Коринфликларга 1чи 15:1-58 UZV2013 - Bible AI

1Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилгансиз, у имонингизнинг асосидир.

2Ўша Хушхабар орқали қутқариласиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда бекорга ишонган бўласизлар.

3Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас Битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган.

4Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Битикларга мувофиқ содир бўлди.

5Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди.

6Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.

7Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди.

8Ва ниҳоят, менга ҳам кўринди, мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай эдим.

9Ахир, ҳаворийларнинг энг арзимайдиганиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки Худонинг жамоатини қувғин қилардим.

10Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.

11Нима бўлса ҳам, Хушхабарни сизлар мендан эшитгансизларми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса унга ишонасиз.

12Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш, деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?!

13Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да!

14Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор.

15Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз.

16Ахир, ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади.

17Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар.

18Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да!

19Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, биз энг бахтсиз инсонлар эканмиз.

20Ваҳоланки, Масиҳ ростдан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди.

21Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир инсон орқали содир бўлади.

22Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади.

23Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади.

24Шундан сўнг, Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни Самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади.

25Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак.

26Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади.

27Ахир, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилдириб, Унинг оёқлари остига ташлаган. Гарчи Муқаддас Битикларда: “Бутун борлиқ Унга тобе бўлди”, деб ёзилган бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир.

28Ҳамма нарса Масиҳга тобе қилдирилгандан кейин, Ўғил ҳам Ўзига ҳамма нарсани тобе қилдирган Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқнинг устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин.

29Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор?

30Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз?

31Ҳар куни ўлимга рўбаро бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ.

32Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку” дейиш ўринли бўлмайдими?!

33Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку!

34Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай, деб буларни айтяпман.

35Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар.

36Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку!

37Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку!

38Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.

39Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача.

40Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа.

41Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади.

42Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади.

43Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади.

44Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да!

45Муқаддас Битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди”. Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди.

46Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади.

47Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир.

48Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар.

49Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз.

50Эй, биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман. Қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди.

51Мана, мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз.

52Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз.

53Чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак.

54Ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, бу фоний танамиз мангу танага айланганда, Муқаддас Битикларда ёзилган қуйидаги оятлар амалга ошади:

54“Ўлим енгилиб, йўқ бўлди.

55Эй, ўлим, сенинг нишинг қаерда?! Эй, ўлим, сенинг зафаринг қаерда?!”

56Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди.

57Худога шукрлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.

58Шунинг учун, эй, азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!

er>