Матто 17:1-27 UZV2013 - Bible AI

1Орадан олти кун ўтди. Исо ёнига фақат Бутрус, Ёқуб ва Ёқубнинг укаси Юҳаннони олиб, баланд бир тоққа чиқди.

2У ерда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгарди: юзи қуёшдай порлаб, кийимлари кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.

3Бирданига уларга Мусо билан Илёс зоҳир бўлишди. Улар Исо билан гаплашдилар.

4Бутрус Исога деди:

4Ҳазрат, яхши ҳам шу ерга келган эканмиз! Истасангиз, учта чайла ясайман: биттаси Сизга, биттаси Мусога, биттаси Илёсга.

5У шу гапини тугатмаган ҳам эдики, бирданига оппоқ булут пайдо бўлиб, ҳаммаларига соя солди. Булут орасидан шундай овоз келди: — Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар!

6Шогирдлар овозни эшитганларида, шунчалик қўрқиб кетдиларки, ерга юз тубан йиқилдилар.

7Исо эса келиб, уларга қўл теккизди–да:

7— Туринглар, қўрқманглар! — деди.

8Улар бошларини кўтариб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни кўрмадилар.

9Тоғдан тушаётганларида Исо уларга буюрди: Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингизни ҳеч кимга айтманглар.

10Шогирдлари Ундан сўрадилар: — Нега Таврот тафсирчилари, Масиҳдан олдин Илёс пайғамбар келиши керак, деб айтадилар?

11Исо уларга шундай жавоб берди: — Тўғри, аввало Илёс келиб, ҳамма нарсани тиклаши керак.

12Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган. Аммо одамлар уни танимай, уни хоҳлаганича ҳўрладилар. Худди шунга ўхшаб, Инсон Ўғли ҳам одамлар қўлида кўп азоб чекади.

13Шунда шогирдлар тушундиларки, Исо уларга Яҳё чўмдирувчи тўғрисида гапираётган экан.

14Исо шогирдлари билан оломон олдига келганда, бир одам Исонинг олдида тиз чўкиб:

15— Ҳазрат, — деди, — ўғлимга раҳм қилинг! Унинг тутқаноқ касали бор, қаттиқ азоб чекмоқда. У кўпинча оловга ёки сувга йиқилиб тушади.

16Ўғлимни шогирдларингиз олдига олиб келгандим, аммо улар даволай олмадилар.

17Исо шундай деди: — Эй имонсиз ва бузуқ авлод! Қачонгача сизлар билан бирга бўлишим керак?! Сизларга яна қанча тоқат қилишим керак?! Болани бу ерга олиб келинглар!

18Исо жинга дўқ қилди. Жин боланинг ичидан чиқиб кетди, шу заҳоти бола соғайиб қолди.

19Шогирдлар Исо билан ёлғиз қолганларида, Ундан: — Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик? — деб сўрадилар.

20[20-21] Исо жавоб бериб деди:

20— Етарли имонингиз йўқлиги учун шундай бўлди. Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди [1].

22Исо шогирдлари билан Жалилага қайтиб келгандан кейин, уларга деди: — Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади.

23Уни ўлдиришади, учинчи куни эса У тирилади.

23Шогирдлар ниҳоятда ғамгин бўлиб қолдилар.

24Исо билан шогирдлари Кафарнаҳумга келганларида, Маъбад солиғини йиғувчилар Бутруснинг олдига келиб: — Устозингиз Маъбад солиғини тўламайдими? — деб сўрадилар.

25— Тўлайди! — деб жавоб берди Бутрус. Бутрус уйга келгач, Исо биринчи бўлиб гапирди: — Бутрус, сенинг фикринг қандай? Бу дунё шоҳлари солиқ ва божни кимдан йиғадилар? Ўзиникиларданми ёки бегоналарданми?

26— Бегоналардан–да, — деб жавоб берди Бутрус. — Демак, ўзиникилар солиқдан озод экан–да, — деди Исо. —

27Аммо, уларни норози қилмайлик. Кўлга бориб қармоқ ташла. Биринчи илинган балиқни олиб оғзини очсанг, тўрт дирамлик тангани топасан. Тангани олиб, икковимиз учун солиқ тўла.