1Исо Маъбаднинг эҳсон қутисига назар солар экан, эҳсон ташлаб турган бой одамларни кўрди.
2Шунингдек, икки чақа ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди.
3Шунда Исо деди: “Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева ҳаммадан кўпроқ эҳсон берди.
4Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Аммо бу аёл камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини ташлади.”
5Шогирдлардан баъзилари Маъбаднинг гўзал тошлар ва Худога назр қилинган инъомлар билан безатилгани тўғрисида гаплашаётган эдилар. Шунда Исо деди:
6— Шундай кунлар келадики, сиз кўриб турганларнинг ҳаммаси вайрон бўлади. Бу ерда тош устида турган биронта тош қолмайди.
7Улар Исодан сўрадилар: — Устоз, бу ҳодисалар қачон юз беради? Тез орада юз беришини нимадан билсак бўлади?
8Исо деди: — Эҳтиёт бўлинглар, йўлдан озманглар, чунки кўпчилик ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, “Вақт яқин”, деб айтади. Уларга эргашманглар.
9Сизлар уруш ва исёнлар тўғрисида хабарларни эшитганингизда, ваҳимага тушманглар, чунки бу ҳодисалар биринчи бўлиб содир бўлиши керак. Аммо бу ҳали сўнгги ниҳоя эмас.
22Чунки Худонинг қасос оладиган кунлари келди. Ўша кунларда ҳамма башоратлар амалга ошади.
23У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзини катта мусибат чулғаб олади, бу халқнинг бошига Худонинг ғазаби ёғилади.
24Баъзилари қиличдан ўтказилади, бошқалари барча юртларга асир қилиб олиб кетилади. Ғайрияҳудийларнинг давру даврони тугамагунча, улар Қуддусни оёқ ости қиладилар.”
25“Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар пайдо бўлади. Денгизлар ва тўлқинлар шовқинидан халқлар саросимага тушиб, изтироб чекади.
26Одамлар дунёга келадиган фалокатларни кўриб, қўрқувдан ҳушидан кетадилар. Чунки ўшанда самовий кучлар ларзага келади.
27Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.
31Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, Худонинг Шоҳлиги яқин.
32Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.
33Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.
34Ҳушёр бўлинглар! Кайфу сафога, бу ҳаётнинг ташвишларига берилиб кетманглар. Тағин ўша кун келиб қолганда сизлар тўсатдан тўрга тушган одамларга ўхшаб қолманглар!
35Чунки у кун бутун ер юзида яшовчиларнинг бошига тушади.
36Доим ҳушёр бўлинглар. Юз берадиган бу ҳамма мусибатлардан қутула олишингиз ва Инсон Ўғли олдида муносиб тура олишингиз учун доимо ибодатда бўлинглар.”
37Ҳар куни Исо Маъбадда таълим берарди, кечалари эса шаҳардан чиқиб, тунни Зайтун деб аталадиган тоғда ўтказар эди.