Левилар 25:1-55 UZV2013 - Bible AI

1[1-2] Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига Синай тоғида шундай деди: “Мен сизларга бераётган юртга кирганингиздан кейин, ҳар еттинчи йили ерингизга дам беринг.

3Олти йил давомида далаларингизга экин экинглар, узумзорларингизни бутаб, ҳосилини йиғинглар.

4Еттинчи йили эса ер тўлиқ дам олсин, Мен, Эгангизга бағишланган йил бўлсин. Шу йили далаларингизга экин экманглар, узумзорингизни хомток қилманглар.

5Ердан ўсиб чиққан бошоқларни ўрманглар, хомток қилинмаган токдаги узум бошларини йиғманглар. Ер бир йил тўлиқ дам олсин.

6Аммо ўша йили ердан табиий ҳолда ўсиб чиққан ҳамма нарсани ейишингиз мумкин. Булар сизлар учун, қулу чўриларингиз учун, мардикору сизникида вақтинчалик турган мусофирлар учун озуқа бўлади.

7Мол–ҳолингиз ва юртингиздаги ёввойи ҳайвонлар ҳам ер ҳосилидан озиқланишади.

8Етти йилни етти марта қўшиб сана, ҳаммаси бўлиб қирқ тўққиз йил бўлсин.

9Сўнг еттинчи ойнинг ўнинчи куни, яъни Покланиш куни бутун юрт бўйлаб карнайлар чалинсин.

10Эллигинчи йилни муқаддас деб билинг. Ўша йили юрт бўйлаб ҳамма одамга озодлик эълон қилинг. Шу йил сизлар учун Қутлуғ йил бўлсин. Ҳар ким ота–бобосининг жойига, ўз қавмига қайтиб борсин.

11Ҳа, эллигинчи йил сизлар учун Қутлуғ йил бўлсин. Шу йили экин экманглар, ердан ўсиб чиққан бошоқларни ўрманглар, хомток қилинмаган токдаги узум бошларини йиғманглар.

12Бу Қутлуғ йил бўлгани учун, уни муқаддас деб билинглар. Тўғридан–тўғри даладан узилган ҳосилни ейишингиз мумкин.

13Қутлуғ йили ҳаммангиз ота–бобонгиздан қолган мулкингизга қайтиб боринг.

14Ерингизни қўшнингизга сотганингизда ёки қўшнидан ер сотиб олганингизда ғирромлик қилманг.

15Ер сотиб олганингизда ернинг нархи кейинги Қутлуғ йилгача қолган йилларнинг ҳисобига асосланган бўлсин. Сотувчи ернинг нархини қолган ҳосилли йилларнинг миқдорига қараб белгиласин.

16Агар ҳали кўп йил бор бўлса, ернинг баҳосини оширсин. Борди–ю, озроқ йил қолган бўлса, баҳосини камайтирсин. Сотувчи аслида ерни эмас, балки ер берадиган ҳосил миқдорини сотади.

17Ғирромлик қилманг, Мен, Худойингиздан қўрқинг. Мен Эгангиз Худоман.

18Қонун–қоидаларимни битта қолдирмай бажаринг, шунда юртингизда тинч яшайсизлар.

19Ер ҳосилини беради, сизлар тўйгунингизча унинг неъматларидан ейсизлар. Юртингизда бехатар яшайсизлар.

20Сизлар: — Экин экиб ҳосил олмасак еттинчи йили нима еймиз? — деб сўрашингиз мумкин.

21Мен олтинчи йили ҳосилингизга барака бераман. Ўша йили сизлар уч йилга етадиган ҳосил йиғиб оласизлар.

22Саккизинчи йили уруғ экканингизда олтинчи йил давомида йиққан ҳосилдан тановул қиласизлар. Тўққизинчи йили ҳам ҳосилингиз пишгунча ҳануз эски ҳосилдан ейсизлар.

23Ерни фақат вақтинчага сотинг, чунки ер Меникидир. Сизлар эса Менинг еримда яшаб юрган мусофир ва келгиндисизлар.

24Ўз ерини сотган одамга ерини қайта сотиб олиш имкониятини яратиб беринг.

25Агар юртдошингиз қашшоқлашиб мерос қилиб олган ерининг бир қисмини сотса, унинг энг яқин қариндоши сотилган ерни қайтариб сотиб олсин.

26Агар ерни қайтариб сотиб оладиган қариндоши бўлмаса ва у одамнинг ўзи кейинчалик мол–дунё топиб, етарли маблағ йиғса, у ўз ерини қайтариб сотиб олиши мумкин.

27Бунинг учун у Қутлуғ йилгача қолган йиллар давомида ердан олинадиган даромадни ҳисоблаб чиқиб, харидорга тўласин, шундан кейин ўз мулкини қайтариб олсин.

28Борди–ю, ерни қайтариб сотиб олишга қурби етмаса, ер харидорнинг ихтиёрида Қутлуғ йилгача қолсин. Қутлуғ йили ер асл эгасига қайтиб берилсин.

29Борди–ю, бирортаси девор билан ўралган шаҳар ичидаги уйини сотса, сотилган кундан бошлаб бир йил ўтгунча уйини қайтариб сотиб олиши мумкин. Уйни қайтариб сотиб олиш муддати бир йилдир.

30Бир йил ўтгунча у уйини қайтариб сотиб олмаса, девор билан ўралган шаҳар ичидаги бу уй харидорнинг мулкига айланиб, абадий унинг ва наслининг ихтиёрида қолади. Қутлуғ йилида ҳам унинг ихтиёридан чиқмайди.

31Атрофи девор билан ўралмаган қишлоқлардаги уйлар дала сифатида ҳисоблансин. Бундай уйларни ҳар қандай вақтда қайтариб сотиб олиш мумкин, Қутлуғ йилда улар асл эгасига қайтариб берилсин.

32Левиларнинг шаҳарларига келсак, левилар ўз шаҳарларидаги уйларини қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига доимо эга бўлишсин.

33Борди–ю, леви бундай шаҳардаги сотилган уйини қайтариб сотиб олмаса, бу уй унга Қутлуғ йили қайтариб берилсин. Зотан левиларга қарашли шаҳарлардаги уйлари левиларнинг Исроил халқи орасидаги мулкидир.

34Лекин уларнинг шаҳарлари атрофидаги ерлар зинҳор сотилмасин, чунки бу ерлар левиларнинг абадий мулкидир.

35Агар бирор юртдошингиз ночор аҳволга тушиб, сизга қараб қолса, унга ёрдам беринг. У орангизда ғариб ёки мусофирдай яшасин.

36Ундан фойдаланиб пул ишламанг, фойда ҳам олманг, Мен, Худойингиздан қўрқинг. Бундай юртдошингизнинг орангизда яшашига йўл қўйинг.

37Берган қарзингиздан фоиз талаб қилманг, овқатни ўз нархидан қимматга сотманг.

38Мен Эгангиз Худоман. Мен Худойингиз бўлишим учун ва сизларга Канъон юртини бериш учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман.

39Агар юртдошингиздан бирортаси ўта қашшоқлашиб, ўзини сизга сотса, уни қулдай ишлатманг.

40Унга мардикор ёки мусофирдай муомала қилинг. У Қутлуғ йилгача сизникида хизмат қилсин.

41Қутлуғ йили у болалари билан озод бўлсин. Улар ўз хонадонига, ота–боболарининг мулкига қайтиб боришсин.

42Бинобарин улар Менинг қулларимдир, Мен уларни Миср юртидан олиб чиққанман. Уларни қулдай сотманглар.

43Уларга зулм ўтказманглар, Мен, Худойингиздан қўрқинглар.

44Агар қулу чўриларга муҳтож бўлсангиз, уларни атрофингиздаги халқлардан сотиб олишингиз мумкин.

45Орангизда яшаётган мусофирлардан ва уларнинг Исроил юртида туғилган болаларидан ҳам қулу чўрилар сотиб олишингиз мумкин. Улар сизнинг мулкингиз бўлади.

46Уларни ўзингиздан кейин болаларингизга мерос қилиб беришингиз мумкин. Уларга қулларга муомала қилгандай муомала қилинг. Лекин Исроил халқидан бўлган биродарларингизга зулм қилманг.

47Агар орангизда яшаётган мусофир бойлик орттирсаю, Исроиллик биродарингиз эса қашшоқлашиб ўзини мусофирга ёки мусофирнинг қавмидан бўлганларга сотса,

48биродарингиз озод бўлиш ҳуқуқига эга бўлсин. Унинг ака–укаси озодлик ҳақини тўлаб, уни озод қилсин.

49Шунингдек, амакиси, амакиваччаси ёки бошқа бир қариндоши озодлик ҳақини тўлаб, уни озод қилиши мумкин. Сотилган одамнинг ўзи ҳам давлат орттирса, ўз ўзини озод қила олади.

50Бунинг учун у харидори билан келишиб, ўзини сотган йилдан бошлаб Қутлуғ йилгача қолган йилларнинг сонини ҳисоблаб чиқсин. Озодлигининг баҳоси ўша йиллар давомида мардикорга тўланадиган иш ҳақи асосида белгилансин.

51Агар Қутлуғ йилгача ҳали кўп йиллар бор бўлса, озодлик баҳоси харидор тўлаган нархга асосланган бўлсин.

52Борди–ю, Қутлуғ йилгача оз қолган бўлса, қолган йилларни ҳисоблаб, шунга яраша озодлигининг нархини тўласин.

53Мусофир сотиб олган биродарингизга бир йилга ёллаган ишчига муомала қилгандай муомала қилсин. Исроиллик биродарингизга зулм ўтказишига йўл қўйманг.

54Агар сотилган биродарингиз oзодлик ҳақини тўлаб озод бўлмаса, у Қутлуғ йили бола–чақалари билан озод қилинсин.

55Зотан Исроил халқи Менинг қулларимдир, уларни Миср юртидан Мен олиб чиққанман. Мен Эгангиз Худоман.

e>