Матто 15:1-39 UZV2013 - Bible AI

1Қуддусдан фарзийлар ва Таврот тафсирчилари Исонинг олдида келиб, шундай дедилар:

2— Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатларига амал қилмаяптилар? Нега овқатланишдан олдин қўлларини ювмайдилар?

3Исо уларга жавоб бериб деди: — Ўзларингиз–чи? Нега ўз урф–одатингизни деб, Худонинг амрини бузиб юрибсизлар?

4Худо: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин”, деб айтган.

5Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: oдам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога инъом қилинган, — деса,

6— у ота–онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлади.” Шу тариқа сизлар ўз таълимотингиз билан Худонинг каломини бекор қиляпсизлар.

7Сизлар иккиюзламачисизлар! Ишаё пайғамбар сиз ҳақингизда тўғри айтган:

8“Бу халқ Мени тилдагина иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир.

9Улар Менга сажда қиладилар, Аммо саждалари беҳудадир. Чунки улар инсон яратган қоидаларни Илоҳий қонун, деб ўргатадилар.”

10Кейин Исо халқни ёнига чақириб, деди: — Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!

11Оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса инсонни ҳаром қилади.

12Шунда шогирдлар Исонинг олдига бориб дедилар: — Айтган бу гапингиз фарзийларга қаттиқ ботганини билдингизми?

13Исо шундай жавоб берди: Осмондаги Отам ўтқазмаган ҳар қандай ўсимлик илдизи билан суғуриб ташланади.

14Фарзийларга эътибор берманглар. Улар ўзлари кўр ва кўрларга йўлбошчилик қиладилар. Агар кўр одам кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга йиқилиб тушади.

15Шунда Бутрус: — Халққа айтган гапингизни бизга тушунтириб беринг! — деди.

16— Шунчалик ҳам бефаҳм бўласизларми?! — деди Исо. —

17Оғизга кирадиган ҳар бир нарса қоринга ўтиб, керакли жойдан чиқиб кетишини наҳотки тушунмасангизлар?

18Аммо оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана ўшалар инсонни ҳаром қилади.

19Чунки инсон юрагидан ёмон фикрлар, қотиллик, фаҳшу зино, ўғирлик, сохта гувоҳлик ва туҳмат чиқади.

20Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Ювилмаган қўл билан овқат ейиш эса инсонни ҳаром қилмайди.

21Исо у ердан кетиб, Тир ва Сидон ҳудудларига борди.

22Шу ерда яшайдиган бир канъонлик аёл Исонинг олдига келиб, фарёд қилди:

22— Эй Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, менга раҳм қилинг! Қизимни жин чалган, аҳволи ёмон!

23Исо унга бир оғиз сўз ҳам жавоб бермади. Шогирдлари Исонинг олдига келиб, илтимос қилдилар: — Уни жўнатиб юборинг! Ахир, у кетимиздан қолмай, додлаб юрибди.

24Исо эса шундай деди: — Худо Мени фақат Исроил халқининг адашган қўйлари олдига юборди.

25Аёл эса келиб, Исонинг олдига тиз чўкди–да: — Ёрдам беринг, Ҳазрат! — деб ёлворди.

26Исо эса:

26— Болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.

27— Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.

28Шунда Исо: — Эй аёл, сенинг ишончинг буюк! — деди. — Майли, сен истаганингдай бўлсин. Шу заҳоти аёлнинг қизи соғайиб қолди.

29Исо у ердан чиқиб, Жалила кўли бўйлаб кетди. Сўнг тоққа чиқиб, ўтирди.

30Исонинг олдига бир талай оломон келди. Улар ўзлари билан чўлоқ, кўр, майиб, соқов ва бошқа кўплаб хасталарни олиб келиб, Исонинг оёқлари томонига ўтқиздилар. Исо уларнинг ҳаммасига шифо берди.

31Соқовларнинг гапирганини, майибларнинг соғайганини, чўлоқларнинг юрганини ва кўрларнинг кўзлари очилганини халқ кўриб, ҳайратда қолди. Улар Исроилнинг Худосини олқишладилар.

32Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: — Халққа ачиняпман. Улар уч кундан бери Мен билан бирга, ейишга ҳеч нарсаси йўқ. Уларга овқат бермай жўнатиб юборишни хоҳламайман, йўлда ҳолдан тойиб қолишлари мумкин.

33Шогирдлари Унга: — Шу қадар катта оломонни тўйдириш учун бу кимсасиз жойда қаердан нон оламиз?! — дейишди.

34— Қанча нонларингиз бор? — деб сўради Исо. — Еттита нон ва озгина майда балиғимиз бор, — деди шогирдлар.

35Шундан кейин Исо халққа ерга ўтиришни буюрди.

36Еттита нон ва балиқларни олиб, шукрона дуосини ўқиди. Нон ва балиқларни синдириб, тарқатиш учун шогирдларига берди. Шогирдлар халққа тарқатишди.

37Ҳамма еб тўйди. Ортиб қолган нон бурдаларини йиғишганда, тўла етти сават чиқди.

38Болалар билан аёлларни ҳисобга олмаганда, нон еганларнинг сони тўрт мингта эди.

39Шундан кейин Исо одамларга кетишга ижозат берди, Ўзи эса қайиққа ўтириб, Магадан ҳудудига йўл олди.