Левилар 22:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Мусо орқали

2Ҳорун ва унинг ўғилларига шундай деди: “Сизлар Исроил халқининг Менга бағишлаган эҳсонлари билан эҳтиёткор бўлинглар, яна Мени — Муқаддас Худони бадном қилиб қўйманглар. Мен Эгангизман.

3Агар наслингиздан биронтаси ҳаром бўла туриб, Исроил халқи Менга бағишлаган эҳсонларга яқинлашса, у Менинг ҳузуримда бошқа хизмат қилмайдиган бўлсин. Мен Эгангизман.

4Ҳоруннинг наслидан тери касаллигига чалинган ёки ажралмаси оққан ҳеч ким покланмагунча эҳсондан тановул қилмасин. Борди–ю, руҳонийлардан бирортаси жасад туфайли булғанган нарсага тегса ёки жинсий аъзосидан маний оқса,

5ёҳуд ўрмалаб юрадиган ҳаром жониворга ё ҳаром бўлган одамга тегса, ўзи ҳаром бўлган ҳисобланади. У теккан одам қандай йўл билан ҳаром бўлганлигидан қатъий назар,

6руҳоний кечгача ҳаром бўлади. Руҳоний баданини ювмагунича эҳсондан тановул қилмасин.

7Қуёш ботгандан кейин у пок бўлади. Ана шундагина у эҳсонлардан тановул қила олади, чунки бу эҳсонлар унинг таомидир.

8Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиган жониворнинг гўштини руҳоний емасин. Акс ҳолда у ўз ўзини ҳаром қилади. Мен Эгангизман.

9Руҳонийлар талабларимни бажаришсин. Акс ҳолда гуноҳларининг жазосини олиб, талабларимга риоя қилмаганлари учун нобуд бўладилар. Уларни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.

10Руҳоний хонадонига мансуб бўлган кишиларгина эҳсонлардан тановул қилишлари мумкин. Руҳонийникида турган мусофир ёки мардикор эҳсонлардан тановул қилмасин.

11Лекин руҳоний ўз кумушига сотиб олган ёки унинг хонадонида туғилган қулу чўрилар бу назрлардан тановул қилишлари мумкин.

12Агар руҳонийнинг қизи руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одамга турмушга чиқса, эҳсонлардан тановул қилиш унга ман этилсин.

13Борди–ю, руҳонийнинг бу қизи фарзанд кўрмай бева бўлиб қолса ёки эридан ажралса, отасининг хонадонига қайтиб келганидан кейин қизлик давридагидай отасининг таомидан тановул қилиши мумкин. Аммо руҳонийлар қавмига мансуб бўлмаган одам руҳонийнинг таомидан тановул қилмасин.

14Агар бирор одам билмаган ҳолда эҳсондан еб қўйса, у руҳонийга келтирган зарарни тўлаб, устига бешдан бир қисмини қўшиб берсин.

15Руҳонийлар Исроил халқининг Менга келтирган эҳсонларини булғашмасин.

16Уларни бошқаларнинг тановул қилишига йўл қўйишмасин. Акс ҳолда руҳонийлар Исроил халқини айбдор қилиб қўйишади, халқ айб қурбонлиги келтириши керак бўлади. Эҳсонни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”

17Эгамиз Мусо орқали

18Ҳорунга, унинг ўғилларига ва бутун Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: Исроил халқидан ёки орангизда яшаётган мусофирлардан бирортаси берган ваъдаси устидан чиқмоқчи бўлиб ёки кўнгилдан чиқариб, куйдириладиган қурбонлик келтирмоқчи бўлса

19нуқсонсиз буқа, қўчқор ёки такани олиб келсин. Шунда қурбонлиги қабул бўлади.

20Нуқсони бор жониворни олиб келманг, бундай қурбонлигингиз қабул бўлмайди.

21Агар бирортаси берган ваъдаси устидан чиқиш учун ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, подаси ёки сурувидан нуқсонсиз жониворни танлаб олсин. Қурбонлиги қабул бўлиши учун жонивор беками–кўст бўлсин.

22Кўр, жароҳатланган, майиб, ярасидан йиринг оққан, қўтир ёки қичимаси бор жониворни Эгамизга келтирманг, уни оловда куйдириладиган назр сифатида қурбонгоҳ устида куйдирманг.

23Бир туёғи калта ёки узун бўлган бузоқни ёки қўзичоқни кўнгилдан чиқариб берадиган қурбонлик сифатида келтиришингиз мумкин. Лекин бундай жониворни берган ваъдангиз устидан чиқиш учун олиб келманг, у қабул бўлмайди.

24Мояги кўкарган, эзилган, узилган ёки кесиб олинган жониворни Эгамизга келтирманг. Юртингизда бунга йўл қўйманг.

25Худойингизга қурбонлик келтирмоқчи бўлган мусофирдан ҳам майиб жониворни қабул қилманг. Бундай жонивор нуқсонли бўлгани учун қабул бўлмайди.

26Эгамиз Мусога яна деди:

27“Янги туғилган бузоқ, қўзичоқ ёки улоқча етти кун онасининг ёнида бўлсин. Еттинчи кундан кейин уни оловда куйдириб, Менга назр қилишингиз мумкин.

28Лекин подангиздаги ёки сурувингиздаги она, болани бир кунда сўйманг.

29Менга шукрона қурбонлигини келтирмоқчи бўлганингизда қоидаларга риоя қилган ҳолда келтиринг, токи қурбонлигингиз қабул бўлсин.

30Қурбонликнинг гўштини ўша куниёқ тановул қилинг. Ундан эрталабгача ҳеч нарса қолдирманг. Мен Эгангизман.

31Амрларимни битта қолдирмай бажаринг. Мен Эгангизман.

32Мени — Муқаддас Худони бадном қилманг. Бутун Исроил халқи Мени муқаддас деб билсин. Мен сизларни муқаддас қиладиган Эгангизман.

33Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср юртидан олиб чиққанман. Мен Эгангизман.”

e>