Матто 18:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Шу пайт шогирдлар Исонинг олдига келиб: Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади? — деб сўрадилар.

2Исо ёнига бир болани чақирди, уни ўрталарида турғизиб,

3деди:

3— Сизларга чинини айтайин: агар сизлар ўзгармасангиз ва болалардай бўлмасангиз, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар.

4Агар ўзингизни мана шу бола сингари паст тутсангиз, Осмон Шоҳлигида энг каттаси бўласиз.

5Ким шундай бир болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади.

6“Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига чўктирилгани ўзи учун яхшироқ бўлар эди.

7Одамларни йўлдан оздирадиган васвасалар дастидан бу дунёнинг ҳолига вой! Васвасалар албатта келади, лекин васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!

8Агар йўлдан озишингга қўлинг ёки оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташлаб, улоқтириб юбор. Икки қўл ёки икки оёқ билан абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.

9Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юбор. Икки кўзинг билан дўзах оловига тушгандан кўра, бир кўз билан абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.”

10[10-11] “Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар. Сизларга шуни айтай: осмонда уларнинг фаришталари доимо осмондаги Отамнинг жамолини кўриб туради [1].

12Нима деб ўйлайсиз: агар бир одамнинг юзта қўйи бўлсаю, улардан бири адашиб қолса, у тўқсон тўққизини тоғларда қолдириб, адашиб қолганини излаб кетмайдими?!

13Агарда уни топиб олса, сизга чинини айтай: адашмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, шу битта қўй учун у кўпроқ севинади.

14Шу сингари осмондаги Отангиз ҳам бу кичиклардан биронтасининг йўқолиб қолишини истамайди.”

15“Агар биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига боринг. У билан якка ҳолда гаплашиб айбини юзига айтинг. Агар у сизга қулоқ солса, сиз орангиздаги биродарлик ришталарини тиклаган бўласиз.

16Агар сизга қулоқ солмаса, ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки “ҳар бир масала иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.”

17Агар биродарингиз уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айтинг. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни бутпараст ёки солиқчи деб ҳисоблаб, у билан алоқани узинг.

18Сизларга чинини айтайин: ер юзида сизлар нимани тақиқласангизлар, осмонда ҳам тақиқланади. Ер юзида сизлар нимага ижозат берсангизлар, осмонда ҳам ижозат берилади.

19Сизларга яна шуни ҳам айтай: ораларингиздан иккитангиз якдил бўлиб бирон нарса учун ибодат қилсангизлар, осмондаги Отам тилагингизни бажаради.

20Қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан.”

21Шундан кейин Бутрус келиб Исога деди: “Ҳазрат, агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, уни неча марта кечирай? Етти мартами?”

22“Сизларга шуни айтай: етти марта эмас, — деди Исо, — балки етмиш карра етти марта.

23Шу сабабли Осмон Шоҳлигини бир шоҳга қиёслаш мумкин. Бу шоҳ ўз хизматкорлари билан ҳисоб–китоб қилмоқчи бўлибди.

24Ҳисоб–китобни бошлаганда, унинг ҳузурига минг–минглаб тилла танга қарздор бўлган хизматкорини олиб келибдилар.

25Лекин қарз тўлашга қурби етмагани учун, шоҳ унга:

25— Ўзингни, хотинингни, болаларингни ва бутун мол–мулкингни сотиб, қарзингни тўлайсан, — деб буюрибди.

26Хизматкор шоҳнинг оёғига йиқилиб:

26— Озгина сабр қилинг, ҳамма қарзимни тўлайман, — дебди.

27Хизматкорига шоҳнинг раҳми келибди. Шоҳ уни қўйиб юбориб, қарзидан кечибди.

28У хизматкор эса ташқарига чиқиб, ўзидан юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб қолибди. Уни ёқасидан олиб: — Қарзингни тўла! — деб бўға бошлабди.

29Шериги эса унинг оёқларига йиқилиб:

29— Озгина сабр қилинг, қарзимни тўлайман, — деб ёлворибди.

30Аммо у кўнмабди:

30— Қарзингни тўламагунингча зиндонда ётасан, — деб шеригини қаматиб қўйибди.

31Бошқа хизматкорлар юз берган воқеани кўриб, хафа бўлибдилар. Шоҳнинг ҳузурига бориб, ҳаммасини айтиб берибдилар.

32Шунда шоҳ хизматкорини ҳузурига чақириб:

32— Эй ярамас хизматкор! — дебди. — Менга ёлворганинг учун барча қарзингдан кечдим.

33Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?!

34Ғазабланган шоҳ хизматкорини зиндонбоннинг қўлига топшириб: — Ҳамма қарзини тўламагунча унга азоб беринглар, — деб буюрибди.

35Хуллас, агар сизлар биродарингизни чин кўнгилдан кечирмасангиз, осмондаги Отам сизларни ҳам шу кўйга солади.”