Левилар 18:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Мусо орқали

2Исроил халқига шундай деди: “Мен Эгангиз Худоман.

3Сизлар яшаб юрган Миср халқининг одатларига ва Мен сизларни олиб бораётган Канъон юртидаги халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг удумларига эргашманглар.

4Фақат Менинг қонунларимга итоат этинглар, қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар. Зотан Мен Эгангиз Худоман.

5Қонун–қоидаларимга амал қилинглар. Уларга риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлар. Мен Эгангизман.

6Туғишган яқин қариндошингиз билан ётманг. Мен Эгангизман.

7Онангиз билан ётиб, отангизнинг шаънига доғ туширманг. У онангиз бўлгани учун у билан ётманг.

8Отангизнинг хотини билан ётманг, бундай қилиб отангизнинг шаънига доғ туширманг.

9Туғишган ёки ўгай опа–синглингиз билан ётманг. У отангизнинг қизи ёки онангизнинг қизи бўлишидан қатъий назар, сиз билан бир уйда катта бўлган ёки бошқа жойда ўсганидан қатъий назар, у билан ётманг.

10Ўз неварангиз — ўғлингизнинг қизи ёки қизингизнинг қизи билан ётманг. Бундай қилиб ўз шаънингизга доғ туширманг.

11Отангиздан туғилган, ўгай онангизнинг қизи билан ётманг, чунки у сизнинг ўгай синглингиздир.

12Аммангиз билан ётманг, чунки у отангизнинг жигаридир.

13Холангиз билан ётманг, чунки у онангизнинг жигаридир.

14Амакингизнинг шаънига доғ тушириб, унинг хотини билан ётманг. Ахир, у сизнинг келин ойингиздир.

15Келинингиз билан ётманг. У ўғлингизнинг хотинидир.

16Ака–укангизнинг хотини билан ётманг. Бундай қилиб акангизнинг шаънига доғ туширманг.

17Сиз бирор аёл билан ётган бўлсангиз, ўша аёлнинг қизи ёки қиз невараси билан ётманг. У ўғлининг қизи ёки қизининг қизи бўлишидан қатъий назар, у билан ётманг, улар қондошдир. Бундай қилиш бузуқликдир.

18Хотинингизнинг синглисини хотинингизга кундош қилманг. Хотинингиз тирик экан, унинг синглиси билан ётманг.

19Ҳайз кўриб ҳаром бўлган аёл билан ётманг.

20Қўшнингизнинг хотини билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг.

21Болаларингизнинг бирортасини Мўлахга қурбонлик қилиб, Мен, Худойингизни бадном қилманг. Мен Эгангизман.

22Аёл билан ётгандай, эркак киши билан ётманг. Бу жирканчдир.

23Ҳайвон билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг. Аёл киши ҳам ўзини ҳайвонга қўйиб бериб, у билан жинсий алоқа қилмасин. Бу Худо яратган тартибнинг бузилишидир.

24Бундай ишлар қилиб ўзингизни булғаманг. Мен олдингиздан ҳайдаётган халқлар ана шундай ишлари туфайли булғанган эдилар.

25Натижада бутун юрт ҳаром бўлиб кетди. Мен юртни жазоладим, юрт эса у ердаги халқларни қусиб юборди.

26Сизлар Менинг қонун–қоидаларимга риоя қилинглар. Исроил халқидан бўлганлар ва орангизда яшаётган мусофирлар бундай жирканч ишларни қилмасин.

27Зотан сизлардан олдин мана шу юртда яшаган халқлар бу жирканч ишларнинг ҳаммасини қилиб, юртни булғаган эдилар.

28Агар сизлар ҳам юртни булғасангиз, бу юрт олдинги халқларни қусиб юборгандай сизларни ҳам қусиб юборади.

29Бундай жирканч ишни қилган ҳар қандай одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

30Хуллас, талабларимни бажаринглар. Сизлардан олдин бу юртда қилинган жирканч ишларни қилиб, ўзингизни булғаманглар. Зотан Мен Эгангиз Худоман.”

e>