Матто 16:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Фарзий ва саддуқий мазҳабидагилар Исонинг олдига келиб, Уни синаб кўриш мақсадида: — Бизга бир мўъжизали аломат кўрсатинг. Шунда Сизни Худо юборганини тан оламиз, — дедилар.

2Исо уларга шундай жавоб берди:

2— Қуёш ботганда, сизлар, осмон қизғиш, ҳаво яхши бўлади, дейсизлар.

3Эрталаб эса, осмон қизил, ҳавонинг авзойи бузуқ, бугун бўрон бўлади, дейсизлар. Сизлар осмоннинг авзойига қараб, об–хавони аниқлай оласизлар–ку! Нега замон аломатларини талқин қила олмайсизлар?!

4Бу қабиҳ ва бевафо насл аломат сўраяпти, аммо уларга Юнус пайғамбарнинг аломатидан бошқа аломат берилмайди.”

4Исо уларни қолдириб кетди.

5Нариги қирғоққа етиб келган шогирдлар ўзлари билан нон олишни унутган эдилар.

6Исо уларга деди:

6Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!

7Шогирдлар ўзларича: “Биз нон олиб келмаганимиз учун У шундай деяпти”, деб муҳокама қила бошладилар.

8Шогирдлар нимани муҳокама қилаётганларини Исо билиб, уларга деди:

8— Эй имони сустлар! Нега сизлар, нонимиз йўқ, деб айтяпсизлар?

9Ҳали ҳам тушунмадингизларми? Беш мингта одамга бешта нонни бўлиб берганим эсингиздами? Ўшанда қолган–қутган нонлар билан қанча саватни тўлдириб олган эдингизлар?

10Ёки еттита нонни тўрт минг кишига бўлиб берганим–чи? Ўшанда, нон бурдалари билан нечта саватни тўлдириб олган эдингизлар?

11Мен сизларга нон ҳақида гапирмаганимни ҳали ҳам англамадингизларми? Мен силарга: “Фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар!” — деб айтяпман.

12Шундан кейин шогирдлар тушундиларки, Исо уларни нонга ишлатиладиган хамиртурушдан сақланиш тўғрисида эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан эҳтиёт бўлиш тўғрисида огоҳлантираётган экан.

13Исо Филип Қайсарияси атрофидаги ҳудудга келди. Ўша ерда У шогирдларидан сўради: — Одамлар Инсон Ўғлини ким деб билади?

14Шогирдлар Унга шундай жавоб бердилар: — Баъзилар Яҳё чўмдирувчи, баъзилар Илёс, баъзилар Еремиё, бошқалар эса, қадимги пайғамбарлардан бири, деб айтиб юрибдилар.

15Исо улардан сўради: — Сизлар–чи, Мени ким деб биласиз?

16Шимўн Бутрус жавоб бериб деди: — Сиз Масиҳсиз, Барҳаёт Худонинг Ўғлисиз!

17Исо Шимўн Бутрусга деди: — Сен бахтлисан, эй Юнус ўғли Шимўн! Ахир, бу сирни сенга инсон эмас, балки осмондаги Отам очиб берган.

18Бутрус, сенга шуни айтай: сенинг исминг қоя–ку! Мана шу қоя устига Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Ҳатто ўлим шоҳлиги ҳам жамоатимга бас кела олмайди.

19Осмон Шоҳлиги калитларини Мен сенга бераман. Ер юзида сен нимани тақиқласанг, осмонда ҳам тақиқланади. Ер юзида сен нимага ижозат берсанг, осмонда ҳам ижозат берилади.

20Бундан сўнг Исо: “Масиҳ эканимни ҳеч кимга айтманглар”, деб шогирдларига қатъий буюрди.

21Шу вақтдан бошлаб, Исо шогирдларига қуйидагиларни очиқчасига тушунтира бошлади: “Мен Қуддусга бориб, оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва Таврот тафсирчилари қўлида кўп азоб чекаман. Мени ўлдиришади, лекин учинчи куни Мен тириламан.”

22Шунда Бутрус Исони четга тортиб, шундай таъна қилди:

22— Худо сақласин, Ҳазратим! Бошингизга асло бундай кунлар келмасин!

23Исо эса Бутрусга қараб: — Йўқол кўзимдан, шайтон! — деди. — Мени йўлдан урма! Сен Худонинг ишларини эмас, инсон ишларини ўйлаяпсан.

24Кейин Исо Ўз шогирдларига деди: — Кимда–ким Менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва хочини кўтариб, орқамдан юрсин.

25Ким ўз жонини асраб қолмоқчи бўлса, уни йўқотади. Ким Мен учун жонини берса, уни асраб қолади.

26Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, ўз жонидан маҳрум бўлса, бундан унга нима фойда?! Инсон ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?!

27Инсон Ўғли Ўз Отасининг улуғворлигида, фаришталари билан келганда, ҳар кимни ўз ишига яраша тақдирлайди.

28Сизларга чинини айтайин: бу ерда турганлардан баъзилари, Инсон Ўғлининг Шоҳ бўлиб келганини кўрмагунча, ўлмайдилар.