Луқо 1:1-80 UZV2013 - Bible AI

1Ҳурматли Теофил! Ўзингизга маълумки, кўп одамлар орамизда Худонинг қилган ишлари тафсилотини ёзишга киришганлар.

2Бу воқеаларни ёзишда улар бўлиб ўтган ҳодисаларни бошидан кўрган ва уларни бизга етказган одамларнинг сўзларини асос қилиб олганлар.

3Шунинг учун, мен ҳам ҳаммасини бошидан синчиклаб текширганимдан кейингина, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб билан сизга ёзиб беришга қарор қилдим,

4токи сизга ўргатилган таълимотнинг ҳақиқийлигига ўзингиз ишонч ҳосил қилинг.

5Яҳудия шоҳи Ҳирод даврида Закариё деган бир руҳоний бор эди. У Абиё уруғидан келиб чиққанди, xотини Элизабет эса Ҳорун наслидан эди.

6Иккови ҳам Худо олдида солиҳ бўлиб, Эгамизнинг амру фармонларига беками–кўст риоя қилишарди.

7Элизабет бепушт бўлгани учун, уларнинг фарзанди йўқ эди. Бунинг устига иккови ҳам кексайиб қолган эдилар.

8Закариёнинг руҳонийлар бўлинмаси Маъбадда навбатчилик қилаётган кунларнинг бирида, Закариё Худонинг ҳузурида руҳонийлик вазифасини бажараётган эди.

9Руҳонийларнинг одати бўйича, Эгамизнинг Маъбадига кириб хушбўй тутатқилар тутатиш қуръаси унга тушганди.

10Тутатқи тутатиш вақтида катта бир оломон ташқарида ибодат қилаётган эди.

11Шу пайт Эгамизнинг бир фариштаси Закариёга зоҳир бўлди. Фаришта тутатқи қурбонгоҳининг ўнг томонида турарди.

12Закариё уни кўриб, қўрққанидан ўзини йўқотиб қўйди.

13Фаришта унга деди: — Закариё, қўрқма, сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элизабет сенга бир ўғил туғиб беради. Унинг исмини Яҳё қўясан.

14У сенга шодлик ва қувонч келтиради, унинг туғилганидан кўпчилик хурсанд бўлади.

15У Эгамиз назарида улуғ бўлади, шаробу ўткир ичимликларни оғзига олмайди. Онасининг қорнидаёқ Муқаддас Руҳга тўлади.

16Исроил халқидан бўлган кўпларни у Эгаси Худога қайтаради.

17У Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудратига тўлиб, Раббимиз Масиҳдан олдин келади. Раббимизга тайёр бир халқни тақдим қилиш учун, оталарнинг юракларини фарзандларига мойил қилади, итоатсизларнинг фикрини солиҳлар донолиги томон буради.

18Закариё фариштага деди: — Мен бунга қандай амин бўламан? Ахир, мен кексайиб қолганман, хотиним ҳам қариб қолган бўлса?

19Фаришта унга шундай жавоб берди: — Мен Худонинг ҳузурида турадиган Жаброилман. Сен билан гаплашгани, сенга бу Хушхабарни эълон қилгани юборилганман.

20Сенга айтганларим ўз вақтида бажо бўлади. Аммо менинг сўзларимга ишонмаганинг учун тилдан қоласан. Айтганларим бажо бўлмагунча, гапиролмайсан.

21Шу орада Закариёни кутиб турган халқ унинг Маъбадда имиллаб қолганига ҳайрон бўлди.

22Ниҳоят, Закариё ташқарига чиқди, аммо сўзламоққа тили айланмади. Халқ унинг Маъбадда ваҳий кўрганлигини тушунди. Закариё соқов бўлиб қолгани учун халқ билан имо–ишоралар орқали сўзлашишга мажбур бўлди.

23Маъбаддаги хизмат муддати тугагач, Закариё уйига қайтиб борди.

24Орадан кўп ўтмай, хотини Элизабет ҳомиладор бўлди. У дастлабки беш ой давомида уйидан чиқмай юрди. У шундай дерди:

25“Буни мен учун Эгам қилди. У менга марҳамат кўрсатиб, халқ орасида мени шармандаликдан қутқарди.”

26Элизабетнинг ҳомиласи олти ойлик бўлганда, Худо фаришта Жаброилни Жалиланинг Носира деган шаҳрига,

27Довуд авлодидан Юсуф исмли йигитга унаштирилган бир қизга юборди. Қизнинг оти Марям эди.

28Фаришта унинг олдига бориб:

28— Салом, эй Худо ёрлақаган қиз! Эгамиз сен биландир, — деди.

29Марям фариштанинг сўзларидан саросимага тушди. “Бундай саломлашув нимани билдирар экан?” деб ўйланиб қолди.

30Фаришта унга деди: — Марям, қўрқма, сен Худодан иноят топдинг.

31Сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Унинг исмини Исо қўясан.

32У буюк бўлади. Уни Худойи Таолонинг Ўғли деб аташади. Эгамиз Худо Унга бобоси Довуднинг тахтини беради.

33У то абад Ёқуб насли устидан ҳукмронлик қилади, ҳукмронлигининг охири бўлмайди.

34— Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади? — деб сўради фариштадан Марям.

35Фаришта жавоб берди:

35Муқаддас Руҳ сени қамраб олади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу боис туғадиган Ўғлинг муқаддас бўлади, У Худонинг Ўғли деб аталади.

36Мана, қариндошинг Элизабет ҳам қарилигида ҳомиладор бўлди, у ўғил туғади. Ҳомиласи олти ойлик. Одамлар эса уни бепушт деб айтардилар.

37Худо учун имконсиз нарса йўқ!

38— Мен Эгамнинг бандасиман. Ҳаммаси сен айтгандай бўлсин, — деб жавоб берди Марям. Шундан кейин фаришта кетди.

39Кўп ўтмай Марям шошилганича Яҳудия қирларидаги шаҳарга йўл олди.

40У Закариёнинг уйига кириб, Элизабет билан саломлашди.

41Элизабет Марямнинг саломини эшитгани заҳоти қорнидаги боласи ўйноқлаб кетди. Элизабет Муқаддас Руҳга тўлиб,

42баланд овозда шундай хитоб қилди:

42— Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги бола ҳам муборакдир!

43Мен ким бўлибманки, Раббим Масиҳнинг онаси менинг ҳузуримга келибди!

44Сенинг саломинг қулоғимга етиши биланоқ, қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди.

45Нақадар бахтлисан! Чунки Эгамиз айтганларини амалга оширишига сен ишондинг.

46Марям шундай деди:
“Бутун вужудим билан Эгамни улуғлайман,

47Нажоткорим Худодан кўнглим шод–хуррам.

48Ахир, У мендай арзимас бандасига назар солди. Жамики насллар энди мени бахтли деб айтади.

49Зотан, Қодир Худо мен учун буюк ишлар қилди, Муқаддасдир Унинг номи.

50Ундан қўрққанларга У насллар оша марҳамат қилади.

51У Ўзининг қудратини кўрсатди, Юраги такаббурларни тўзғитиб ташлади.

52Ҳукмдорларни тахтларидан туширди, Фақирларни эса юксалтирди.

53Очларни неъматлар ила тўйдирди, Бойларни эса қуруқ жўнатди.

54[54-55] Ота–боболаримизга берган ваъдаси бўйича, Иброҳимга, унинг наслига Шафқат қилишни то абад ёдида тутди. Қули Исроилга ёрдам берди.”

56Шундай қилиб, Марям Элизабетникида уч ойча қолди, кейин уйига қайтиб кетди.

57Элизабетнинг ой–куни етиб, ўғил туғди.

58Қўни–қўшни ва қариндошлари Эгамизнинг унга кўрсатган буюк марҳаматини эшитиб, у билан бирга қувонишди.

59Улар саккизинчи куни боланинг суннатига келишди. Унга Закариё, деб отасининг исмини қўймоқчи бўлишди.

60Бунга боланинг онаси эътироз билдириб:

60— Йўқ, исмини Яҳё қўямиз, — деди.

61Лекин бошқалар:

61— Қариндош–уруғинг орасида бу исм билан аталган ҳеч ким йўқ–ку, — дейишди унга.

62Шу пайт отасига имо–ишора қилиб, ундан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрашди.

63Закариё имо–ишора орқали бир тахтача сўради ва: “Унинг исми Яҳё бўлади”, — деб ёзди. Ҳамма ҳайрон қолди.

64Шу пайт Закариё яна тилга кириб, гапира бошлади ва Худога ҳамду сано айтди.

65Ҳамма қўшнилари ҳайратда қолди, бутун Яҳудия қирларида бу воқеа овоза бўлиб кетди.

66Бу ҳақда эшитганларнинг ҳаммаси: “Ажабо, бу бола ким бўларкин?” — дея мулоҳаза қилишарди. Чунки Эгамизнинг қудрати унда намоён эди.

67Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қила бошлади:

68“Исроилнинг Худоси Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бизга ёрдамга келди, Ўз халқини асоратдан халос қилди.

69[69-70] Азалдан бизга ваъда бергандай, Муқаддас пайғамбарлари орқали айтгандай, Қули Довуд хонадонидан Бизга қудратли Нажоткорни юборди.

70

71Токи У бизни душманларимиздан қутқарсин, Биздан нафратланадиганларнинг ҳаммасидан халос этсин.

72Шундай қилиб, Худо ота–боболаримизга илтифот айлади, Муқаддас аҳдини ёдида тутди.

73Отамиз Иброҳимга берган ўша қасамёдига кўра,

74У бизни ёвларимиз қўлидан қутқарди, Энди биз Унга қўрқмасдан хизмат қила оламиз.

75Бутун умримиз давомида Унинг олдида муқаддас ва солиҳ бўла оламиз.

76Сен ҳам, болажоним, Худойи Таолонинг пайғамбари деб аталасан. Зеро, сен Раббимиз Масиҳдан олдин юрасан, У юрадиган йўлни ҳозирлайсан.

77Халқига нажот топишларини эълон қиласан, Худо уларнинг гуноҳларини кечиришини айтасан.

78Зеро, Худойимиз меҳр–шафқатга бой, У самодан бизга уфқ нурини сочади.

79Зулматда, ўлим соясида ўтирганларни ёритади, Тинчликка олиб борадиган йўлни бизга кўрсатади.”

80Бола улғайиб, руҳан кучайди. Исроил халқига хизмат қиладиган вақти келмагунча, саҳрода яшади.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>