Марк 16:1-20 UZV2013 - Bible AI

1Шаббат куни тугагач, Магдалалик Марям, Ёқубнинг онаси Марям ва Саломия Исонинг жасадига суртиш учун хушбўй мойлар сотиб олдилар.

2Якшанба куни жуда барвақт туриб, тонг ёришганда қабрга бордилар.

3Улар бир–бирига:

3— Қабр оғзидаги тошни биз учун ким ағдариб берар экан–а? — деб айтишарди.

4Қабрга етиб келганларида қарашса, тош аллақачон ағдарилган экан. Тош жуда катта эди.

5Улар қабр ичига кириб, ўнг томонда ўтирган оқ либосли бир йигитни кўрдилар–у, чўчиб кетдилар.

6Йигит уларга: — Қўрқманглар! — деди. — Сизлар хочга михланган Носиралик Исони излаяпсизлар. Исо тирилди! У бу ерда йўқ. Мана Унинг қўйилган жойи!

7Энди бориб, Унинг шогирдлари ва Бутрусга: “Исо сизларни Жалилада кутяпти. Ўзи сизларга айтганидек, Уни ўша ерда кўрасизлар”, деб айтинглар.

8Даҳшатга тушиб, қалтираган аёллар қабрдан чиқиб, қочдилар. Улар қўрққанларидан ҳеч кимга бирон нарса айтмадилар.

9Якшанба куни эрта саҳарда тирилган Исо биринчи бўлиб Магдалалик Марямга зоҳир бўлди. У бу аёлдан еттита жинни қувиб чиқарган эди.

10Марям бориб, Исонинг аза тутиб йиғлаётган шогирдларига хабар етказди.

11Бироқ улар Исонинг тирик эканлигини ва Марям Уни кўрганлигини эшитсалар ҳам, ишонмадилар.

12Шундан кейин Исо йўлда бир қишлоқ томон кетаётган иккита шогирдига бошқачароқ қиёфада кўринди.

13Улар эса қайтиб келиб, бошқаларга хабар етказишди, лекин уларга ҳам ишонмадилар.

14Ниҳоят, Исо Ўзининг еб–ичиб ўтирган ўн бир шогирдига зоҳир бўлди. Исо шогирдларини имонлари заифлиги ва қайсарлиги учун койиди, чунки улар Исони тирилган ҳолда кўрган одамларга ишонмаган эдилар.

15Исо шогирдларига деди: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Хушхабарни эълон қилинглар.

16Кимки Хушхабарга ишониб, сувга чўмдирилса, нажот топади. Ишонмаган эса маҳкум бўлади.

17Қуйидаги аломатлар имонлиларга ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар. Янги тилларда сўзлайдилар.

18Қўлларига илон олсалар ҳам, заҳар ичсалар ҳам, уларга зарар етмайди. Хасталарга қўлларини қўйганда, улар соғайиб кетади.”

19Раббимиз Исо шогирдларига буларни айтиб бўлгач, осмонга кўтарилди. У Худонинг ўнг томонига ўтирди.

20Шогирдлар эса кетиб, ҳамма ёқда Хушхабарни ваъз қилиб юрдилар. Раббимиз шогирдларига куч ато қилиб, аломатлар орқали уларнинг сўзларини тасдиқлар эди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>