Луқо 9:1-62 UZV2013 - Bible AI

1Исо ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, уларга ҳамма жинларни қувиб чиқариш ва касалликларни даволаш қудрати ва ҳокимиятини берди.

2Исо уларни Худонинг Шоҳлигини эълон қилишга ва хасталарни шифолашга юборар экан,

3шундай деди: “Йўлга ҳеч нарса олманглар: ҳасса ҳам, тўрва ҳам, нон, пул, ҳатто қўшимча кийим ҳам олманглар.

4Қайси уйга кирсангизлар, ўша шаҳардан кетгунингизча шу уйда қолинглар.

5Агар бирор шаҳарда сизни қабул қилмасалар, у ердан чиқаётганингизда уларга огоҳлантириш тариқасида оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар.”

6Ҳаворийлар кетдилар. Қишлоқма–қишлоқ юриб, ҳамма ёқда Хушхабарни эълон қилдилар, хасталарга шифо бердилар.

7Вилоят ҳукмдори Ҳирод содир бўлаётган ажойиботлар ҳақида эшитиб, эсанкираб қолди. Чунки баъзилар: “Яҳё тирилиб келибди”, — десалар,

8бошқалар: “Илёс пайғамбар зоҳир бўлибди”, — дер эдилар. Яна бошқалар бўлса: “Қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келибди”, — дейишарди.

9Ҳирод: “Мен Яҳёнинг бошини олдирган эдим, аммо менга айтишаётган бу одам ким бўлди экан?” — деб Исони кўргиси келди.

10Ҳаворийлар қайтиб келдилар ва қилган ҳамма ишларини Исога айтиб бердилар. Исо фақатгина ҳаворийлари билан вақт ўтказмоқчи бўлиб, уларни Байтсайда шаҳрига олиб кетди.

11Оломон эса бу ҳақда хабар топиб, Унинг орқасидан эргашди. Исо оломонни яхши кутиб олди, уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди, шифога муҳтожларни шифолади.

12Кун ботиб, кеч кира бошлади. Ўн икки ҳаворий Исонинг олдига келиб дедилар: — Одамларни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга, овулларга бориб, ўзларига тунаш учун жой ва егулик топсинлар. Ахир, биз кимсасиз жойдамиз.

13— Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо. — Бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ–ку! — дея жавоб берди шогирдлар. — Нима, биз бориб, шунча одамга овқат сотиб олайликми?!

14У ерда тахминан беш мингга яқин эркак бор эди. Исо шогирдларига деди: — Одамларни элликта–элликта қилиб ўтқазинглар.

15Шогирдлар айтилгандай қилиб, ҳаммани ерга ўтқаздилар.

16Исо бешта нон билан иккита балиқни олди, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. Сўнг буларни синдириб, халққа тарқатиш учун шогирдларига берди.

17Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган бурдаларни йиғиб олишганда, ўн икки сават чиқди.

18Бир куни Исо ёлғиз Ўзи ибодат қилаётганда, шогирдлари келиб қолишди. Исо улардан: — Халқ Мени ким деб билади? — дея сўради.

19Улар шундай жавоб бердилар:

19— Баъзилар Сизни Яҳё чўмдирувчи деб ҳисоблайдилар, баъзилар Илёс, бошқалари эса, қадимги пайғамбарлардан бири тирилиб келган, деб айтиб юрибдилар.

20— Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз? — деб сўради Исо. — Сиз Худо юборган Масиҳсиз! — деб жавоб берди Бутрус.

21Исо шогирдларига: “Буларни ҳеч кимга айтманглар, — деб қатъий огоҳлантириб гапирди.

22Инсон Ўғли кўп азоб чекади. Оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари томонидан рад қилиниб, ўлдирилади. Учинчи куни эса тирилади.”

23Сўнг ҳаммага деди: “Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ҳар куни ўз хочини кўтариб, ортимдан юрсин.

24Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади.

25Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, бироқ ўз ҳаётига ўзи зомин бўлса, бундан унга нима фойда?!

26Мендан ва Менинг сўзларимдан уялманглар! Акс ҳолда Инсон Ўғли Ўзининг, Отасининг ва муқаддас фаришталарнинг улуғворлигида келганда, У ҳам сизлардан уялади.

27Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари Худонинг Шоҳлигини кўрмагунча, ўлмайдилар.”

28Исо бу гапларни айтгандан кейин орадан саккиз кун ўтди. У Бутрусни, Юҳанно билан Ёқубни олиб, ибодат қилгани тоққа чиқди.

29Ибодат пайтида Исонинг юзи ўзгарди, кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.

30[30-31] Бирданига Исонинг олдида икки одам пайдо бўлди, уларнинг бутун борлиғи нур таратиб турарди. Бу икки одам Мусо ва Илёс бўлиб, Исо билан гаплашаётган эдилар. Улар Исонинг тез орада Қуддусга бориши ва у ерда Худонинг режасини амалга ошириб, оламдан ўтиши тўғрисида суҳбатлашаётган эдилар.

32Бутрус ва у билан бирга бўлганлар қаттиқ уйқуга кетган эдилар. Улар бирдан уйғониб, Исонинг улуғворлигини ва Унинг ёнида турган икки одамни кўрдилар.

33Бу икки одам кетмоқчи бўлиб турганда Бутрус Исога деди: Аммо у нима деб айтаётганини ўзи ҳам билмас эди.

33— Устоз, яхши ҳам шу ерда эканмиз! Келинг, учта чайла ясайлик, биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

34У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут остида қолган шогирдлар қўрқиб кетдилар.

35Булут орасидан эса шундай овоз эшитилди:

35— Бу Менинг Ўғлимдир, Мен Уни танладим. Унга қулоқ солинглар!

36Овоз тингандан кейин, шогирдлар Исонинг у ерда ёлғиз қолганини кўрдилар. Шогирдлар кўрганларини сир сақлаб, ўша кунларда ҳеч кимга айтмадилар.

37Эртаси куни Исо ва Унинг уч шогирди тоғдан тушдилар. Исони катта оломон кутиб олди.

38Тўсатдан оломон орасидан бир одам бақириб колди:

38— Устоз! Ёлвораман, ўғлимни кўриб қўйинг! У менинг яккаю ягона ўғлим!

39Баъзан уни жин тутиб туради. Шунда ўғлим бирданига бақириб қолади. Оғзидан кўпик чиққунча, жин уни дағ–дағ қалтиратади. Болани ўлгудай чарчатиб, азоб беради.

40Мен шогирдларингизга, жинни қувиб чиқаринглар, деб ёлвордим, аммо улар эплай олмадилар.

41Исо шундай жавоб берди: — Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Ўғлингни бу ерга олиб кел!

42Бола яқинлашаётганда, жин уни ерга ағнатиб, қалтирата бошлади. Лекин Исо ёвуз руҳга дўқ уриб, болага шифо берди. Сўнг уни отасига топширди.

43Ҳамма Худонинг қудратига ҳайрон қолди.

43Одамлар Исонинг қилаётган ишларидан ҳайратланаётган эдилар. Шунда Исо Ўз шогирдларига деди:

44“Сизлар бу сўзларимни қулоқларингизга қуйиб олинглар! Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.”

45Аммо шогирдлар бу сўзларни тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси улар учун қоронғи бўлиб, уни англамадилар. “Бу нима деганингиз?” — деб Исодан сўрашга ҳам ботина олмадилар.

46Шогирдлар ўртасида: “Орамизда энг катта ким?” — деган баҳс бўлди.

47Уларнинг бу ўй–хаёлларини билган Исо бир болани олиб Ўзининг ёнига турғизди–да,

48уларга деди:

48— Ким бу болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, Мени Юборганни қабул қилган бўлади. Ораларингиздаги энг кичигингиз аслида энг каттангиздир.

49Шунда Юҳанно деди: — Устоз! Биз бир одамни кўрдик. У Сизнинг номингиз билан жинларни қувиб чиқараётган экан. У биз билан юрмагани сабабли, унга бундай қилишни ман этдик.

50— Ман этманг! — деди Исо. — Кимки сизларга қарши бўлмаса, у сиз томонда.

51Исонинг осмонга кўтариладиган куни яқинлашиб келаркан, У Қуддусга боришга қарор қилди.

52Ўзидан олдин хабарчиларни юборди. Улар Исонинг келишига ҳозирлик кўриш учун Самариянинг бир қишлоғига кирдилар.

53Аммо Самарияликлар Исони қабул қилмадилар, чунки У Қуддусга кетаётган эди.

54Унинг шогирдлари Ёқуб билан Юҳанно бу вазиятни кўриб, шундай дедилар:

54Ҳазрат, истасангиз, биз: “Осмондан олов тушсин! Буларни йўқ қилиб юборсин!” деб буюрамиз.

55Исо эса ўгирилиб қаради–да, уларни койиди.

56Шундан кейин улар бошқа қишлоққа кетдилар.

57Йўлда кетаётганларида, бир одам Исога: — Қаерга борсангиз ҳам, мен ортингиздан бораман, — деди.

58Исо ўша одамга шундай деди:

58— Тулкиларнинг уялари бор, қушларнинг инлари бор. Инсон Ўғлининг эса бош қўядиган жойи йўқ.

59Бошқа бир одамга Исо: — Ортимдан юр! — деди. Лекин у: — Ҳазрат, ижозат беринг, аввал бориб отамни дафн қилиб келай, — деди.

60Исо эса ўша одамга айтди:

60— Марҳумларни руҳан ўлик бўлганлар дафн қилсинлар, сен эса бориб, Худонинг Шоҳлигини эълон қилгин.

61Яна бошқа бири айтди: — Ҳазрат, мен Сизга эргашаман. Фақат олдин бориб уйдагилар билан хайрлашишимга ижозат беринг.

62Лекин Исо унга деди:

62— Омочни тутиб, ортига қараган биронта одам Худонинг Шоҳлигига лойиқ эмас.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>