Марк 7:1-37 UZV2013 - Bible AI

1Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим Таврот тафсирчилари Исонинг ёнига йиғилиб келдилар.

2Исо шогирдларининг баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари билан нон еяётганларини улар кўриб қолдилар.

3Фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота–боболарининг урф–одатини сақлаб, қўлларини яхшилаб ювмай ҳеч овқат емайдилар.

4Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, коса, товоқ, қозон ва сўрини ювиш каби кўпгина удумларга риоя қиладилар.

5Шундай қилиб, фарзийлар ва тафсирчилар Исодан сўрадилар: — Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболарингизнинг урф–одатини сақлашмайди? Нима учун ҳаром қўллари билан нон ейишади?

6Исо уларга шундай жавоб берди: — Ишаёнинг башорати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади, у ерда ёзилганки:
“Бу халқ Мени тилдагина иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир.

7Улар Менга беҳуда сажда қиладилар, Инсон яратган қоидаларни илоҳий қонун деб ўргатадилар.”

8Сизлар Худонинг амрларини йиғиштириб қўясизлар, инсоний урф–одатларга эса ёпишиб оласизлар.

9Исо яна уларга деди: — Ҳа, сизлар урф–одатларингизни сақлаш учун, Худонинг амрларини четлаб ўтишнинг зўр йўлини топгансизлар!

10Мусо aйтган эди: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин.”

11Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: oдам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога қурбон (яъни Худога инъом қилинган)”, деб айтиши мумкин.

12Шундан кейин ўша одамнинг отасига ёки онасига яхшилик қилишига сизлар йўл қўймайсизлар.

13Шу тариқа сизлар ўзларингиз ўрнатган урф–одатларингиз орқали Худонинг каломини бекор қиласизлар. Сизлар бунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар.

14Кейин Исо бутун халқни яна ёнига чақириб, деди: — Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!

15[15-16] Ташқаридан инсон ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмайди. Аксинча, инсон ичидан чиқадиган нарса уни ҳаром қилади [1].

17Исо халойиқ орасидан чиқиб уйга кирди, шогирдлар Ундан: “Ҳалиги айтганларингизни тушунтириб беринг”, деб илтимос қилишди.

18Исо уларга деди:

18— Сизлар ҳам шунчалик бефаҳммисизлар?! Ташқаридан инсоннинг ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини англамайсизларми?

19Бу нарсалар инсоннинг қалбига эмас, қорнига киради ва керак жойдан чиқиб кетади.

19Исо бу гаплари билан ҳамма егуликлар ҳалол эканини эълон қилди.

20У яна деди: — Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади.

21Чунки ичдан, яъни инсон қалбидан ёмон фикрлар, зино, ўғирлик, қотиллик,

22фаҳш, очкўзлик, фосиқлик, маккорлик, шаҳват, ҳасад, туҳмат, манманлик ва нодонлик чиқади.

23Ана шу ёмонликларнинг ҳаммаси инсоннинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади.

24Исо у ердан чиқиб, Тир ҳудудига кетди. Бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди, лекин яширина олмади.

25Қизалоғини ёвуз руҳ чалган бир аёл Исо ҳақида эшитиб қолди–да, тез келиб, Унинг оёғига йиқилди.

26Бу аёл Суриянинг Финикия ўлкасида туғилган бўлиб, яҳудий эмас эди. У: “Қизимдан жинни қувиб чиқаринг”, — деб Исодан ёлвориб сўради.

27Бироқ Исо унга:

27— Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.

28— Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам болаларнинг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.

29Исо унга: — Мана шу гапинг учун Сенга ёрдам бераман. Энди кетавер. Қизингдан жин чиқиб кетди, — деди.

30Аёл уйига борганда, қизини жиндан қутулиб, тўшакда ётган ҳолда кўрди.

31Исо Тир ҳудудидан чиқиб, Сидонга борди. Сўнг Жалила кўли бўйларидан ўтиб, Декаполисга борди.

32Айрим одамлар Исонинг олдига зўрға гапирадиган бир кар одамни олиб келиб, унга қўл теккизишини сўрашди.

33Исо у одамни халойиқ орасидан бир четга олиб чиқди, сўнг Ўз бармоқларини унинг қулоқларига тиқиб қўйди. Сўнг тупуриб, сўлагини ўша одамнинг тилига теккизди.

34Кейин осмонга қараб, чуқур хўрсинди–да, унга:

34— Эффатаҳ! — деди. Бу сўзнинг таржимаси “Очил!” демакдир.

35Шу онда у одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди, равонгина гапира бошлади.

36Исо у ердагиларга, буни ҳеч кимга айтманглар, деб буюрди. Бироқ Исо одамларга қанча ман этса ҳам, улар бу ҳодисани янада кўпроқ ёйишарди.

37Улар ҳаддан ташқари ҳайратда қолиб, шундай дейишарди: “У ҳамма нарсани яхши қилади, карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қилади.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>