Марсия 1:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Вой шўрим! Одамларга тўлиб–тошган бир вақтлар, Нақадар ёлғиздир энди бу шаҳар! Халқлар орасида шуҳрат қозонган, Энди бир бева аёлга у ўхшаб қолган. У вилоятлар орасида маликадай эди, Энди у бир чўрига ўхшаб қолди.

2Кечалари у аччиқ–аччиқ йиғлайди, Кўзларидан ёшлар оқади. Уни юпатадиган бирон кимса Йўқдир ўйнашларининг орасида. Дўстлари унга хиёнат қилишди, Унга душман бўлиб қолишди.

3Яҳудо халқи сургун бўлиб, азоблар тортди, Тутқунликнинг машаққатини у тотиб қўрди. Бегона халқлар орасида ўрнашганда, Ўзига ором топа олмади. У танг аҳволга тушиб қолганда, Таъқиб этувчилар уни қўлга олди.

4Қуддусга борадиган йўллар тутяпти мотам, Ахир, белгиланган байрамларга келмас бирор ҳам одам. Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари ҳувиллаб қолди, Руҳонийлари xўрсиниб ўтирибди. Қуддусдаги қизлар қайғуга ботган, Қуддуснинг ўзи ҳам изтиробда қолган.

5Қуддусга душманлари бош бўлди, Унинг ғанимлари равнақ топди. Қуддус беҳад кўп гуноҳ қилди, Шу сабабдан Эгамиз уни азобга солди. Қуддуснинг фарзандлари сургун қилинди, Ғанимлари уларни олиб кетди.

6Қиз Қуддус ўз савлатини йўқотди. Йўлбошчилари ўтлоқ топа олмаган кийикка ўхшайди. Овчидан қочишга уларнинг мадори қолмади.

7Кулфату саргардонлик кунларда, Қуддус олдинги ҳазиналарини эслади. Унинг аҳолиси душманларга таслим бўлганда, Қуддусга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди. Ғанимлар унинг қулашини томоша қилиб, Қуддусни масхара қиларди.

8Ҳа, Қуддус жирканч гуноҳга қўл урди, Атрофдагиларга у кулги бўлди. Олдин уни эъзозлаган ҳаммалар Энди ундан ҳазар қиладилар. Қуддуснинг шармандалигини улар кўрдилар. Мана энди, Қуддус хўрсиниб ўтирибди, Ҳаммадан юзини яшириб ўтирибди.

9Унинг нопоклиги кийимини доғ қилди, Келажаги ҳақида у қайғурмади. У даҳшатли тарзда қулади, Унинг юпатувчиси йўқ эди. У шундай деб ёлворди: “Кулфатимга бир назар солгин, эй, Эгам, Зеро, душманларим ғолиб келди устимдан!”

10Ғанимлар Қуддус хазиналарига чанг солди. Қуддуснинг кўзи олдида Бегона халқлар муқаддас маконга кирди. Аммо Эгамиз ўша ғайрияҳудийларга Ҳатто Исроил жамоасида бўлишни ман этганди!

11Мана энди, шаҳардаги ҳамма одамлар хўрсиняпти, Бир бурда нонни излаб юрибди. Улар бойликларини сотиб, овқат олишяпти, Шу йўсин ўз жонларини сақлашяпти. Қуддус шундай деб ёлвормоқда: “Эй Эгам, менга бир боққин, Хор бўлганимни кўриб қўйгин!”

12Қуддус ўтган–кетганларга хитоб қилади: “Наҳотки сизларга бари бир бўлса?! Менга бир қаранглар! — деб ёлворади. — Эгамиз ғазаб кунида менга азоб берган, Бундай азобни ҳеч ким кўрмаган.

13У осмондан олов юборди, Ўша олов ичимни ёндирди. Худо оёғимга тузоқ қўйди, Мени ортга қайтишга мажбур қилди. Адойи тамом қилди мени Худойим, Азобу аламда қолди менинг жоним.

14Гуноҳларим бўйинтуруққа айланган, Ўша бўйинтуруқни Худонинг Ўзи ясаган. У гуноҳларимни бўйнимга осди. Мени тамом ҳолдан тойдирди. Раббий берди мени душманларим қўлига, Мен қаршилик қила олмайман уларга.

15Эгам кучли жангчиларимни рад этди, Йигитларимни яксон қилиш–чун лашкар юборди. Бокира қиз Яҳудони Раббий узум эзгандай эзди.

16Шунинг учун мен фарёд қиламан, Кўз ёшимни сел–сел оқизаман. Ахир, юпатувчим мендан узоқда, Жонимга оро кирувчи олисда. Эвоҳ, душманларим мендан ғолиб келди, Фарзандларим хонавайрон бўлди.”

17Қуддус қўлларини чўзиб ёрдам сўрайди, Бироқ ҳеч ким уни юпатмайди. Эгамиз қўшни халқларга амр берди, Шунда ҳаммаси Ёқуб наслига душман бўлиб қолди. Душманларининг назарида Қуддус ахлатдай жирканч бўлиб қолди.

18Қуддус айтмоқда: “Ҳа, менинг Эгам ҳақ, Ахир, ўзим Унинг амрига қарши бош кўтардим. Эй халқлар, менга қулоқ солинг, Менинг кулфатимни кўриб қўйинг. Менинг йигит–қизларим сургун бўлди.

19Мен ўйнашларимни чақирдим, Улар эса мени алдашди. Жонини сақлаш учун нон излаган Руҳонию оқсоқолларим кўчаларда жон берди.

20Эй, Эгам, кўриб қўйгин қайғумни, Кўр тўкилиб турган юрагимни. Эвоҳ, юрак–бағрим эзилиб кетди, Ахир, мен Сенга қарши бош кўтардим. Ана, ташқарида қилич одамларни чопяпти, Ичкарида ўлим ҳукмронлик қиляпти.

21Одамлар оҳу нолаларимни эшитди, Бироқ менинг юпатувчим йўқ эди. Ғанимларим эшитди кулфатларим ҳақида, Хурсанд бўлишди қилган ишингдан шунда. Сен эълон қилган ўша кунингни келтиргин, Душманларим ҳам менинг ҳолимга тушсин.

22Назарингдан қочмасин уларнинг қилган қабиҳликлари, Гуноҳим–чун мени жазолагандай жазолагин уларни. Кўпдир менинг оҳу нолаларим, Ҳеч ҳам қолмади менинг мадорим.”