Коринфликларга 1чи 16:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Энди Худоимизнинг Қуддусдаги азизларига моддий маблағ тўплаш масаласига келсак, сизлар ҳам Галатия ҳудудидаги жамоатларга берган йўл–йўриқларимга амал қилинглар.

2Ҳар ҳафтанинг бошида ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.

3Борганимдан кейин, эҳсонларингизни имонлиларга топширсин, деб ўзингиз муносиб кўрган кишиларни Қуддусга жўнатаман. Уларнинг ҳар бирини таништириб, мактуб ёзиб бераман.

4Агар боришга имкон бўлса, ўзим ҳам улар билан бирга бораман.

5Македониядан ўтиш ниятим бор. Шундан кейин сизларнинг олдингизга бораман.

6Сизлар билан бирмунча вақт бўламан, деб ўйлайман, балки ҳатто қишни ҳам сизлар билан ўтказарман. Ундан кейин қаерга бормоқчи бўлсам ҳам, сизларнинг ёрдамингиз билан сафаримни яна давом эттираман.

7Ахир, сизларни фақатгина йўл–йўлакай кўришни истамайман, Раббимиз Исо хоҳласа, сизлар билан кўпроқ вақт ўтказаман, деб умид қиламан.

8Лекин Ҳосил байрамига қадар Эфес шаҳрида қоламан.

9Чунки бу ерда менга қарши чиққанлар кўп бўлишига қарамай, таъсирчан фаолият кўрсатишим учун йўл очилди.

10Тимўтий олдингизга борганда унга ғамхўрлик қилинглар, у орангизда хотиржам юрсин, чунки у ҳам менга ўхшаб Раббимиз Исо хизмати билан машғул.

11Ҳеч ким унга паст назар билан қарамасин. У менинг олдимга қайтиб келаётганда, уни эсон–омон кузатиб юборинглар. Унинг биродарлар билан бирга келишини кутиб турибман.

12Биродаримиз Аполлосга келсак, уни биродарларга қўшилиб сизларнинг олдингизга боришга кўп ундадим, лекин унинг ҳозир ҳеч боргиси йўқ. Имкони бўлса кейинроқ борар экан.

13Ҳушёр бўлинглар, имонда маҳкам туриб, жасоратли ва кучли бўлинглар.

14Ҳамма нарсани меҳр–муҳаббат билан қилинглар.

15Биродарлар, Стефаннинг хонадонини биласизлар. Улар Ахая ҳудудида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирганлар ва ўзларини Худонинг азиз халқига хизмат қилишга бағишлаганлар. Сизлардан бир илтимосим бор:

16Бундай инсонларни ва улар билан бирга берилиб хизмат қилаётганларни ҳурмат қилиб, уларнинг айтганларини қилинглар.

17Стефан, Фортунат ва Ахаикнинг келганидан хурсанд бўлдим, улар сизларнинг йўқлигингизни билдирмади.

18Улар сизларнинг руҳингизни кўтаргандек, менинг ҳам руҳимни кўтардилар. Бундай инсонларни қадрланглар.

19Асия ҳудудидаги жамоатлар сизларга салом йўллаяптилар. Акил билан Прискилла ва уларнинг уйида йиғиладиган жамоат ҳам сизларга — Раббимиз Исонинг йўлидаги ҳамкорларига оташин салом айтяпти.

20Ҳамма биродарларимиз салом айтяптилар. Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар.

21Мен, Павлус мана шу саломни ўз қўлим билан ёзяпман.

22Кимки Раббимиз Исони яхши кўрмаса, у лаънати бўлсин! Эй, Раббимиз, келгин!

23Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

24Сизларни яхши кўраман, чунки ҳаммамиз Исо Масиҳга тегишлимиз.

er>