1Шаббат кунларининг бирида Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари бошоқлардан узиб олиб, кафтларида уқалаб, донларини еяётган эдилар.
2Баъзи фарзийлар эса уларга деди:
2— Нега сизлар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляпсизлар?
3Исо уларга шундай жавоб берди: — Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?!
4У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!
5Исо яна деди: — Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.
6Бошқа Шаббат куни Исо синагогага кириб таълим берди. У ерда ўнг қўли қуриб қолган бир одам бор эди.
7Таврот тафсирчилари билан фарзийлар Исони айблаш учун бирон сабаб топиш мақсадида: “Исо Шаббат куни ҳам бу одамга шифо берармикан”, деб Уни кузатиб турардилар.
8Исо уларнинг бу ниятини била туриб, қўли шол одамга:
8— Ўрнингдан туриб олдинга чиқ! — деб буюрди. У олдинга чиқди.
9Исо йиғилганларга деди: — Сизларга бир саволим бор. Қонунга мувофиқ Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни халос қилиш керакми ёки нобуд қилишми?
10Исо уларнинг ҳаммасига назар ташлаб чиқди–да, у одамга: — Қўлингни узат! — деди. У одам қўлини узатиши биланоқ қўли соппа–соғ бўлиб қолди.
11Тафсирчилар билан фарзийлар ғазабдан жазаваси тутиб, Исони нима қилсак экан, деб муҳокама қила бошладилар.
13Тонг отгач, шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн иккитасини танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди:
14Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди), унинг укаси Идрис, Ёқуб, Юҳанно, Филип, Бартоломей,
15Матто, Тўма, Алфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар деб ном олган Шимўн,
16Ёқуб ўғли Яҳудо ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.
17Шундан сўнг Исо улар билан бирга пастга тушиб, текис жойда тўхтади. Бу ерда Унинг кўплаб шогирдлари, шунингдек, бутун Яҳудиядан, Қуддусдан, Тир ва Сидон соҳилларидан келган бир талай оломон бор эди.
18Улар Исони тинглагани ва хасталикларидан фориғ бўлгани келган эдилар. Ёвуз руҳлардан азоб чекаётган одамлар ҳам шифо топдилар.
19Ҳамма одамлар қўлларини Исога теккизишга уринарди, чунки Ундан бир куч чиқиб, ҳаммага шифо берарди.
29Бир чаккангизга урсалар, иккинчисини ҳам тутинг. Агар кимдир тўнингизни тортиб олса, кўйлагингизни ҳам ечиб беринг.
30Сиздан сўраганларнинг ҳаммасига беринг. Агар кимдир нарсангизни тортиб олса, “Қайтариб бер”, деб талаб қилманг.
31Одамлар сизларга нима қилишларини истасангизлар, сиз ҳам уларга ўшани қилинглар.
32Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, қандай савоб қилган бўласизлар?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни яхши кўрадилар.
33Агар ўзингизга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар.
34Агар сиз қайтариб олишга умид қилиб қарз берсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қанча қарзлари бўлса, ҳаммасини қайтариб олиш мақсадида гуноҳкорларга қарз берадилар.
35Лекин сиз душманларингизни севинг, уларга яхшилик қилинг, қайтариб беришини ўйламай, қарз беринг. Шунда буюк мукофот олиб, Худойи Таолонинг фарзандлари бўласизлар. Ахир, Унинг Ўзи ҳам ношукурларга ва фосиқларга меҳрибон–ку!
36Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар.”
38Бошқаларга беринг, Худо ҳам сизларга беради, мўл–кўл қилиб беради, босиб, силкитиб тўлдирилган, тошиб–тўкилган ўлчов билан қўйнингизни тўлдиради. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, Худо ҳам сизларга худди шундай ўлчов билан ўлчаб беради.”
39Исо уларга қуйидаги матални ҳам айтиб берди: “Кўр одам кўрни етаклаб юра оладими?! Иккаласи ҳам чуқурга қулаб тушади–ку!
40Шогирд устозидан устун бўлмас. Аммо мукаммал билим эгаллаган шогирд устозидай бўлар.
41Нима учун сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?
42Кўзингдаги ходани кўрмай туриб қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай”, деб айтасан? Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.”
43“Яхши дарахт ёмон мева бермас, ёмон дарахт эса яхши мева бермас.
44Ҳар бир дарахтнинг қандайлиги ўз мевасидан билинади. Тиканзордан анжир терилмайди, бутазордан узум узилмайди.
45Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. Одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади.”
46“Нега сизлар Мени “Ё Раббий, ё Раббий!” деб чақирасиз–у, аммо айтганларимни қилмайсизлар?
47Менинг олдимга келган ва сўзларимни эшитиб, уларга риоя қилган одам кимга ўхшашини биласизларми?
48Уй қураётганда, чуқур ҳандақ қазиб, тош устига пойдевор ўрнатган кишига ўхшайди у. Сел тошиб, ўша уйни сув босади, лекин уйни қўзғата олмайди. Чунки уй маҳкам ўрнатилган.
49Аммо Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя қилмайдиган одам уйни тупроқ устига, пойдеворсиз қурган кишига ўхшайди. Уйни сув босганда, уй ўша заҳоти қулаб тушади. Уй бутунлай вайрон бўлади.”