Коринфликларга 1чи 1:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлиш учун даъват қилинган мен — Павлусдан ва биродаримиз Состендан

2Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига салом! Худо сизларни Ўзининг азиз халқи бўлишга даъват қилиб, Исо Масиҳ орқали Ўзи учун ажратиб олган. Шундай қилиб, ҳар ерда Раббимиз Исо Масиҳга сажда қилаётганларнинг қаторига қўшилдингиз. Исо Масиҳ уларнинг ҳам, бизнинг ҳам Раббимиздир.

3Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато қилсин.

4Худойим сизларга Исо Масиҳ орқали Ўз иноятини берди. Шу боис доимо Худойимга сизлар учун шукр айтаман.

5Исо Масиҳ орқали Худо сизларни ҳар қандай каломда моҳир, илму маърифатда бой қилди.

6Шу тариқа мен сизларга айтган Масиҳ ҳақидаги хабар ҳақиқат эканлиги исботланди.

7Шунинг учун Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини интизорлик билан кутар экансиз, Муқаддас Руҳ берадиган инъомлардан бенасиб эмассизлар.

8Раббимиз Исо Масиҳ келган кунда сизлар айбсиз бўлишингиз учун Худо сизларни охиригача қўллаб қувватлайди.

9Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқот қилишга чақирган Худо садоқатлидир.

10Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга илтижо қиламан, ҳаммангиз ўзаро аҳил яшанглар. Орангизда низоларга йўл қўймай, фикр–хаёлда тамомила якдил бўлинглар.

11Зеро, эй биродарларим, сизларнинг орангизда жанжаллар борлиги ҳақида опамиз Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди.

12Мен қуйидагиларни назарда тутяпман, орангизда баъзилар: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, яна баъзилар эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, яна бошқалар: “Мен Бутруснинг шогирдиман”, яна бир хил одамлар: “Мен Масиҳнинг шогирдиман”, деб айтаётган эмиш.

13Нима, Масиҳ бўлинганми? Ёки сизлар учун Павлус хочга михланганми? Наҳотки Павлуснинг номи билан сувга чўмдирилган бўлсангиз?

14Худога шукурки, мен сизларнинг орангиздан Крисп ва Гайдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдирмадим.

15Ҳеч ким: “Мен Павлуснинг номи билан чўмдирилганман”, дея олмайди.

16Тўғри, мен Стефаннинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдирган эдим, аммо булардан бошқа ҳеч бир одамни сувга чўмдирганим эсимда йўқ.

17Зотан, Масиҳ мени одамларни сувга чўмдирсин, деб эмас, балки Хушхабарни ёйсин, деб юборди. Менга бу Хушхабарни инсонларга оид бўлган донолик билан ёйиш буюрилмади, бўлмаса Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақидаги хабарнинг кучи йўқолган бўларди.

18Хоч ҳақидаги бу хабар ҳалок бўлаётганларга телбаликдай туюлади. Аммо биз, нажот топаётганлар учун эса у Худонинг қудратидир.

19Ахир Муқаддас Битикларда ёзилган–ку:
Идроклиларни идрокидан айираман.”

19“Мен доноларни доноликдан маҳрум қиламан,

20Донолар қани? Тафсирчилар ва бу дунёнинг файласуфлари қаерда? Худо бу дунёнинг ҳикматини ақлсизликка айлантирди–ку, ахир!

21Модомики Худонинг ҳикмати бўйича бу дунё ўз ақл-заковати билан Худони таниб–билмаган экан, тентакликдай туюлган xабарга ишонганларни Худо қутқаришни лозим кўрди.

22Мана, яҳудийлар мўъжизалар талаб қиладилар, юнонлар эса донолик пайида.

23Биз фақат хочга михланган Масиҳ ҳақидаги хабарни ёймоқдамиз. Бу хабар яҳудийлар учун ҳақорат бўлса, ғайрияҳудийлар учун телбаликдир.

24Бироқ Худо даъват қилган яҳудий ва ғайрияҳудийлар учун Масиҳ хочи Худонинг қудрати ва ҳикматидир.

25Зеро, Худонинг “ақлсизлиги” инсон донолигидан устундир, Худонинг “заифлиги” инсон қудратидан кучлироқдир.

26Эй биродарларим, Худо сизларни даъват қилганда қандай одам эдингизлар, бир эсга олинг–чи! Инсоний нуқтаи назардан қараганда, кўпларингиз доно, қудратли ёки олижаноб эмас эдингиз.

27Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф ҳисобланганларни танлади.

28Дунёдаги эътиборли ҳисобланганлар арзимас бўлиб қолсин деб, Худо бу дунёдаги эътиборсиз ва камситилган, яъни аҳамиятсиз, деб ҳисобланганларни танлади.

29Шундай қилиб, ҳеч бир инсон Худонинг олдида мақтана олмайди.

30Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан қутқарилдик, Худонинг азиз халқи бўлдик.

31Шундай қилиб, Муқаддас Битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин.

r>