1Эй Эгам, бошимизга тушган кўргиликни ёдингда тутгин, Қанчалик хор бўлганимизни бир кўриб қўйгин!
2Мулк қилиб олган еримиз ажнабийлар қўлига тушди, Келгиндилар уйларимизга эга бўлишди.
3Отасиз етимдай бўлиб қолдик биз, Бевага ўхшаб қолди оналаримиз.
4Биз ичган сувимизга пул тўлаймиз, Ёққани ўтинни сотиб оламиз.
5Ёвларимиз таъқиб қилиб, қўймас бизни ҳолимизга, Чарчаб кетдик, тиним йўқ бизга.
6Тўйгунча нон еймиз деб, Миср ва Оссурия билан биз сулҳ туздик.
7Аждодларимиз гуноҳ қилиб, ўтиб кетди, Аммо уларнинг жазосини биз тортяпмиз энди.
8Бизга ҳукмронлик қилаётир қуллар, Улар зулмидан бизни ким қутқарар?!
9Нон излаймиз, жонимизни қўйиб хавф остига, Чунки каллакесарлар писиб ётибди далаларда.
10Очарчилик дастидан чиққан иссиғимиз, Тандирдай қизиган бизнинг баданимиз.
11Ғанимларимиз Қуддусда аёлларни зўрлашди, Яҳудо шаҳарларида қизларнинг номусига тегишди.
12Қўлларидан осишди йўлбошчиларимизни, Хор қилишди оқсоқолларимизни.
13Йигитлар тегирмон тошини тортяпти, Ўғлонлар оғир ўтин остида гандираклаб қолди.
14Шаҳар дарвозасида оқсоқоллар ўтирмайдиган бўлди, Йигитлар шодон куйлар чалмайдиган бўлди.
15Кўнглимизни шодлик тарк этди, Ўйин–кулгимиз азага айланди.
16Бошимиздаги тожимиз тушиб кетди, Гуноҳ қилдик! Шўримиз қуриди!
17Дарду аламга тўлди юрагимиз, Йиғлайвериб хиралашди кўзимиз.
18Ахир, Сион тоғи ҳувиллаб қолди, Чиябўрилар у ерда изғиб юрибди.
19Сен эса, эй Эгам, абадий ҳукмронлик қиласан, Авлодлар оша Ўз тахтингда ўтирасан.
20Нечун бизни Сен тамом унутдинг? Нечун узоқ вақтга ташлаб қўйдинг?
21Эй Эгам, бизни Ўзингга юз бурдиргин, Токи Сенга қайтайлик. Қадимги улуғворлигимизни тиклагин.
22Наҳотки Сен биздан бутунлай воз кечдинг?! Қаҳру ғазабингнинг ҳад–поёни бордир, ахир!