Марсия 2:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Вой шўрим! Раббимиз ғазабланиб, Қиз Қуддусни зулмат билан қоплади, У Исроилнинг салобатини Осмондан ерга улоқтирди. Аччиқ қаҳри келганда, Ўз пойандози бўлган Маъбадини эсга олмади.

2Раббий аёвсиз вайрон қилди Ёқуб наслининг масканларини. Ғазаби келиб яксон қилди Қиз Яҳудонинг қалъаларини. Оёқ ости қилиб, хўрлади Шоҳлик ва унинг ҳукмдорларини.

3У қаттиқ ғазабга миниб, Исроилнинг бор қудратини йўқ қилди. Ғанимлар ҳужум қилганда, Ўз халқини ҳимоя қилмади. Авжига чиққан олов каби, Ёқубнинг юртини ёндириб юборди.

4У ғанимдай бизга қарата ёйини тортди, Ўқ узишга Унинг қўли тайёр турарди. У душмандай келишган йигитларимизни ўлдирди. Қиз Қуддуснинг чодирларига оловдай қаҳрини сочди.

5Раббий душманга ўхшаб қолди, Исроил юртини вайрон қилди. Хароб қилди барча саройларини, Яксон этди Исроил қалъаларини. Қиз Яҳудога келтирди ғам–ғусса, Унинг қайғусини орттирди минг ҳисса.

6Боғдаги чайлани йиқитгандай, Маъбадини У бузиб ташлади. Қуддусдаги байрам ва Шаббат кунларни Эгамиз бекор қилди. Шоҳлар ва руҳонийларни Ғазаб устида рад этди.

7Раббий Ўз қурбонгоҳидан воз кечди, Ўз масканини ташлаб кетди. Қуддус саройларини ёвнинг қўлига берди. Эгамиз уйидаги ёвнинг ҳайқириғи Байрамдаги шодон овозларга ўхшайди.

8Ҳа, Эгамиз қиз Қуддуснинг деворларини Вайрон этишга қарор қилди. Деворларга бирма–бир қараб чиқди, Шаштидан қайтмади, ҳаммасини яксон қилди. Энди қалъаю деворлар қайғуряпти, Ҳаммаси хароб бўлиб ётибди.

9Қуддус дарвозалари тупроққа беланиб ётибди, Дарвоза тамбалари парчаланиб ётибди. Шоҳу амалдорлари сургун бўлишди, Қонунлар халққа ўргатилмас энди. Эгамиздан келган ваҳийларни Пайғамбарлар энди кўрмайди.

10Қиз Қуддуснинг оқсоқоллари Сукут сақлаб ерда ўтирибди. Бошларидан улар тупроқ сочган, Ўзлари қанорга ўранган. Бошларини солиб қуйи Ўтирибди Қуддус қизлари.

11Йиғлайвериб кўзларим толган, Ичимда юрагим тўкилиб кетган. Жигар–бағрим эзилиб кетди, Ахир, менинг халқим қирилиб кетди! Оч қолган гўдагу чақалоқлар Шаҳар кўчаларида ҳушсиз ётибди!

12“Қорним очди! Чанқадим!” деб Оналарига улар фарёд қилар. Ярадор жангчидай шаҳар кўчаларида ҳушсиз ётишар. Оналарининг бағрида жон таслим этишар.

13Сен ҳақингда нима айтай?! Сени кимга солиштирай, эй қиз Қуддус? Нима деб юпатай?! Сени кимларга ўхшатай, эй бокира қиз Сион? Денгиздай чексиздир сенинг кулфатинг, Энди шифо бера олмас сенга ҳеч ким!

14Сенинг пайғамбарларинг Ёлғон ва беҳуда ваҳийлар айтишди. Гуноҳларингни фош қилмай, Сургуннинг олдини олишмади. Ёлғон башоратлар айтиб, Сени йўлдан оздиришди.

15Ўтган–кетганлар сендан ор қилиб, Қўл силтаб кетадилар. Ёқасини ушлаб, бошларини чайқайдилар, Эй қиз Қуддус, сени мазах қилиб шундай айтадилар: “Гўзалликда комил шаҳарми шу?! Бутун дунёнинг севинчимиш у!”

16Барча ёвларинг устингдан кулади, Ҳолингни кўриб ёқасини ушлайди. Тишларини ғижирлатиб айтишади: “Биз уни ямладик! Воҳ, қандай интизорлик билан Бу кунни кутган эдик! Ниҳоят, ўша кунга етдик!”

17Эвоҳ, Эгамиз Ўз режаларини амалга оширди, Ўз айтганларини битта қолдирмай бажарди. Азалдан огоҳлантириб келгандай Сизларни аёвсиз қириб ташлади. Ғанимларнинг қудратини юксалтирди, Ҳолингиздан душманларни хурсанд қилди.

18Шахар аҳлининг қалби Раббийга фарёд қилмоқда, Эй, қиз Қуддуснинг деворлари! Кўз ёшингиз кечаю кундуз дарё бўлиб оқсин. Ўзингизга тиним берманг, Кўз ёшингизни асло тўхтатманг!

19Тур, эй қиз Қуддус! Кечаси билан Худога илтижо қилиб чиққин! Юрагингни Раббийга сувдай тўкиб солгин! Қўлларингни узат осмонга, Фарзандларинг учун ёлворгин Унга! Ахир, улар очликдан ҳушсиз ётибди Ҳар бир кўчанинг бошида.

20Шундай ибодат қилгин: “Эй Эгам, кўрмайсанми буни: Не кўйларга солиб қўйдинг Сен халқингни?! Оналар эркалатиб ўстирган фарзандларини ейишяпти–ку! Руҳонию пайғамбарлар масканингда қирилиб кетяпти–ку!

21Ёшу қариларнинг жасадлари кўчада чангга беланиб ётибди. Қилич туфайли йигиту қизларим жувонмарг бўлди. Сен ғазабинг чиққан куни уларни ҳалок қилдинг, Аёвсиз уларни қириб ташладинг.

22Менга қарши йиғдинг Сен теваракдаги ёвларни, Гўё зиёфатга чақиргандай таклиф қилдинг уларни. Ўша куни Сенинг ғазабингдан ҳеч ким қутилолмади, Бирор одам ўз жонини сақлаб қололмади. Эвоҳ, эркалаб ўстирган болаларимни Душманларим ўлдирди.”