13Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди. У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди.
14Борини исроф қилганидан кейин, ўша мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди.
15У бориб, ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У эса йигитни ўз даласидаги чўчқаларни боқишга юборибди.
16Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.
17Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди: “Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса бу ерда очликдан ўляпман.
18Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим.
19Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”
20Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини кучоқлаб, ўпибди.
21Кейин ўғли отасига айтибди: — Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз, деб аталишга лойиқ эмасман.
22Отаси эса хизматкорларига буюрибди: — Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар, оёқларига чориқ кийгизинглар.
23Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик, хурсандчилик қилайлик.
24Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.
24Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар.
25Катта ўғил шу пайтда далада экан. Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди.
26Хизматкорлардан бирини чақириб:
26— Нима гап? — деб сўрабди.
27— Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.
28Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди.
29Аммо у отасига шундай жавоб берибди:
29— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз.
30Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!
31Отаси унга шундай жавоб берибди: — Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники.
32Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.”