Матто 14:1-36 UZV2013 - Bible AI

1Шу орада вилоят ҳукмдори Ҳирод Исо тўғрисидаги хабарларни эшитиб,

2амалдорларига деди:

2— Бу Яҳё чўмдирувчи эканлиги аниқ! У тирилиб келган, шунинг учун мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга.

3Унинг бу гапни айтишига сабаб шу эди: бундан анча вақт олдин Ҳирод Яҳёни ҳибсга олганди. У ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродия дастидан Яҳёни кишанлаб, зиндонга ташлаган эди.

4Чунки Яҳё унга: “Бу хотин билан яшашингиз қонунга зид”, — деб айтар эди.

5Ҳирод Яҳёни ўлдиришни хоҳлаган бўлса–да, халқдан қўрққан эди. Чунки одамлар Яҳёни пайғамбар деб билишарди.

6Хироднинг туғилган куни бўлганда, Хиродиянинг қизи ўртага чиқиб рақсга тушди. Қизнинг рақси Хиродга шунчалик ёқдики,

7Хирод унга: “Онт ичаман, сўраган нарсангни муҳайё қиламан”, деб ваъда берди.

8Қиз эса онасининг гапига кириб:

8— Менга Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беринг! — деди.

9Шоҳ айтган гапидан афсус чекди, аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини бажаришни буюрди.

10У зиндонга одам юбориб, Яҳёнинг бошини олдирди.

11Унинг бошини лаганда келтириб қизга бердилар, қиз эса онасига олиб бориб берди.

12Яҳёнинг шогирдлари келиб, устознинг жасадини олдилар, уни дафн этдилар. Сўнг бориб, Исога хабар бердилар.

13Яҳё ҳақидаги хабарни эшитгандан кейин, Исо қайиққа тушиб, ёлғиз Ўзи кимсасиз жойга сузиб кетди. Оломон эса бу ҳақда эшитиб, шаҳарлардан пиёда Унинг орқасидан эргашишди.

14Исо қайиқдан чиққанда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетиб, хасталарига шифо берди.

15Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди. Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.

16Исо уларга деди: — Кетишларига ҳожат йўқ, сизлар уларга овқат беринглар.

17— Бизда бор–йўғи бешта нон ва иккита балиқ бор, — деб жавоб берди шогирдлар.

18— Ўша нарсаларни Менга олиб келинглар, — деди Исо.

19У одамларга майсалар устига ўтиришни буюрди. Сўнг бешта нон билан иккита балиқни олди–да, осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. У нонларни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлар нонларни одамларга тарқатишди.

20Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғиб олишганда, тўла ўн икки сават чиқди.

21Аёллар ва болаларни ҳисобга олмаганда, тахминан беш мингга яқин одам нон еган эди.

22Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.

23У одамларни кетқизиб юборгандан кейин, ибодат қилиш учун бир Ўзи тепаликка чиқди. Оқшом тушди, У ҳамон ўша ерда ёлғиз эди.

24Қайиқ эса қирғоқдан анча узоқлашиб қолганди. Шамол қайиққа қарши эсаётгани учун, тўлқинлар қайиққа келиб уриларди.

25Эрта саҳарда Исо кўл устида юриб, шогирдлари ёнига келди.

26Шогирдлар эса кўл юзида юриб келаётган Исони кўриб, қаттиқ ваҳимага тушишди. Қўрққанларидан:

26— Бу арвоҳ–ку! — деб бақириб юборишди.

27Лекин Исо ўша заҳоти уларга:

27— Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.

28Шунда Бутрус:

28Ҳазрат, агар ҳақиқатан бу Сиз бўлсангиз, амр беринг, мен сув устида юриб Сизнинг олдингизга борай, — деди.

29Исо:

29— Кел! — деди. Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юрганча Исо томон йўл олди.

30Аммо шамолнинг кучли эканлигидан қўрқиб кетди. У сувга чўка бошлаб:

30— Ҳазрат, мени қутқаринг! — деб бақирди.

31Исо шу заҳоти қўлини чўзиб, Бутрусни ушлади–да:

31— Эй имони суст, нега иккиландинг?! — деди.

32Улар қайиққа тушганларидан кейин, шамол тинди.

33Қайиқдагилар Исога сажда қилиб:

33— Сиз ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлисиз! — дедилар.

34Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар.

35У ердаги одамлар Исони танидилар ва атрофга хабар юбориб, ҳамма хасталарни Исонинг олдига олиб келдилар.

36Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топишарди.