Коринфликларга 1чи 9:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Мен озод эмасманми?! Мен ҳаворий эмасманми?! Раббимиз Исони кўрмаганманми?! Раббимиз йўлида қилган меҳнатимнинг маҳсули сизлар эмасми?!

2Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам ҳам, ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимизга тегишли бўлганингиз учун ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.

3Мени танқид қилаётганлар олдида қуйидагилар билан ўзимни оқлайман.

4Наҳотки Раббимиз йўлида қилган хизматимиз учун текин еб–ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?!

5Нима, бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Бутрусга ўхшаб, имонли бир аёлга уйланиб, уни ёнимизда олиб юришга ҳаққимиз йўқми?!

6Ёки фақатгина мен билан Барнабо кун кечириш учун ўз қўлимиз билан меҳнат қилишимиз керакми?!

7Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади?! Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди?! Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?!

8Буларни фақатгина инсоний нуқтаи назардан айтаётганим йўқ! Таврот ҳам худди шундай буюради–ку!

9Мана, Тавротда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”, деб ёзилган–ку. Нима, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?!

10Йўқ, Худо буни бизнинг манфаатимиз учун айтган. Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи ҳам, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлайди–ку.

11Биз руҳий жиҳатдан сизларга хизмат кўрсатсак–да, моддий ёрдамингизни бизга кўп кўрасизми?

12Бошқалар сизларнинг ёрдамингиздан баҳраманд бўлаётган экан, бизнинг ҳақимиз уларникидан ҳам кўпроқ эмасми?! Лекин биз бу ҳуқуқимиздан фойдаланмадик. Аксинча, Масиҳнинг Хушхабарига тўсиқ қўймайлик деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.

13Билмайсизларми, маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар.

14Шунингдек, Хушхабарни ёйиш вазифасини бўйнига олганлар бу иши орқали кун кечиришлари кераклигини Раббимиз Исонинг Ўзи буюрган.

15Аммо мен бу ҳуқуқларимдан фойдаланмадим ва бундан фахрланаман. Бу хатни ўша ҳуқуқимдан фойдаланай, деб ҳам ёзаётганим йўқ. Менга фахрланиш ҳуқуқини бераётган сабабни йўқотишдан кўра ўлганим яхшироқдир.

16Мен Хушхабарни ёяр эканман, бу билан мақтанишга ҳаққим йўқ, чунки бу зиммамдаги вазифамдир. Аммо Хушхабарни ёймасам, менинг ҳолимга вой!

17Мен буни ўз ташаббусим билан қилаётган бўлсам, мукофотга лойиқ бўлардим. Лекин мукофотга лойиқ эмасман, чунки бор–йўғи зиммамдаги вазифани бажаряпман, бу ишни қилишдан бошқа иложим йўқ.

18У ҳолда менинг мукофотим нима? Мукофотим шундаки, мен Хушхабарни ёйганимда, ҳеч кимдан бирон нарса сўрамайман. Шунинг учун Хушхабарни ёйиш менга баъзи бир ҳуқуқларни берса–да, улардан фойдаланмайман.

19Мен қул эмас, эркин инсон бўлсам–да, ҳаммага қулдай хизмат қилдим. Янада кўпроқ одам Исонинг шогирди бўлсин, деб шундай қилдим.

20Ўша мақсадимни кўзда тутиб, Яҳудийлар билан бирга бўлганимда Яҳудийдай бўлдим, ўзим Мусонинг қонунига тобе бўлмасам–да, бу қонунга тобе бўлганлар орасида бўлганимда, худди улардай яшадим.

21Мусонинг қонунини билмаганлар билан бирга бўлганимда, улар ҳам Исонинг шогирдлари бўлсин, деб худди улардай яшадим. Тўғри, мен Худонинг қонунидан озод эмасман, Масиҳнинг амрларига тобеман.

22Заиф инсонлар ҳам Исони танисинлар деб, уларнинг орасида бўлганимда заиф инсондай бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қай йўл билан бўлса–да қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим.

23Мен буларнинг ҳаммасини Хушхабарни ёйиш ниятида қиламан, токи Хушхабар келтирадиган қут–баракалардан баҳраманд бўлай.

24Биласизлар–ку, мусобақада кўп югурувчилар қатнашади, аммо фақат бир киши ютиб, мукофот олади. Сизлар ҳам шундай югурингки, мукофотни қўлга киритинглар.

25Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган тож олиш учун шундай қиладилар, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз.

26Шунинг учун мен мақсадсиз югурмайман, курашганимда зарбаларим аниқ бўлади.

27Танамни чиниқтириб, уни ўз ихтиёримга бўйсундираман, токи бошқаларга Хушхабарни ваъз қилиб туриб, ўзим мукофотга нолойиқ бўлиб қолмайин.

r>