Колосаликларга 2:1-23 UZV2013 - Bible AI

1Мен сизлар учун, шунингдек, Лаодикия шаҳридагилар ҳамда шахсан юзимни кўрмаган имонлиларнинг ҳаммаси учун нақадар зўр ғайрат билан меҳнат қилаётганимни билишингизни истайман.

2Мақсадим шуки, сизлар дадил бўлинг, муҳаббат руҳи сизларни бирлаштирсин, Отамиз Худонинг сири — Масиҳ ҳақида чуқур ва бой тушунчага эга бўлинг.

3Чунки донолик ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир.

4Ҳеч ким сизларни тилёғламалик билан йўлдан оздирмасин, деб мен сизларга шуларни айтяпман.

5Гарчи мен жисман сизларнинг орангизда бўлмасам ҳам, фикру зикрим сиз биланман. Сизларнинг тартиб-интизомингиз ва Масиҳга бўлган соғлом имонингизни кўриб севиняпман.

6Сизлар Исо Масиҳни Раббимиз, деб қабул қилган экансизлар, доимо У кўрсатган йўлдан юраверинг.

7Олган таълимотингизга мувофиқ, Масиҳда томир ёйиб, қарор топинг. Имонингизда қаттиқ туринг, Худога шукроналар тилингиздан тушмасин.

8Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий кучларига асосланади.

9Худо Ўзининг бутун борлиғи билан тўла-тўкис Масиҳнинг вужудида мавжуддир.

10Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаётингиз тўла–тўкис, чунки У ҳар бир куч ва ҳокимиятдан устундир.

11Масиҳ орқали сизлар суннат қилиндингиз, бу жисмоний суннат эмас, балки Масиҳ орқали қилинадиган суннат, яъни гуноҳкор табиатнинг кесиб ташланишидир.

12Сувга чўмдирилиш орқали Масиҳ билан бирга кўмилдингиз. Масиҳни ўликдан тирилтирган Худонинг қудратига бўлган имонингиз туфайли Масиҳ билан бирга тирилдингиз.

13Илгари сизлар суннатсиз, гуноҳга ботган бўлиб, руҳан ўлик эдингизлар. Энди эса Худо барча гуноҳларингизни кечириб, сизларни Масиҳ билан бирга тирилтирди.

14Бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини Худо бекор қилди, яъни ўша ҳукмни хочга михлаб, кучдан қолдирди.

15Ўша хоч орқали коинотдаги кучлару ҳукмронликлар устидан ғалаба қозониб, уларни қуролсизлантирди. Ўзининг ғолибона юришида уларнинг тутқун эканлигини намойиш этиб, шарманда қилди.

16Шунинг учун егулик-ичгулик, диний байрамлар, янги ой шодиёналари ёки Шаббат куни хусусида ҳеч ким сизларга қонун-қоида чиқармасин.

17Ўша урф–одатлар келажакнинг шарпасигина холос, аммо ҳақиқий ҳаёт Масиҳдадир.

18Шундай экан, диндорликка берилиб, ўзини мўминликка соладиганлар, фаришталарга сиғинадиганлар сизларни камситса, эътибор берманглар. Улар кўрган ваҳийлари билан мақтанадиган, ақл–заковати билан мағрурланадиган одамлардир.

19Бундай кишилар Масиҳдан ажралган. Масиҳ — Ўз танаси, яъни жамоатнинг Бошидир. Мана шу Бошдан бутун бадан ҳаётбахш куч олиб, паю бўғинлар орқали ўзаро уланиб, Худонинг хоҳиши бўйича ўсади.

20Агар сизлар Масиҳ билан бирга ўлган бўлсангизлар, дунёнинг хурофий кучлари учун ҳам ўлган бўласизлар. Ундай бўлса яна нимага бу дунёга қул бўлиб,

21“тегма”, “ема”, “ушлама” деган қонун-қоидаларга бўйсунасизлар?!

22Бу инсоний таълимотлар ва қоидалар ишлатилган сари йўқ бўлиб кетадиган нарсалар ҳақида–ку!

23Гарчи бу қоидалар келтириб чиқарган диндорлик, ўзини мўминликка солиш, баданни қийнаш одамларга ҳикматдай туюлса–да, аслида улар шаҳвату нафсга бўлган иштиёқни кўпайтиради.

article>