Коринфликларга 1чи 10:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Биродарлар, ота–боболаримизнинг тарихини ёдингизга солмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар.

2Улар булут остида кезиб, Қизил денгиздан ўтганда, гўё сувга чўмдирилгандай бўлиб, Мусонинг издошлари бўлдилар.

3Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди.

4Мўъжиза орқали ҳаммасига ичиш учун сув берилди. Мўъжиза орқали улар қоядан сув олиб ичдилар. Ўша қоя Масиҳнинг тимсоли эди. Юрган йўлларида Масиҳ улар билан бирга эди.

5Гарчи шундай бўлса ҳам, уларнинг деярли ҳаммаси Худони норози қилди, шунинг учун Худо итоатсизларини саҳрода ҳалок қилди.

6Уларнинг бошига тушган кўргиликлар бизга ибрат бўлди, токи биз ҳам уларга ўхшаб ёвузлик пайида бўлмайлик.

7Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлманглар. Улар ҳақида шундай ёзилган–ку: “Халқ ўтириб еб–ичгандан кейин кўнгилхушлик қилди.”

8Уларнинг баъзиларига ўхшаб жинсий ахлоқсизликка берилмайлик. Улар ахлоқсизлик қилганлари учун бир кунда йигирма уч мингтаси нобуд бўлди.

9Масиҳни синамайлик, чунки улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар.

10Ҳеч нолиманглар. Улардан баъзилари минғирлаб, нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди.

11Улар бошидан кечирган бу ҳодисалар бизларга ибрат бўлди. Замон охирлашиб қолган пайтда яшаётганларга, яъни бизларга сабоқ бўлиши учун бу ҳодисалар Муқаддас Битикларда ёзиб қолдирилган.

12Шунинг учун маҳкам турибман, деб ўйлаган одам эҳтиёт бўлсин, тағин қоқилиб йиқилмасин.

13Сизлар тушган васваса бошқаларнинг ҳам бошига тушган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун, керакли пайтда васвасадан қутилиш йўлини ҳам беради.

14Эй азиз биродарларим, бутпарастликдан ўзингизни олиб қочинг!

15Мен сизларни ақли расо одамлар, деб билиб гапиряпман. Айтаётганларимга ўзингиз баҳо беринглар.

16Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда, Худога шукр айтиб қутлуғ косадан ичганимизда Масиҳнинг тўкилган қонига шерик бўламиз, нонни бўлишиб еганимизда эса Унинг қурбон қилинган танасига шерик бўламиз–ку!

17Битта нонни бўлишиб еганимиздай, биз ҳаммамиз, кўпчилик бўлсак–да, бир танани ҳосил қиламиз.

18Исроил халқига қаранглар! Қурбонгоҳдаги қурбонликлардан тановул қилиш улар учун Худога сажда қилиш дегани–ку!

19Мен бу билан нима демоқчиман ўзи? Бутга бағишланган қурбонликнинг ҳам бирор аҳамияти борми? Бутнинг ўзи ҳам бирор аҳамиятга эгами?

20Йўқ! Бутпарастлар қурбонлик келтирганларида, аслида қурбонликни худо деб аталган бутларга эмас, балки жинларга бағишлаган бўладилар. Жинларга шерик бўлишингизни мен хоҳламайман.

21Сизлар, ҳам Раббимиз Исонинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар. Ҳам Раббимиз дастурхонидан, ҳам жинларнинг дастурхонидан баҳраманд бўла олмайсизлар.

22Наҳотки Раббимиз Исонинг рашкини қўзғатмоқчи бўлсангиз? Наҳотки сизлар Ундан ҳам қудратлироқ бўлсангиз?!

23Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Инсон хоҳлаганини қилишга ҳаққи бор, лекин ҳамма нарса ҳам манфаат келтирмайди.

24Ҳамма биринчи ўринда ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзда тутсин.

25Бозордаги гўшт қаердан келгани ҳақида сўраб, суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.

26Ахир Муқаддас Битикларда шундай ёзилган–ку:

26“Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”

27Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган ҳамма нарсани қаердан келганини сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.

28[28-29] Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти”, деб айтса, унда ўша айтган одам ҳаққи ва уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, ўша одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади. Аммо мен бу гўштни емасам ҳам эркинлигим чекланиб қолмайди.

30Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман.

31Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар.

32Яҳудийлару ғайрияҳудийларни, Худони биладигану билмайдиганларни ўйлаб иш тутинг.

33Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўл билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиламан.

er>