Матто 19:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Исо бу гапларини тугатгандан кейин, Жалилани тарк этди. У Иордан дарёсининг нариги томонидаги Яҳудия ўлкасига борди.

2Бир талай оломон Исога эргашиб борган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.

3Бир неча фарзийлар Исонинг олдига келдилар ва Уни синамоқчи бўлиб сўрадилар: — Қонунга кўра, эркак киши ҳар қандай сабаб билан ўз хотинидан ажралиши мумкинми?

4Исо уларга шундай жавоб берди: — Наҳотки сизлар: “Азалда Яратувчи одамларни эркагу аёл қилиб яратди”, деган сўзларни ўқимаган бўлсангизлар?

5“Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”

6Бунга кўра, улар энди иккита эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганни бандаси ажратмасин.

7Фарзийлар эса Исога дедилар: — Ундай бўлса, нима учун Мусо, эркак ўз хотинига талоқ хатини ёзиб бериб, жўнатиб юборсин, деб амр берган?

8Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизлар бағритош бўлганларингиз учун, Мусо хотинларингиз билан ажрашишга сизларга рухсат берган, аммо азалда бундай бўлмаган.

9Мен сизларга шуни айтайин: ким хиёнатдан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашиб, бошқасига уйланса, зино қилган бўлади.

10Шогирдлар Исога дедилар: — Агар эркакнинг хотинига нисбатан шундай мажбурияти бўлса, уйланмаган яхшироқ экан–да!

11Исо эса шогирдларига: — Ҳа, бу таълимотимни ҳамма ҳам қабул қилавермайди, — деди. — Бу таълимотим Худо атаган одамларгагина тегишли.

12Баъзи эркакларнинг уйлана олмаслигига айрим сабаблар бор: баъзиларнинг эркаклиги туғма заифдир. Бошқалари эса одамлар томонидан бичилган. Яна бошқалари Осмон Шоҳлиги йўлида уйланишдан воз кечадилар. Бу таълимотни қабул қила оладиган қабул қилсин.

13Исо болаларимизга қўл қўйиб дуо қилсин, деб одамлар Исонинг олдига болаларни олиб келишди. Шогирдлар эса болаларни олиб келган одамларни койидилар.

14Аммо Исо деди:

14— Болаларга йўл беринглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Зеро, Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.

15Исо болаларнинг бошига қўлини қўйиб дуо қилди, кейин Ўз йўлига кетди.

16Шу маҳал бир киши Исонинг ёнига келиб: — Устоз! Абадий ҳаётга эга бўлишим учун қандай яхши иш қилишим керак? — деб сўради.

17Исо унга деди:

17— Нега Мендан яхши иш тўғрисида сўраяпсиз? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким яхши эмас. Абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишни истасангиз, Худонинг амрларига риоя қилинг.

18— Қайсиларига? — деб сўради у. Исо деди: — “Қотиллик қилманг. Зино қилманг. Ўғирлик қилманг. Ёлғон гувоҳлик берманг.

19Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”, деган амрларга.

20Йигит Унга деди: — Буларнинг ҳаммасига амал қилиб келаман. Яна нима қилишим керак?

21Исо йигитга айтди: — Агар комил бўлишни истасангиз, бориб, мол–мулкингизни сотиб, пулини камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади. Кейин келиб, Менга эргашинг.

22Йигит бу сўзларни эшитиб, ғамгин бўлиб қайтиб кетди, чунки унинг мол–мулки кўп эди.

23Исо шогирдларига деди: — Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади.

24Сизларга яна шуни айтай: бойнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир.

25Шогирдлар буни эшитиб, ғоят ажабланишди ва: — Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан? — дейишди.

26Исо уларга кўз тикиб деди: — Инсон учун бу имконсиздир, лекин Худо учун ҳамма нарсанинг имкони бор.

27Шунда Бутрус деди: — Мана, биз уй–жойимизни ташлаб, Сизнинг орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига нима оламиз?

28Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизга чинини айтайин: ҳамма нарса янгиланганда ва Инсон Ўғли Ўзининг улуғвор тахтида ўтирганда, Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.

29Мен учун уй–жойини, ака–укаларини, опа–сингилларини, ота–онасини, болаларини ёки ер–мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини олиб, абадий ҳаётга эга бўлади.

30Аммо биринчи бўлганларнинг кўплари охирги бўладилар, охиргилар эса биринчи бўладилар.