатдан Уни хурсанд қиласизлар. Қилган ҳар бир яхшилигингиз самара келтиради ва сизлар Худони янада чуқурроқ тушуниб биласизлар.

11[11-12] Худо Ўзининг буюк қудрати билан сизларни куч–қудратга тўлдириб, ҳар қандай вазиятда сизларга сабр–тоқат ва бардош берсин. Худо Ўзининг азиз халқига ваъда қилган нурдан баҳраманд бўлишни сизларга лойиқ кўргани учун қувонч билан осмондаги Отамизга шукрона айтинг.

13У бизни зулмат ҳукмронлигидан қутқариб, севикли Ўғлининг Шоҳлигига қабул қилди.

14Ўз Ўғли орқали бизни кечириб, гуноҳларимиздан озод қилди.

15Кўринмас Худонинг сурати Масиҳдир, У бутун борлиқнинг тўнғичидир.

16Худо бутун борлиқни Масиҳ орқали яратган. Еру кўкдаги бор мавжудот, Кўринадиган ва кўринмайдиган ҳар бир нарса, Ғайритабиий кучлар, тахту салтанатлар, Буларнинг ҳаммаси Масиҳ орқали, Унинг Ўзи учун яратилгандир.

17Масиҳ бутун борлиқдан олдин мавжуд эди, Бутун борлиқ У туфайли мустаҳкам турибди.

18Масиҳ жамоатнинг бошидир, Жамоат Масиҳнинг танасидир. Ҳамма нарсанинг ибтидоси Масиҳдир, У ҳаммадан устун бўлиши учун Биринчи бўлиб ўликдан тирилтирилган.

19Бутун комилликни Худо Исода жо қилишни маъқул кўрди.

20Еру кўкдаги борлиқ мавжудотни Масиҳ орқали Худо Ўзи билан яраштириб, Масиҳнинг хочда тўкилган қони орқали Улар билан тинчлик ўрнатди.

21Сизлар ҳам бир вақтлар Худога душман эдингизлар. Фикру зикрингиз Худодан узоқ бўлиб, ёмон ишлар қилардингизлар.

22Масиҳнинг жисмоний танадаги ўлими орқали Худо сизларни Ўзи билан яраштирди. Энди сизлар Худонинг олдида муқаддас, бенуқсон ва айбсиз турасизлар.

23Шундай экан, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туришингиз керак. Сизлар Хушхабарни эшитиб, умидга эга бўлдингиз. Ўша умидингизни йўқотманг. Бу Хушхабар ер юзидаги бутун жонзотга эълон қилинди. Мен — Павлус ўша Хушхабарнинг хизматчисиман.

24Мен сизлар учун азоб чекаётганимдан хурсандман. Чунки шу йўл билан мен ҳам Масиҳнинг Ўз танаси, яъни жамоат учун чекаётган азобларида қатнашяпман.

25Худонинг хабарини сизларга тўлиқ эълон қилишим учун У мени жамоатнинг хизматчиси қилиб тайинлади.

26Бу Хушхабар асрлару насллар давомида сир тутилган эди, энди эса у Худонинг азизларига ошкор қилинди.

27Масиҳ орқали ҳамма халқлар ҳам бой улуғворликка етишишларини барчамизга кўрсатишни истади. Бу сирнинг моҳияти шудир: Масиҳ, яъни улуғворликка етишиш умиди сизларнинг орангиздадир.

28Ҳар бирингиз Масиҳ танасининг етук аъзоси сифатида Худонинг олдида туришингиз учун биз ҳаммани огоҳлантириб, донолик билан таълим бериб, Масиҳ ҳақида ўргатяпмиз.

29Мен ҳам ана шу мақсадда жон-жаҳдим билан хизмат қилар эканман, менга кучли таъсир қилаётган Масиҳнинг қудратига суянаман.

article>