Марк 13:1-37 UZV2013 - Bible AI

1Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда шогирдларидан бири: — Устоз, қаранг, нақадар улкан тошлар, нақадар ҳашаматли бинолар! — деди.

2Исо унга:

2— Бу ҳашаматли биноларни кўряпсанми? Буларнинг ҳаммаси шунчалик вайрон бўладики, тош устида турган тош қолмайди, — деди.

3Исо Зайтун тоғида, Маъбаднинг рўпарасида ўтирган вақтда Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис Ундан алоҳида сўрадилар:

4— Бизга айтинг–чи, бу айтганларингиз қачон юз беради? Тез орада содир бўлишини нимадан билсак бўлади?

5Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!

6Кўп кишилар ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Ўшаман”, — деб кўпларни йўлдан оздирадилар.

7Сизлар уруш садоларини ва узоқдан келган уруш хабарларини эшитганингизда, чўчиманглар. Булар албатта содир бўлади, аммо бу ҳали охири дегани эмас.

8Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда зилзилалар, қаҳатчиликлар бўлади. Бу ҳодисалар эса бамисоли тўлғоқнинг бошланишидир.

9Сизлар эса ўзингизга эҳтиёт бўлинглар. Чунки сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда урадилар. Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурида турғизиб қўядилар, сизлар эса Менинг шоҳидларим бўласизлар.

10Аммо охират келишидан олдин, Хушхабар ҳамма халқларга эълон қилиниши лозим.

11Сизларни қўлга олиб, маҳкамага топширганларда, нима айтамиз, деб олдиндан хавотир олманглар. Ўша соатда сизларга нима берилса, ўшани айтинглар. Чунки ўшанда сизлар эмас, балки Муқаддас Руҳ гапиради.

12Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.

13Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади.”

14Кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг ман этилган жойга ўрнатилганини кўрганингизда (ўқиган тушуниб олсин!), Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.

15Томнинг устида бўлганлар пастга тушиб, уйидан бирон нарса олиб келиш учун уйига киришмасин.

16Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.

17У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!

18Қочишингиз қишга тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.

19Чунки ўша кунларда шундай азоб–уқубатлар бўладики, Худо дунёни яратганидан то ҳозиргача бундай бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.

20Агар Эгамиз ўша кунларни қисқартирмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмас эди. Лекин Худо танлаган одамлари учунгина ўша кунларни қисқартиради.

21Агар ўшанда кимдир сизларга: “Масиҳ мана бу ерда” ёки: “Ана у ерда”, — деб айтса, ишонманглар.

22Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни йўлдан оздириш учун аломату мўъжизалар кўрсатадилар.

23Сизлар эса эҳтиёт бўлинглар. Мен ҳаммасини сизларга олдиндан айтиб қўйдим.

24Аммо ўша кунларда, азоб–уқубатлардан кейин Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади.

25Осмондан юлдузлар қулаб тушади, Самовий кучлар ларзага келади.

26Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли буюк қудрат ва улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

27У фаришталарини ернинг тўрт томонига юбориб, дунёнинг бир бурчагидан бошқа бурчагигача танлаган одамларини тўплаб олади.”

28“Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.

29Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизга етган.

30Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.

31Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

32Ўша кун ёки соат ҳақида Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар.

33Эҳтиёт бўлиб, ҳушёр туринглар, чунки ўша вақт–соат қачон келишини сизлар билмайсизлар.

34Бу худди сафарга жўнаган уй эгасига ўхшайди. У ўз уй–рўзғорини хизматкорларига топшириб, ҳар бирига вазифа бериб, дарвозабонга ҳушёр бўлиб туришни буюриб, жўнаб кетади.

35Худди шу сингари, сизлар ҳам ҳушёр бўлиб туринглар. Чунки уй эгаси қачон келишини — кечқурунми, ярим тундами, хўрозлар қичқиргандами ёки эрталабми — сизлар билмайсизлар.

36Тағин У ногаҳон келиб, сизларни ухлаб ётган ҳолда кўрмасин!

37Сизларга айтганимни ҳаммага айтаман: ҳушёр бўлинглар!”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>