Луқо 4:1-44 UZV2013 - Bible AI

1Исо Иордан дарёсидан Муқаддас Руҳга тўлиб қайтди. Руҳ Уни саҳрога бошлаб кетди.

2Саҳрода Исони иблис қирқ кун васвасага солди. Ўша кунлар давомида Исо ҳеч нарса емади, охири оч қолди.

3Шунда иблис Исога деди:

3— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин!

4Исо унга шундай жавоб берди: — Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан яшамайди.”

5Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди.

6У Исога деди:

6— Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон–шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман.

7Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади.

8Исо жавоб бериб деди: — Ёзилганки: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил.”

9Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла.

10Ахир, ёзилган–ку:
Фаришталар сени қўриқлайди.

10“У сен тўғрингда фаришталарига амр беради,

11Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин, дея Фаришталар қўлларида сени кўтариб боради.”

12Исо иблисга жавобан деди: — Яна ёзилганки: “Эганг Худони синама.”

13Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан кейин вақтинча Унинг ёнидан кетди.

14Исо Руҳ қудратига тўлиб, Жалилага қайтди. У ҳақидаги овоза бутун атрофга тарқалди.

15У яҳудийлар синагогаларида таълим берарди, ҳамма Уни мақтарди.

16Сўнг Исо Ўзи улғайиб ўсган шаҳри Носирага борди. Ўз одати бўйича Шаббат кунида синагогага кириб, Муқаддас Битикларни ўқиш учун ўрнидан турди.

17Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрамини узатдилар. У ўрамни очиб, қуйидаги парчани топиб ўқиди:

18“Эгамизнинг Руҳи мени қамради. Йўқсилларга Хушхабар етказмоқ учун, Эгам мени танлади. Зиндондагиларга қутуласиз, деб айтмоқ учун, Кўрларга, кўзингиз очилади, деб хабар бермоқ учун, Асирларни озод қилмоқ учун,

19Эгамнинг марҳамат йилини маълум этмоқ учун, Эгам Мени юборди.”

20Кейин Исо ўрамни қайта ўради–да, хизматчига бериб, жойига ўтирди. Синагогадаги барчанинг кўзи Унга тикилди.

21Исо уларга деди:

21— Сизлар эшитган бу калом шу бугун бажо бўлди.

22Ҳамма Исони мақтар эди. Унинг латиф сўзларига маҳлиё бўлиб: “Наҳот бу Юсуфнинг ўғли бўлса?!” — деб айтишарди.

23Исо уларга деди: — Билиб турибман, сизлар: “Эй табиб, ўзингни ўзинг даволаб кўр–чи!” деган иборани юзимга солмоқчисизлар. “Кафарнаҳумда қилган мўъжизалар ҳақида хабар топдик. Ўшаларни Ўз шаҳрингда ҳам қил”, деб айтмоқчисизлар.

24Сўнг Исо гапида давом этиб, деди: — Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди.

25Сизларга яна бир ҳақиқатни айтаман: Илёс пайғамбар даврида Исроилда кўп бевалар бор эди. Осмондан уч йилу олти ой давомида бир томчи ҳам ёмғир ёғмади, бутун юртда даҳшатли очарчилик бўлди.

26Аммо Худо Илёсни уларнинг биронтасига юбормай, фақатгина Сидон шаҳри яқинидаги Зорафатда яшовчи бир бевага юборган эди.

27Худди шу сингари Элиша пайғамбар даврида ҳам Исроилда тери касаллигига чалинган кўп одамлар бор эди. Аммо биронтаси ҳам шифо топмади, фақат Суриялик Нўмон шифо топди, холос.

28Синагогадаги одамлар буларни эшитгач, ҳаммалари ғазабланишди.

29Ўринларидан сакраб туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Носира шаҳри тепалик устида жойлашган эди. Одамлар Исони ўша тепаликнинг четига олиб бориб, жарликка ташламоқчи бўлишди.

30Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, ўз йўлига кетди.

31Исо Жалиладаги Кафарнаҳум шаҳрига борди. Шаббат кунларида халққа таълим берадиган бўлди.

32Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У ҳокимият билан гапирарди.

33Шаҳардаги синагогада жинга чалинган бир одам бор эди. У овози борича бақириб деди:

34— Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми?! Сенинг кимлигингни биламиз: Сен Худонинг Азизисан!

35Бироқ Исо жинга дўқ уриб: — Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди. Шунда жин ҳамманинг кўзи олдида ҳалиги одамни ерга ағнатиб, унинг ичидан чиқиб кетди. Одам ҳеч қандай зарар кўрмади.

36Ҳамма ҳайратда қолди.

36— Нима бўляпти ўзи?! У қудрату ҳокимият билан буйруқ берганда ёвуз руҳлар чиқиб кетяпти! — деб бир–бирларига гапирардилар.

37Исо ҳақидаги овоза бутун теварак–атрофга тарқалди.

38Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнанаси қаттиқ иситмалаб ётган экан. Исодан, касални кўриб қўйинг, деб илтимос қилишди.

39Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмага: “Аёлни тарк эт!” — деб буйруқ берди. Иситма аёлни тарк этди. Аёл ўша заҳоти ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади.

40Қуёш ботаётган пайтда, одамлар турли хасталикдан азоб чекаётган қариндош–уруғларини Исонинг олдига олиб келдилар. Исо ҳамма хасталарга қўлини қўйиб, шифо берди.

41Жинлар эса: “Сен Худонинг Ўғлисан!” — деб бақирганларича, кўплаб одамларни тарк этардилар. Исо жинларга дўқ уриб, уларнинг гапиришларига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг Масиҳ эканини билишарди.

42Тонг отгач, Исо шаҳарни тарк этиб, кимсасиз бир жойга кетди. Бир тўда оломон Уни излаб ортидан борди. Улар Исони топганларидан сўнг: “Ёнимиздан кетманг”, деб Уни олиб қолишга ҳаракат қилдилар.

43Исо эса одамларга шундай деди:

43— Мен Худо Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларда ҳам эълон қилишим керак, Мен шу мақсадда юборилганман.

44Шундай қилиб, Исо юртдаги синагогаларда воизлик қилишни давом эттирди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>